23 апрель – Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни. 1616 йил 23 апрелда М.Сервантес, У.Шекспир, Инка Гарсиласо де ла Вега каби сўз усталари оламдан ўтдилар. Бу кун шунингдек, Морис Дроон, Хальдоур Лакснесс, Дж Пла ва Мануел Мехиа Вальехо каби муаллифлар туғилган ёки вафот этган санадир. 1995 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясида инсониятнинг ижтимоий, маънавий ва маданий ривожига муносиб ҳисса қўшган, барчани, айниқса, ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини уйғотган китоблар ва муаллифлар шарафига бу кун Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялаш куни деб қабул қилинди. Бу кунда болалар ва ўсмирлар адабиёти тарғиботчиларига ЮНЕСКОнинг мукофоти ҳам берилади.
Биз китобларни ўқиб, аввало, билим эгаллаймиз, инсоният эгаллаган юксак ютуқлардан хабардор бўламиз. Китоблар туфайли турли халқларнинг бой маданий мероси ва урф-одатларини билиб оламиз.
Ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари инсоний фазилатларга нисбатан меҳр ва муҳаббат уйғотиш, ахборот олиш маданиятини шакллантириш ҳамда мактаб кутубхона фондини бойитиш мақсадида Бўка туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактабида маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган китоблар марафонида юқоридаги фикрлар таъкидлаб ўтилди. “Китобим – офтобим” деб номланган тадбирга ташриф буюрган туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими услубчиси М.Шалабоева ва тумандаги мактабларнинг кутубхона мудирлари 16-мактабнинг кутубхона мудири Л.Жўраевнинг фаолиятини, кутубхонанинг жиҳозланиши, китоб фонди, меъёрий ҳужжатларнинг юритилишини таҳлил қилишди ва кутубхона мудири фаолиятига ижобий баҳо беришди.
Тадбир сўнггида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастурига навбат берилди. Дастурни мактаб директори Т.Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берар экан, китоб – умримиз йўлларини ёритиб берадиган чироғ, тафаккуримизни чархлаб, маънавий дунёмизни бойитиб берувчи манбадир, – дея таъкидлаб ўтди. Ўқувчилар китоб ҳақида, илм олишнинг афзалликлари ҳақида шеърлар айтишди, шўх, жозибали рақсларга тушишди. Бадиий асарлардан саҳна кўринишлари намойиш этилди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Бўка туман кенгаши томонидан иштирокчиларга касаба уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.
Ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар, ташриф буюрган меҳмонлар ўзлари келтирган китобларини мактаб кутубхонасига совға қилишди. Шу куни мактаб кутубхонаси 200 га яқин бадиий адабиётлар билан бойиди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: