Ушбу тавсия Тошкент вилоятининг табиий-иқлим шароитида чорва молларини парваришлаш ва уларнинг насл ва маҳсулдорлик хусусиятларини оширшда ресурстежамкор технологиялар мажмуасини ўз ичига олади. Тавсияда қорамолчилик, қўй ва эчкичилик, йилқичилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларини ривожлантиришда ва уларни такомиллаштиришда энг асосий омил мустаҳкам озуқа базасини яратиш, қишлоқ хўжалик ҳайвонларини тўла қийматли озиқлантириш билан таъминлаш, уларнинг маҳсулдорлиги бўйича ирсий имкониятларини тўлиқ юзага чиқариш, селекция-наслчилик ишларини яхшилаш, молларни сунъий қочиришни кенг қўллаш, молларни асраш шароитларини яхшилаш каби долзарб вазифаларнинг ечимлари баён этилган.
Кириш
Маълумки, Республикамизда чорвачилик қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, аҳолини озиқ — овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ўринга эга. Шуни ҳисобга олган ҳолда Республикамиз Президенти томонидан чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича муҳим Қарорлар қабул қилиниши ва уни ривожлантириш Ҳукумат дастурлари асосида олиб борилиши чорва моллари бош сонини кўпайишини, уларнинг насл ва маҳсулдорлик сифатларининг ошишини ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг йилдан- йилга кўпайишини таъминламоқда.
Тошкент вилоятинида чорвачиликни ривожлантириш асосан шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллари бош сонини кўпайтириш мақсадида қорамол сотиб олиш учун микрокредитлар ажратиш, турли ташкилотлар қошида чорвачилик тармоқлари бўйича ёрдамчи хўжаликлар ташкил этиш ҳамда чорвачиликда наслчилик ишини яхшилаш, чет элдан ирсий салоҳияти юқори наслли молларни олиб келиш, сигирлар ва таналарни сунъий уруғлантиришни қамраб олиш даражасини кенгайтириш, зооветеринария сервис хизматларини янада яхшилаш мақсадида зооветеринария пунктларининг сонини кўпайтириш ва фаолиятини кучайтириш орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек соҳани ривожлантиришда озуқа базасини мустаҳкамлаш учун мавжуд озуқа экин майдонларидан унумли фойдаланиш, озуқабоп экинлар ҳосилдорлигини ошириш ва уруғчилигини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва фермер хўжаликларига омухта ем, шрот ва шелуха маҳсулотларини ва дағал, ширали озуқаларни ташкил этилган махсус шахобчалар орқали етказиб бериш ва бу шахобчалар фаолиятини яхшилаб бориш соҳани ривожлантиришда устувор вазифалар бўлиб турибди.
Наслчилик иши
Кейинги йилларда човачиликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида моллар бош сони ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ўсиб боришига эришилмоқда.
Тошкент вилоятидаги барча тоифадаги хўжаликдаги хўжаликларда 2015 йил 01.07 ҳолатига 756,1 минг бош қорамол, 338,5 минг бош сигир, 821,2 минг бош қўй ва эчки, 46381 бош отлар, 13475,6 минг парранда мавжуд.
Вилоятдаги биргина фермер хўжаликларида соғиб олинган сут миқдори жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 20421 тоннани ташкил этиб, 104,7%-га кўп бўлди, тирик вазнда сўйиш учун етиштирилган моллар 3890 тоннани ташкил этиб, ўсиш суръати 105,2%-га кўпайди.
Тошкент вилоятида қорамолчилик бўйича 88 та наслчилик фермер хўжаликлари бўлиб, уларда 22575 бош қорамол, шу жумладан 8119 бош сигир мавжуд. Бу маълумотлар наслчилик фермер хўжаликларида қорамолларнинг насл негизи яхшиланиб бораётганлигидан далолат берадди. Аммо чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, уларда қорамол бош сонини кўпайтириш, ишлаб чиқарилаётган гўшт ва сут ҳажмини бошқа тоифадаги хўжаликлар улушига нисбатан ошириш муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади. Қорамолларнинг насл ва маҳсулдорлик имкониятларини оширишда вилоятда қора-ола, швиц, ва голштин зотли қорамоллар урчитишда асосий зотларимиз ҳисобланади. Аксарият наслчилик тоифасидаги хўжаликларда сигирлардан бир кунда 30-40 килограммдан ёки лактация давомида 6-7 минг кгдан сут соғиб олинмоқда.
Республикамизда чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш учун шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги қорамоллар бош сонини кўпайтириш, наслини яхшилаш мақсадида, хорижий давлатлардан ирсий салоҳияти юқори наслли молларни олиб келиш ва улардан подаларда унумли фойдаланиш ҳамда навбатдаги селекция — наслчилик ишларида наслдор авлодларини кўпайтириш чора–тадбирлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Тошкент вилояти қорамолчилигида 3-та қорамол зотлари урчитиб кўпайтирилмоқда. Булар сут йўналишидаги қора-ола, голштин зотлари, гўшт-сут йўналишидаги швиц зотлари ҳисобланади.
