Иссиқхоналарда сабзавот етиштириш халқимизни йилнинг қорли-қировли кунларида ҳам янги ва сервитамин маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради. Мамлакатимиз иссиқхона майдонларида етиштирилаётган маҳсулотлар нафақат ички бозорни таъминлаш, балки чет давлатларга экспорт қилиш учун ҳам етарлидир.
Кейинги йилларда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида экинларни интенсив мавсумий навбатлаб экиш, маҳалий ғоваклаштирувчи материаллар (ёғоч қипиғи, шоли пўчоғи, каноп толаси, пахта чиқиндиси, қум) ни қўллаб тупроқ унумдорлигини ошириш, касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш чоралар тизими, иш унумдорлигини ошириб, меҳнат сарфини камайтириши, шўрланган майдонларда ҳам маҳсулот етиштиришни таъминловчи кичик ҳажмли грунт усулида сабзавот етиштириш ҳамда ўсимликларга шакл бериш каби тадбирларни, кенг миқёсда қўллаш ишлари амалга оширилмокда.
Иссиқхонада экинлардан юқори ҳосил олиш учун барча парваришлаш жараёнларини ўз вақтида бажарилишини талаб этади. Иссиқхона иншоотлари сифатсиз қурилиши, ўсимликлар учун талаб этиладиган қулай иқлим шароитлари яратилмагани, яъни тупроқ ва ҳаво ҳарорати, намликни назорат қилиш ва бошқариш мосламалари билан етарли даражада таъминланмаганлиги ҳосилдорлик паст бўлишига олиб келади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, иссиқхоналарнинг учдан бир қисми шўр тупроқли майдонларда қурилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Сирдарё вилоятларидаги кўпгина иссиқхоналарнинг тупроғи таркибидаги шўрланиш микдори белгиланган меъёрга нисбатан 10 ва ундан ортиқ кўрсаткични ташкил этади.
Ушбу ҳолатни яхшилаш учун иссиқона майдонининг ҳар гектари ҳисобига камида 300 тоннадан маҳаллий ўғит ва хўжаликда бор бўлган ғоваклаштирувчи (шоли қипиғи, ёғоч қириндиси, қум) моддаларни маҳаллий ўғитга нисбатан 10% аралаш ҳолда солиниб, тупроқ унумдорлигини ошириш лозим.
Шўрланган ҳамда нематода зараркунандаси билан зарарланган иссиқхоналарда сабзавот етиштиришни кичик ҳажмли грунт усулига ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бунда тупроқ ўрнига минерал тола (пахта), ювилган дарё қуми, вермикулит ёки ушбу материалларга органик моддалар (чиринди, похол, шоли пўчоғи ва бошқ) ни қўшиш мумкин. Сув сарфини камайтириш ва тупроқ шўрланишини йўқотиш мақсадида томчилатиб сув тараш керак.
Ҳосил йиғиштириб олингач, қишлаб қолган оққанот, қанотли ширалар, ғовакловчи пашша ва занг каналарни очиқ майдонларга тарқалишининг олдини олиш учун ўсимлик қолдиқларини чуқурларга кўмиб ташлаш ёки дори сепиб дезинфекция қилиш зарур.
Дезинфекция учун 40 фоизли Формалиннинг 2 фоизли ишчи аралашмаси тайёрланиб (200 кг/га) унга яна 2 фоизли мис купороси аралаштириб қўллаш мумкин. Орадан 2–3 кун ўтгач, ўсимлик қолдиқлари олиб чиқиб ташланади.
Кейин оққанот, ўргимчак ва занг кана ҳамда бошқа зараркунандаларга қарши 50 фоизли Актеллик (0,15 фоизли ишчи аралашмаси) ва Карбафос препаратининг 0,3 фоизли ишчи аралашмасини пуркаш керак. Агар тупороқ нематода билан зарарланган бўлса, 40 фоизли Карбатион препаратини сувга аралаштириб 1500–2000 л/га, 85 фоизли Тиазан кукунини 2000 л/га ҳисобида ва бошқа препаратлар билан ишлов бериш зарур. Препаратлар мавжуд бўлмаса, унда экишан 2–3 ҳафта олдин махсус мослама ёрдамида тупроққа суюқ аммиак солиш лозим.
Иссиқхоналарга помидорнинг F1 Белле, Сайхун, Видетта, Виласка, Шарлота, Омад дурагайлари ва Гулқанд, Аве-Мария навларининг 50–55 кунлик кўчатлари, бодрингнинг эса F1 Орзу, Мультистар, Экспоза, Супердельта, Амур каби дурагайларининг 25–30 кунлик кўчатларини январь охири-февралнинг бошларида экиш мақбулдир.
Ўсимликларга битта пояли қилиб шакл берилади. Бачки новдалар 6–7 см. дан ўсиб кетмаслиги учун ўз вақтида юлиб ташлаш керак. Ўсимликларнинг учи ҳар ҳафтада канопли ипга ўраб турилади. Мевалари пиша бошлаши даврида пастки (гулшодадаги) барча барглари олиб ташланади. Бу ишни ҳар ҳафтада бир маротаба бажариб, 1–2 тадан барги олиб ташланади.
Ўсув даврининг 6–7-ҳафтаси давомида ўсимликлар учки қисмини юқоридаги гулшодаси тепасида 2 тадан барг қолдириб, чимдиб турилади.
Иссиқхоналарда оққанот, ўргимчаккана, занг кана, ширалар (полиз, акация), ғовакловчи пашша, нематода, симқурт, ун-шудринг, ёлғон уншудринг, қўнғир ва қорадоғланиш, фомоз, фузариоз сўлиш кабилар катта зарар етказади.
Оққанот жуда хавфли зараркунанда бўлиб, иссиқхоналарда бутун йил довомида ривожланади ва экинларга зарар етказади. Улар ўсимлик шираси билан озиқланиб, ўзидан қандга ўхшаш модда ажратади бу моддада кейинчалик замбуруғлар ривожланиб, барглар қора майда ғyбop билан қопланади. Оқибатда ўсимлик нафас олиши қийинлашиб, барглари қуриб қолади.
Кураш чоралари – биологик кушандалардан Трихопорус 1:10 (яъни 1 та паразитга 10 та оққанот личинкаси) нисбатда қўлланилади. Биологик дорилардан Апплауд 1 т сувга ёки Апплаудга Толстарни қўшиб ишлатиш миқдори ўсимликлар ўсишига қараб ошириб бораверилади.
Ўргимчаккана ўсимлик баргларининг пастки қисмига жойлашиб олиб, барг ширасини сўриб озиқланади. Кана билан зарарланган барглар тезда қуриб, ўсимликлар ҳосилдан қолади.
Ўргимчакканага қарши курашда – фитосейлуюс табиий кушандасини 1:5 нисбатда (1 та фитосейлуюс 5 та кана) қўллаш мумкин. Пиретроид дорилардан Днитол 1,5 л/га, Неорон 1 л/га, Ниссоран 0,35 г/га, Каратэ 0,350 г/га ёки кимёвий дорилардан Омайт 2 л/га меъёрда сарфланади.
Занг канага қррши курашда ўргимчаккана учун тавсия қилинган дорилардан ташқари Митак (0,5–1,5 л/га), Актеллик (2–4 л/га) каби дорилари қўлланиши мумкин.
Шираларга қарши курашишда 50 фоизли Актеллик ва Карбофоснинг 0,2 фоизли, Каратэ ёки Дециснинг 0,1 фоизли эритмаларини пуркаш тавсия этилади.
Ғовакловчи пашша учун помидор, бодринг энг хушхур ўсимлик ҳисобланади. Бу зараркунанда ўсимлик барги мезофили билан озиқланиб, баргнинг фотосинтетик юзасини камайтиради, оқибатда барглар қуриб қолади.
Зараркунандага қарши 1,8 фоизли Вертимек эм.к. 0,5 л/га, 57 фоизли Карбофос эм.к. 1 л/га ҳисобида қўллаш юқори самара беради. Ун-шудринг – бодринг, помидор, укроп экинларини зарарлайди. Бу касаллик ўсимлик баргларининг устки қисмида тўп-тўп оқ моғорлар пайдо қилади. Вақт ўтиши билан замбуруғлар кўпайиб, ўсимлик барглари устки ва остки қисмини қоплаб олади ва пировардида барглар қуриб қолади. Бодрингда ун-шудринг касаллигига ўхшаш сохта ун-шудринг касаллиги ҳам кўп учрайди. Бунда у барглар остини бутунлай қоплаб олади, оқибатда барглар сарғайиб, тезда қуриб қолади.
Ун-шудринг ва сохта ун-шудринг касалликларига қарши Топсин-М (0,7 кг/т сувга) ёки Сапрол (1 л/т сувга), Топаз (0,5 л/т сувга) препаратларини пуркаш тавсия этилади.
Фузариоз сўлиш касаллиги ҳам помидор ва бодринг экинлари қуриб қолишига олиб келади. Касалликни фузариум оксепориум замбуруғлари қўзғатади. Улар ўсимлик илдиз бўғинида кўпайиб, зарар келтиради. Касалликнинг олдини олиш учун помидор ва бодринг кўчатларини 0,3 фоизли Фундазол эритмаси билан (5 г 10 л сувга) суғорилади ёки тупроққа 5 г Фундазол порошоги солиш зарур. Фомоз касаллиги асосан ҳосил тугиш даврида кўпайиб, замбуруғлари ҳосил банди атрофида ривожланади ва аввалига capғиш доғлар ҳосил қилади, кейин эса улар кўпайиб, ҳосил банди жойларини чиритиб, ҳосилнинг тўкилиб кетишига олиб келади. Касалликка қарши курашиш учун иссиқхоналарда намликни ортиб кетишига йўл қўймаслик керак. Экин ўсув даврида Топсин-М дорисини 1 кг/т сувга қўшиб, пуркаш тавсия этилади.
Мазкур тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши иссиқхоналарда сабзавотлардан мўл ва сифатли ҳосил олинишига пухта замин яратади.
Е.Лян, С.Алимуҳамедов
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: