Индустриал-иқтисодий зоналар

Viloyat yangiliklari

9d4108501110100Замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда беқиёс имкониятлар яратмоқда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётига қанот бахш этаётганлиги нафақат халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда, балки дунёдаги энг нуфузли ишлаб чиқарувчиларни ҳам ўзига жалб қилаяпти. Бу эркин бозор шакллари чегара билмаслигини, мақбул шарт-шароит яратилган жойда унинг жадал ривожланишини яна бир карра  исботловчи ёрқин мисолдир.

2014 йил 17 сентябрь куни “Ангрен” махсус индустриал зонасида “Angren shakar” -хорижий корхонаси ўз фаолиятини бошлади ва қисқа муддат ичида Ўзбекистон биржа -бозорида мазкур хўжалик юритувчи субъект томонидан сотилган маҳсулотнинг умумий ҳажми қарийб 700 тоннани ташкил этди. Трейдерларнинг фикрича, биржада янги завод маҳсулотининг пайдо бўлиши туфайли мамлакатимиз ўз ички эҳтиёжини тўлиқ таъминлашга эришди. Чунки Хоразмдаги турдош корхона илгари истеъмолчилар талабининг ярмини қоплаб келар эди.

Юртимизнинг шакар ишлаб чиқарувчи иккинчи корхонаси яйдоқ далада бунёд этилди. Жаҳон тажрибасига кўра, бундай қурилишни якунлашга камида 3 йил кетади. “Angren shakar” эса  20 ойдан ортиқроқ муддатда нафақат тикланди, балки унинг ҳудуди сўлим ҳамда гўзал ошёнга айлантирилди. Анвойи гуллару барқ уриб ўсаётган дарахтлардан баҳридилингиз яйрайди.

Заводга ўрнатилган дастгоҳлар Германиянинг энг машҳур компаниясида ишлаб чиқарилган бўлиб, улар оҳангаронлик, нурободлик ва олмалиқлик ёшлар  измида. Аксарияти касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидир. Бу, ўз навбатида, “ақлли технологиялар” асосида ҳаракатланадиган ускуналарни бошқаришда  қўл келаётир.

— Бизнинг лабораториямизда, — дейди  ёш мутахассис  Феруза Алиева, — Бразилиядан келтирилаётган яримтайёр хом ашёнинг таркибидан тортиб, ундан тайёрланадиган маҳсулот сифатигача ўта аниқ баҳо берилади. Шу боис бугунги кунда заводда ишлаб чиқарилаётган 1000 тонна маҳсулот барча халқаро сифат талабларига тўлиқ мос келади.

Ангрен шаҳрининг кираверишида жойлашган яна бир замонавий корхона ҳам ташқи маҳобати ва кўркамлиги билан киши диққатини тортади. Унинг таъсисчиси — Олмалиқ кон-металлургия комбинати. Бу ерда  совиткич, кондиционер ва радиаторлар тайёрлашда қўлланиладиган 4 миллиметрдан 29 миллиметргача ҳажмдаги мис қувурлари ишлаб чиқарилаяпти. Бунинг учун зарур бўлган асосий хом ашё — мис катоди комбинат томонидан етказиб берилади. Уни қайта ишлаш жараёни эса қуюв цехидан бошланади. Тасаввур қилинг: аввало, катта қозонда икки соат мобайнида обдан қайнатилган катод мис қувурларга, сўнгра навбатдаги мураккаб  технологик ишловлар натижасида 50 дан зиёд хилдаги каттаю кичик ҳажмли тайёр маҳсулотга айланади.

Таъкидлаш керакки, мис қувурларимизнинг экспорт жуғрофияси тобора кенгайиб -бораётир. Айни пайтда Европанинг машҳур компаниялари билан ҳам шартномалар тузилмоқда.

Ҳозирги кунда “Ангрен” махсус индустриал зонасида жами 11 корхона фаолият кўрсатаяпти. Уларда шакар ва мис қувурларидан ташқари, кўчалар ҳамда бинолар учун тежамкор ёритқичлар, кўмир брикетлар, замонавий қурилиш материаллари каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Корхоналарда иш билан банд бўлганлар сони эса бир ярим минг кишига етиб қолди. Умуман олганда, “Ангрен” МИЗ маъмурий кенгаши томонидан 23 та лойиҳа маъқулланган бўлиб, уларнинг қиймати қарийб 458 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Карманадан Қизилтепа томон йўлга чиқар экансиз, бу ерда барча қулайликка эга -замонавий шаҳарча ва дунёга таниқли “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасининг ишлаб чиқариш корхоналарига кўзингиз тушади. Уларнинг бинолари олдида ҳилпираб турган турли давлатларнинг байроқлари юртимиз тадбиркорлари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бораётган хорижий компаниялар географиясини намоён этади: Буюк Британия, Корея Республикаси, ХХР, БАА, Сингапур, Ҳиндистон…

Яхши биласиз, 2008 йил 2 декабрда давлатимиз раҳбарининг “Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Ўтган давр мобайнида бу -ҳудудда 22 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Янги корхоналарда тайёрланаётган маҳсулотлар тури салкам 100 тага етди. Масалан, автомобиллар учун юқори босимли газбаллонлари ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон — Жанубий Корея қўшма корхонасини олайлик. Ушбу завод минтақада ягона бўлган ускуналар билан жиҳозланган ва компьютерлаштирилган тизимда фаолият кўрсатади.

Унинг ёнидаги корхонада тайёрланаётган юқори кучланишга чидамли кабель симлари ҳам ҳар қандай кучли рақобатга дош бера олади. Маҳаллийлаштириш дастурига биноан, ўтган йилнинг ўзида ишлаб чиқариш ўзлаштирилган эмаль симлари, стартёр роторлари, дори-дармонлар, мобиль телефонлари, ноутбук, смартфон ва бошқа электротехника маҳсулотлари ҳақида ҳам шундай фикрни билдириш мумкин.

Эркин индустриал-иқтисодий зона таркибидаги корхоналар томонидан бултур 184,4 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, унинг 5 миллион доллардан ортиқ қисми экспорт қилинди. Бу ишлаб чиқариш ҳажми аввалги йилдагига нисбатан 32 фоиз, экспорт эса уч баробар ўсди, деганидир.

Ҳудудда, шунингдек, қурилиш  ишлари ва гипсокартонларни  монтаж қилишда қўлланиладиган турли ашёлар, полипропилен қувурлар ҳамда уларни улашда фойдаланиладиган қисмлар, транспорт воситалари учун тормоз қисмлари, қуёш иссиқлик панеллари, тикув машиналари, маиший ва электротехника жиҳозлари, гиламлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган қувватлар ҳам мавжуд.

Эътиборли жиҳати, уларнинг ҳаммаси юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар сирасига кирса, яна бир муҳим томони шуки, бугунги кунда Президентимизнинг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги Фармони асосида фаолият юритаётган корхоналарда ҳам тайёрланаяпти.

“Жиззах” махсус индустриал зонаси учун 364 гектар, унинг Сирдарё туманидаги филиалига 108  гектар ер ажратилган. Уларга электр энергияси, газ, сув тармоқлари тортилган бўлиб, барча ички ва ташқи йўллар асфальтланган. Давлат маблағи эвазига яратилаётган бундай инфратузилма объектлари эса инновацион лойиҳалар рўёби учун тагзамин вазифасини ўтайди. Зеро, уларсиз бирор-бир корхона фаолиятини тасаввур этиб бўлмайди. Лекин саноат ҳудудидаги бўш ётган объектларни реконструкция қилиб, замонавий қувватларга айлантириш ҳам осон иш эмас. Хусусан, “Roison Home White Goods” қўшма корхонасининг маъмурий биносини қуриш баробарида, ишлаб чиқариш цехларининг 11 минг квадрат метрлик саҳнида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Пировардида бу ерда турли русумдаги кондиционер, телевизор, совиткич, газплиталари ва бошқа электр жиҳозларини тайёрлаш йўлга қўйилди. Корхона директори ўринбосари Абдулазиз Юнусовнинг қайд этишича, лойиҳанинг умумий қиймати 26,6 миллион долларга тенг бўлиб, дастлабки босқичда 325 минг дона маиший техника ишлаб чиқарилади, кейинги босқичда эса мазкур кўрсаткич икки баравар ортади.

“Master Screw Systems” қўшма корхонасининг биноси ҳам тубдан реконструкция қилиниб, унга замонавий технологик линиялар ўрнатилди. Ўтган йилдан буён бу субъектда иссиқ, совуқ ва оқова сув учун мўлжалланган ўндан ортиқ ўлчамдаги пластмасса қувурлар ҳамда уларни бир-бири билан улашда фойдаланиладиган қисмлар тайёрланмоқда.

— Биз ҳозирги пайтгача улама қисмларнинг 300 дан ортиқ турини, қувурларнинг 24 хилини  ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик, — дейди қўшма корхона раҳбари Шерзод Юнусов. — Маҳсулотларимиз сифатига эса 50 йил кафолат берамиз. Айни дамда бир йилнинг ўзида ишлаб чиқариш ҳажмини 6,5 миллиард сўмликдан 10 миллиард сўмликка оширишга интилаяпмиз. Сабаби, чет эллардан ҳам буюртмалар туша бошлади.

“Juita Gulshana invest” қўшма корхонасининг асосий мутахассислари саноатбоп тикув машиналарини йиғиш бўйича тажрибани хорижда орттирган бўлса, бўлажак ишчиларни тайёрлаш жараёни коллеж ўқувчиларини касбга йўналтиришдан бошланган эди. Натижада уларнинг малакаси тобора ортиб бораяптики, бу қўшма корхона нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам ўз маҳсулотларини “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” савдо белгиси остида етказиб бериш имкониятини яратмоқда. Йиғув цехи бошлиғи Олим Ҳасановнинг фикрича, корхона тўла қувват билан ишлай бошлаганидан сўнг йилига 15 минг дона тикув машинаси тайёрланади. Яқин муддат ичида эса ишлаб чиқариш жараёнининг 50 фоизи маҳаллийлаштирилиб, тайёр маҳсулотларнинг учдан бир қисми экспорт қилинади.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиш керакки, “Жиззах” МИЗда бугунги кунга қадар 51 миллион долларлик (унинг ярмидан кўпи тўғридан-тўғри хорижий сармоялар) 13 та лойиҳа амалга оширилди. Жорий йилда уларнинг сонини 11 тага кўпайтириш ва бунинг учун 156 миллион долларлик инвестиция жалб этиш мўлжалланган.

Кўриниб турибдики, мамлакатимизга юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни -ишлаб чиқариш учун юксак технологияларга асосланган корхоналар зарур. Уларни барпо қилиш учун эса хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб этиш яхши самара беради. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус -индустриал зоналарининг фаолияти буни яққол тасдиқлаб турибди.

Print Friendly, PDF & Email