Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар, Бастакорлар уюшмалари, Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ҳамкорлигида болалар қўшиқлари, шеърлари ва куйларини яратиш бўйича республика ижодий танлови эълон қилинган эди.
Айни пайтда танловнинг вилоят босқичларида ёшидан қатъий назар, юртимизда фаолият юритаётган бастакорлар, шоирлар, болалар ижодий жамоалари, мусиқа ва санъат мактаблари ижодкорларининг фаол иштироки таъминланиб, уларнинг келажаги порлоқ юрт, истиқлол, бахтли болалик, миллатлар ўртасидаги дўстликни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлари барчада катта таассурот қолдирмоқда.Қибрай туманидаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида 8 апрель куни ўтказилган танловнинг Тошкент вилояти босқичида қатнашчилардаги кўтаринки руҳ, интилиш ва иқтидор яққол кўзга ташланди.
Танловга 650 дан ортиқ шеър, 500 дан зиёд янги қўшиқ ва ижодий ишлар қабул қилинди. Улар туман ва шаҳарлардаги тегишли ташкилий қўмиталар томонидан сараланиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Болалардаги иқтидор, сеҳрли овоз, куйлаётган қўшиқларининг ўзига хос жозибадорлиги туйғуларни жунбушга келтиради. Бундай вазиятда ғолибни аниқлашнинг ўзи бўлмайди. Бир нарсани комил ишонч билан айтиш мумкинки, бу ҳам бўлса, танловда иштирок этаётган умидли ёшлар келажакда, албатта, халқи ва юрти учун хизмат қиладиган етук санъаткорлар бўлиб етишади.
Нуфузли ҳакамлар ҳайъат аъзолари томонидан ғолиблар аниқланди. «Энг яхши шеър» номинациясида Отабек Исроилов «Ким эдигу ким бўлдик» шеъри билан биринчи ўриннни эгаллади. «Энг яхши янги қўшиқ» номинациясида ғолиблик «Ёз» қўшиғини ижро этган Чирчиқ шаҳридаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоасига насиб этди. «Энг яхши ҳисоб шеъри» номинациясида эса Дилнавоз Нажимова «Санашни ўрганамиз» шеъри билан ғолибликка эришди.
— Ёшлигимдан санъатга меҳр қўйганман. Ҳозирда анъанавий қўшиқчилик билан шуғулланаман. Бу йўлда ота-онам барча шароитларни яратиб берган бўлса, унинг сирларини устозим Муса Қулматовдан ўрганаяпман, — дейди Бўстонлиқ туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси, «Энг яхши янги қўшиқ» номинацияси учинчи ўрин соҳиби Самандар Ҳусанов. — Танловда «Халқим» номли қўшиғим билан қатнашдим. Танлов баҳона кўплаб дўстлар орттирдим, тажрибамни оширдим, қолаверса, келажакда етук хонанда бўлишимда ўзига хос бир синов бўлди, деб ўйлайман.
Ғолиблар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши нинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, республика босқичига йўлланма олишди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: