Касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида Наврўз айёмига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди

Viloyat yangiliklari

ee66bbbe0366100Бугун диёримизнинг ҳар бир гўшасида Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланмоқда. Мазкур йўналишлардаги ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, касаба уюшмалари томонидан жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Наврўз байрами арафасида касаба уюшмалари томонидан  меҳнат жамоалари иштирокида корхоналар ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, янги боғлар барпо этиш ишлари ташкил этилди. “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига 25 туп дарахт менинг туҳфам” шиори остида корхона ва ташкилотлар ҳудуди, ҳиёбонларга 100 минг тупдан зиёд  мевали ва манзарали дарахат кўчатлари ўтказилди. Шу билан бирга меҳнат жамоаларида “Наврўз – қадриятларимиз тимсоли”, “Миллий қадриятларимиз – беқиёс бойлигимиз” мавзуларида “Маънавият соатлари”, давра суҳбатлари, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Турли соҳа ходимлари ўртасида халқ ўйинлари ва миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. 1000 га яқин меҳнаткашлар, ёш оилалар учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилди.

Наврўз байрами арафасида кекса авлод вакилларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тадбирлари ҳам касаба уюшмалари эътиборидан четда қолмади. Шу мақсадда 3 минг нафарга яқин ёлғиз кексалар, пенсионер, жисмоний имконияти чекланган инсонлар ва меҳнат фахрийлари холидан хабар олиниб, уларга касаба уюшмалари томонидан озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари тақдим этилди. Республикамиз ҳудудларидаги 14 та “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилувчи инсонлар учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ушбу масканларда яшовчи инсонларнинг маиший шароитларини янада яхшилашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан замонавий музлатгич, телевизор каби техника жиҳозлари ҳадя этилди. Шунингдек, ҳудудларда “Мехрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчиларига байрам совғалари тақдим этилди.

Ана шундай байрам тадбирларидан бири касаба уюшмалари томонидан Олмалиқ шаҳрида ташкил этилди. “Наврўз – қадриятларимиз тимсоли” шиори остида ташкил этилган мазкур маънавий-маърифий тадбирга шаҳардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, меҳнат фахрийлари таклиф этилди. Бир пиёла чой устида қурилган суҳбат сумалак ва ҳалим каби баҳорий таомлар билан янада кўркам бўлди. Эл суйган санъаткорларнинг куй ва қўшиқларида Она Ватанимиз ободлиги, тинч ва осуда ҳаётимизга шукроналик мадҳ этилди.

Байрам тадбирлари меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ташкил этилган  миллий спорт ўйинлари мусобақаларига уланиб кетди. Касаба уюшмалари ташкилотчилигида шаҳардаги корхоналар ҳудудига мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ва гул кўчатлари ўтказилди. “Наврўз – янгиланиш ва ёшариш фасли” мавзусида ташкил этилган кўргазмалардан эса меҳнаткашлар фарзандлари ижодидан намуналар ўрин олди.

Наврўз байрами тантаналарига ҳамоҳанг тарзда касаба уюшмалари ташкилотчилигида “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига 25 туп дарахт менинг туҳфам” шиори остида Олмалиқ шаҳридаги корхона ва маҳаллалар ҳудудига мингга яқин манзарали, мевали дарахт кўчатлари ўтказилди. Эзгу қадриятларимиз тимсоли бўлган айём муносабати билан касаба уюшма фаоллари Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи 300 дан ортиқ иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионерлар, байналмилал жангчи фахрийлар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан ҳабар олдилар. Уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Хусусан, шу куни касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Олмалиқ шаҳрида истивомат қилувчи 91 ёшли меҳнат фахрийси Суннатилла ота Баратов хонадонига ташриф буюриб, байрам совғаларини топширдилар. Отахон Президентимиз олиб бораётган одилона ва оқилона сиёсат натижасида мамлакатимиздаги тинч ва осуда ҳаётимиз, инсон омилига эътибор, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром учун шукроналар айтиб, давлатимиз раҳбари ҳақига дуолар қилдилар.

Шу билан бир қаторда корхоналар ходимлари ўртасида миллий урф-одатларимизни намойиш этувчи маданий-маърифий тадбирлар, футбол, эркин кураш, катта теннис, енгил атлетика, баскетбол, шашка, шахмат, стол тенниси, волейбол, белбоғли кураш ва бокс бўйича оммавий-спорт мусобақалари ўтказилди.

Print Friendly, PDF & Email