Жорий йилнинг 22 март куни Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани ва Олмалиқ шаҳридаги Педагогика ва ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида 3-босқич битирувчилари учун “Ўзбекистон Республикасида ёшлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида Ўзбекистон Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ташкил этилди. Семинар-тренингларда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бош юрисконсульти Дилбар Абдурахмоновна Мухамедалиева, Республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Равшаной Газиева, Оҳангарон туман Кенгаши раиси Гулбахор Салимовалар ва Олмалиқ шаҳар кенгаши раиси Б.Мусаевлар қатнашдилар.
Семинарларда Республика Кенгашининг бош юрисконсульти Дилбар Абдурахмоновна сўзга чиқиб, бугунги кунда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва имкониятлар давлатимиз тараққиёти учун муҳим эканлиги, бу кенг шарт-шароитлар замирида ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхон, салохиятли ёшлар бўлиб вояга етишишлари эса аҳамият касб этадиган масала эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, коллежни битирувчиларига бериладиган имтиёзлар, уларга ишга жойлашишда ва ишга жойлашгандан сўнг бериладиган кафолатлар билан таништирди.
Семинарлар давомида Тошкент вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Равшаной Газиева талабаларга касаба уюшмаси афзалликлари ва корхона, ташкилотлардаги жамоа шартномалари орқали кенг имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари мумкинлиги ҳақида тўлиқ маълумот берди. Мавзуга оид саволлар берилиб ўқувчиларнинг билимларини синадилар ва улардан тушган барча саволларга биргаликда жавоб бердилар. Тадбирлар сўнгида туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан фаол иштирок этган талабаларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари берилди.
Бундай семинар-тренинглар ёшларимизни ҳуқуқий саводхон ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишларида ҳамда кейинги мустақил ҳаётларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади, уларни янада фаол бўлишга чақиради. Зеро, ёшларга эътибор – келажакка эътибордир.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: