Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2015-2017 йиллар учун “Минтақавий келишув” асосида вилоятда ижтимоий шериклик йўналишида кўплаб ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Ижтимоий шериклик поғоналаридан бири бўлмиш, корхона (ташкилот, муассаса) миқёсида амалга оширилаётган ишлар салмоғи йилдан йилга ортиб бормоқда. Статистик ҳисоботларга кўра 2015 йилда касаба уюшмаси хизматига олинган 9677 та юридик шахсларнинг 9584 таси (99,04 %) жамоа шартномалари билан қамраб олинган бўлиб, улар орқали жами 342397 нафар ишловчилардан 341434 нафарининг (99,72 %) манфаатлари қамраб олинди. Касаба уюшмаси хизматига олинган юридик шахсларнинг жамоа шартномалари билан қамраб олиш 2014 йилга нисбатан 1,5 фоизга ошди. Бунга асосан нодавлат секторидаги касаба уюшмаси хизматига олинган юридик шахсларда ҳам жамоа шартномаси тузилишига катта эътибор қаратилиши натижасида эришилмоқда.
2015 йилда вилоят бўйича барча мулкчилик шаклларига мансуб корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоа шартномаларининг ҳар бирига ўртача 72 тадан тадбирлар киритилди. Жамоа шартномаларида қабул қилинган жами бандларнинг 96,83 фоизга бажарилишига эришилди.
Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун вилоят бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ 2014 йилда 1825,6 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2015 йилда 1986,8 минг сўмни ташкил этди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 4-моддасига биноан ходимлар учун меҳнат ҳуқуқларининг ва кафолатларининг энг паст даражаси қонунлар билан белгилаб қўйилади.
Қонунлардагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.
Бугунги кунда меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномалари аҳамияти жуда ҳам муҳим ўрни эгаллайди.
Бирлашма Кенгашининг 2016 йил 1-ярим йиллик учун мўлжалланган иш режасига асосан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда иш берувчилар ва кадрлар хизмати ходимларига жамоа шартномасининг мазмун моҳияти, меҳнат муносабатларидаги унинг тутган ўрни ҳақида батафсил тушунча бериш ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ўқув-семинар ташкил қилинди.
Ўқув-семинар 2016 йил 29 апрель куни куни соат 14:00 да Юқоричирчиқ туманидаги “Ўзбекистон” пахта тозалаш корхонаси акциядорлик жамиятида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилди.
Ўтказилган ўқув-семинарда жами 80 нафар – вилоят ҳокимлиги, вилоят Меҳнат бош бошқармаси, вилоят давлат Солиқ бошқармаси, Тошкент вилояти Марказий банки Бош бошқармаси вакиллари, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раҳбарияти, бўлим мудирлари, туман, шаҳар кенгашлари раислари, бошланғич ташкилотлар раислари, вилоят Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, тегишли мутахассислари, туман, шаҳар, ахборот маслаҳат марказлари раҳбарлари ҳамда корхона ва ташкилотлардан иш берувчилар ва кадрлар хизмати ходимлари иштирок этишди.
Ўқув-семинарни кириш сўзи билан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Собиров Шавкат Матрасулович ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Маманов Файзулла Бўриевич очиб бериб, бугунги кунда Минтақавий келишув асосида вилоятда ижтимоий шериклик доирасида олиб борилаётган ишлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоа шартномалари тузиш, айниқса кичик бизнес субъектларини жамоа шартномалари билан қамраб олиш борасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтишди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан “Меҳнат соҳасидаги Халқаро ва Миллий стандартлар тўғрисида” Бирлашма Кенгаши Юридик бўлим мудири Темиров Нодир Рашидович, “Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишда иш берувчининг мажбуриятлари тўғрисида” Бирлашма Кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Мирзаев Ботир Атхамович, “Меҳнат муносабатларини тартибга солишда жамоа шартномаларининг аҳамияти тўғрисида” Бирлашма Кенгаши Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий мафаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Раҳманов Руслан Шавкатович ва “Кичик бизнес субъектлари учун қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган имтиёзлар тўғрисида” Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси маъсул ходими Дилшод Менглиевлар маъруза қилди.
Ўқув-семинар иштирокчилари маърузачилар ва бошқармалар вакилларига ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда саволларга тегишли жавоблар берилди. Ўқув-семинар қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: