Ҳаваскор велоспортчилар баҳси шиддатли ва муросасиз курашларга бой бўлди

Yangiliklar

IMG_3288

Таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш, спорт-соғломлаштириш тадбирлари орқали улар саломатлигини тиклашга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг 23 апрель куни Зафар шаҳарчасидаги марказий стадионда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Бекобод туман Кенгаши томонидан ҳаваскор велоспортчилар ўртасида “Касаба-Тур” веломарофони ўтказилди. Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган мазкур веломарофонда 60 нафардан ортиқ соҳа ходимлари қатнашдилар.

— Аҳоли ва ёшларни спортнинг жисмоний тарбия ҳамда оммавий турларига қизиқишини ошириш ва шу йўл билан уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилиб келинаётган веломарофон баҳсларида иштирокчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётганлиги бизни қувонтиради, — дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба ушмаси туман Кенгаши раиси Шавкат Деҳқонов. – Ўз навбатида иштирокчиларимизга ўзлари фаолият юритаётган таълим масканларида, корхона ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда бизга яқиндан ёрдам бераётганликлари учун уларга миннатдорчилик билдираман.

Мусобақани даставвал аёллар бошлаб бердилар. 5000 метр масофага кечган баҳсларда 50-мактаб ўқитувчиси Гулмира Рўзиева 5 дақиқа-ю 50 сония вақт билан марра чизиғини барчадан олдин кесиб ўтишга муваффақ бўлди. Иккинчи ва учинчи натижаларни 40-мактаб ўқитувчиси Ҳамро Тошбоева ҳамда 6-мактаб ўқитувчиси Эътибор Назаровалар кўрсатдилар.

35 ёшдан катта эркаклар баҳсида 6-мактаб ўқитувчиси Саҳобиддин Нурматовга тенг келадиган рақиб топилмади. У маррага 4 дақиқа-ю 38 сонияда етиб келди. 11-мактаб ўқитувчиси Абдумутал Саксонов ва 50-мактаб ўқитувчиси Сафарали Бобобековлар 2- ва 3-ўринга сазовор бўлишди.

Турнирнинг энг шиддатли баҳслари ёш велопойгачилар иштирокида кечди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда Бекобод педагогика коллежи ўқитувчиси Сардор Носиров рақибларини кичик фарқ билан ортта қолдирган ҳолда маррага энг биринчи бўлиб етиб келди. 16-мактаб ўқитувчиси Ғиёс Номозбеков ҳамда 6-мактаб ўқитувчиси Дилшод Ҳасановлар 2- ва 3-ўринларни банд этдилар.

Веломарофон якунида ғолиб ва совриндорлар, турнирда фаол иштирок этган иштирокчилар турли номинациялар бўйича аниқланиб, туман кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирландилар.IMG_3290 IMG_3296 IMG_3304

Print Friendly, PDF & Email