Ёш оилалар учун камолот уйлари

Viloyat yangiliklari

????????????????????????????????????

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Тошкент вилоятида ҳам кўп қаватли “Камолот” уйлари қурилиб, ижтимоий фаол ёш оилаларга имтиёзли кредит эвазига, бошланғич бадалсиз берилмоқда. Бу вазифаларни тизимли амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлаётир.

“Камолот” уйлари бошланғич бадал тўланмасдан, 20 йил муддатга, шу жумладан, 5 йиллик имтиёзли давр белгиланган ҳолда берилаётгани ёш оилаларга катта қулайлик яратмоқда. Жумладан 2014 йилдан бошлаб Тошкент вилоятининг Ангрен (5 қаватли 20 та хонадон), Олмалиқ (5 қаватли 45 та хонадон) шаҳарлари ҳамда Оҳангарон (5 қаватли 20 та хонадон), Бўстонлиқ (4 қаватли 34 та хонадон) туманларидаги жами 119 та хонадонли “Камолот” уйлари ёш оилаларга топширилган эди.

Замонавий шаҳарсозлик ва бинокорлик талабларига мос, табиий иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда қисқа муддатда бунёд этилган кўп қаватли уйлар қурилишида юртимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилгани ҳамда маиший электр техника воситалари билан жиҳозлангани эътиборга лойиқ.
Мана бугун ҳам Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги 16 хонадондан иборат 4 қаватли янги уй “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тавсиясига кўра, ижтимоий фаол ёш оилаларга берилди.
“Камолот” уйларини топшириш маросимида Вилоят ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари Эргашходжаев Исламджан Джасурович, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши раиси Ражаббоев Музаффар Эркабоевич, Бекобод шаҳар ҳокимлиги, Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик ва ёшлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини юксалтириш билан бирга, уларнинг онгу тафаккури, ҳаётга муносабатини ўзгартириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани, навқирон авлод учун кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик йигит-қизларимизнинг Ватан равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиши, ўқиб-изланиши учун улкан рағбат бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Print Friendly, PDF & Email