Соғлом оила — соғлом жамият

Yangiliklar

1

Баҳор — уйғониш, янгиланиш палласи. Ҳамал кириб келиши билан табиат ўзгача куч билан ёруғликка, илиқликка талпинади. Дарахтлар инжа куртакларини ёзиб, ниҳоллар кўк томон бўй чўза бошлайди. Инсон танаси ҳам бу паллада қишки мудроқдан уйғониб, фаол ҳаракатга эҳтиёж сеза бошлайди. Бундай пайтда спорт билан шуғулланиш ҳам танни, ҳам дилни қувватлантиради. Халқимиз қадим-қадимдан айни шу паллада Навўз сайилларида турли беллашувлар уюштирган. Кураш ва кўпкари, чиллак ва бошқа халқ ўйинлари эрта баҳорда ўйналгани ҳам бежизга эмас. Қадим ва хайрли анъаналарни давом эттириш сизу бизга фақат наф келтириши шубҳасиз.

Меҳнаткашлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, оила аъзоларини ҳам спортга кенг жалб этиш, бу орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш каби масалалар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг устувор вазифалари қаторидан ўрин олган бўлиб, меҳнат жамоаларида йўлга қўйилаётган ходимлар гимнастикаси, турли спартакиадалар, ҳаваскор велоспортчилар ўртасида оммавий равишда ўтказилаётган “Касаба-тур” мусобақалари ана шундай эзгу мақсадлар йўлида хизмат қилмоқда.

         ЎзКУФК томонидан “Соғлом она ва бола” йили муносабати билан “Соғлом оила” шиори остида ташкил этилган спорт мусобақалари нафақат меҳнаткашлар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ҳам кенг қамраб олди. Қиш фаслида старт олган мазкур мусобақаларнинг биринчи босқичида 22 минг 763 та корхона ва ташкилотдан 100 минг 329 та оилавий жамоа қатнашди. Жамоалар таркибида 310 минг 363 нафар ҳаваскор спортчи ғолиблик учун кураш олиб боргани, мусобақанинг тобора кенг қулоч ёйиб бораётгани далолатидир.

Туман ва шаҳарлар миқёсида ўтказилган иккинчи босқичда қарийб уч минг оилавий жамоа таркибида 10 минг нафарга яқин иштирокчи баҳсларга киришди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида уюштирилган учинчи босқич мусобақаларида эса 372 оилавий жамоа сафида 1305 нафар ҳаваскор беллашувларда қатнашди.

         Ва ниҳоят, мусобақанинг якуний — республика босқичи Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Навоий вилоятларида аҳиллик ва уюшқоқлик билан ўтказилди. Унда 84 оилавий жамоа ғолиблик учун қизғин курашга киришди.

         “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ спорт мажмуасида ташкил этилган мусобақада Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳамда пойтахт вакиллари ўз омадларини синаб кўришди.

Мусобақаларда ота-она ҳамда 8-12 ёшли фарзанддан иборат жамоалар югуриш, акробатика элементлари ва тўпни нишонга отиш, “Чаққонлик ва мерганлик эстафетаси”, “Моҳир ҳужумчи”, “Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни боплаймиз”, “Тезлик эстафетаси”, “Эпчиллик эстафетаси”, арқон тортиш ва жамоавий эстафета каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашдилар.

         Беллашув жараёнида ҳар бир оиланинг фақат ғолиблик ниятида ташриф буюргани кўзга ташланди. Айниқса, болажонларнинг юзу кўзидаги ғалабага чанқоқлик ота-оналарини ҳам ғайрат отига миндирди. Якунга кўра қиз болали оилалар ўртасида Талгат Далмурзаевлар оиласи (Тошкент шаҳри) барча шартларни муваффақиятли бажариб ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Санжар Эргашевлар (Жиззах вилояти) ҳамда Аҳмад Нурматовлар оиласи (Тошкент вилояти) совриндорлар сафини тўлдирди.

Ўғил болали оилалар ўртасида эса Маҳмуджон Фозиловлар оилавий жамоаси (Тошкент шаҳри) биринчи ўринни қўлга киритди. Анвар Саъдиевлар (Тошкент вилояти) ва Нурмуҳаммад Холмуродов оилавий спорт жамоалари кейинги ўринларни банд этишди.

Шунингдек, Ҳамза Шайжигитовлар  “Энг аҳил оила”, Бахтиёр Алимовлар  (Сирдарё вилояти) “Ғалабага бўлган интилиши юксак оила” номинацияларида ғолиб дея эътироф этилди. Ҳеч ким эътибор ва рағбатдан четда қолмади.

Ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг диплом ва қимматбахо совғалари топширилди.IMG_5179 IMG_5200 IMG_5268 IMG_5287 IMG_5302 IMG_5317 IMG_5381 IMG_5383 IMG_5400 IMG_5412 IMG_5441 IMG_5443 IMG_5477 IMG_5482 IMG_5499 IMG_5520 IMG_5522 IMG_5527 IMG_5537 IMG_5556 IMG_5565 IMG_5599 IMG_5609 IMG_5648 IMG_5660 IMG_5695

Print Friendly, PDF & Email