Қорамолчлик тармоғини янада ривожлантириш ва мавжуд зотларни такомиллаштириш мақсадида республикага хорижий давлатлардан наслли моллар келтиришда қуйидаги зотларни келтириш тавсия этилади:
Сут йўналишидаги қорамоллар
Қора-ола зоти бош сони ва сигирларнинг сут маҳсулдорлиги бўйича Тошкент вилоятида энг етакчи зот бўлиб ҳисобланади. Бу зотнинг сигирлари озуқани юқори даражада сут билан қоплаш ва улар елини машинада соғиш талабларига яхши даражада мослашганлик хусусиятлари билан ажралиб туради. Буқалари жадал ўсиш ва яхши даражадаги гўшт маҳсулдорлигига эга. Суғориладиган минтақаларда бу зот қорамолларини урчитиш маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва самарадорлигини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида кенг тарқалган асосий зотлардан бири бўлиб, қора–ола зотли молларнинг Ўзбекистон хили шаклланган сигирларнинг ўртача тирик вазни 480-500 кг, айримлари 650-700 килограммга етади. Сигирларнинг ўртача сут соғими 3500 – 4000 кг. Юқори наслдор сигирлардан лактация давомида ўртача 6000- 7000 кг-дан сут соғиб олинмоқда. Буқачалар гўштга жадал боқилганда 15-18 ойлигида 450-500 килограмм вазнга етади ва сўйим чиқими 55-57 фоизни ташкил қилади.
Бу зот сигирларининг сут маҳсулдорлиги бўйича ирсий имкониятлари жуда кенг. Бу имкониятларни тўлиқ юзага чиқариш эса 55-60% ҳолатда озиқлантириш омилига боғлиқ. Зотнинг сигирлари озуқага жуда талабчан, бу эса зотни урчитишда мустаҳкам озуқа базасини яратиш муҳимлигидан далолат беради.
Бугунги кунда қора-ола зотли қорамолларнинг насл, маҳсулдорлик, пуштдорлик ва технологик хусусиятларини янада такомиллаштириш муҳим вазифа бўлиб ҳисобланади.
Зотни такомиллаштиришда насчилик иши 2 урчитиш усулида олиб борилмоғи даркор: соф зотли урчитиш ва чатиштириш усулларида. Чатиштириш усулида қора-ола зотга қариндош жаҳон генофондига хос голштин буқаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Голштин зотли қорамоллар қора-ола зотли молларга қариндош ҳисобланади, асосан қора–ола тусда. Бу зот сут маҳсулдорлик йўналишидаги зот ҳисобланиб, сигирларнинг сут маҳсулдорлиги бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Жумладан, Европанинг сутдор қорамолчилиги ривожланган етакчи давлатларда, хусусан Германия, Голландия, Швеция, Англия, Франция ва бошқа бир қатор давлатларда 1 бош сигирдан бир йилда 8000 кг-ча, Исроилда 10000 кг-ча сут соғиб олинмоқда, сутнинг ёғлилиги 3,6-3,8% ни ташкил этади. Сигирларнинг тирик вазни 650-800 кг, буқаларда эса 1200-1300 кгни ташкил этади, гўшт чиқими ўртача 56-57%-га баробар.
Сигирларида елин мутаносиб ривожланиб, замонавий соғиш технологиясига яхши мослашган, елин индекси 44-46%-ча, сут бериш тезлиги 2,0-2,5 кг дақиқани ташкил этади ва улар озуқани юқори даражада сут билан қоплаш хусусиятига эга. Айниқса бу зот сигирларидан замонавий сутчилик комплексларида кенг фойдаланиш тавсия этилади.
Сут-гўшт йўналишидаги қорамоллар
Швиц зотли қорамоллар Андижон вилоятида урчитиш учун муҳим зот бўлиб ҳисобланади. Қорамолларнинг туси қўнғир, боши ўртача катталикда, бўйни қисқа, танаси текис, кўкраги чуқур ва кенг, териси пишиқ, елини ҳажмдор, ва паллалари яхши ривожланган. Сигирларини вазни 550-650 кг, буқалари 900-1100 кг ва ундан юқори. Лактация давомида сут маҳсулдорлиги 3,8-4,0% ёғдорликда 4200-5000 кг ни ташкил этади.
Тўла қийматли озиқлантириш шароитларида бу зот сигирлари ҳам сут маҳсулдорлиги бўйича ўзининг ирсий имкониятларини юзага чиқариш хусусиятларига эга. Айниқса ёш қорамоллар тўла қийматли озиқлантириш ташкил этилганда ўзининг юқори ўсиш энергиясини намоён этади. Андижон вилоятининг етакчи наслчилик фермер хўжаликларида 1 йилда бир бош сигирдан 4600-5200 кг-ча сут соғиб олинмоқда.
Бу зот қорамолларини маҳсулдорлик хусусиятларини такомиллаштириш мақсадида Австрия, Америка, Германия ва Россия селекциясига мансуб соф швиц зотли наслдор буқалар билан жуфтлаш тавсия этилади. Бундай чатиштиришдан олинган турли генотипдаги сигирларнинг сут маҳсулдорлигини ўрганилди.
Бугунги кунда чатиштиришда Европа давлатлари генотипидаги наслдор буқалардан фойдаланиш юқори маҳсулдор сутбоп подалар яратишда ва швиц зотининг насл, маҳсулдорлик хусусиятларини такомиллаштиришда муҳим омил бўлиб ҳисобланади.
Четдан наслли мол олиб келишда ҳар бир ҳудуднинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда районлаштирилган зотларни урчитишни алоҳида эътиборга олиш зарур.
Тўла қийматли озиқлантириш асослари
Четдан олиб келинган моллар бизнинг иссиқ иқлим шароитимизга мослашувчанлигини оширишда ва маҳсулдорлиги бўйича ирсий имкониятларини тўлиқ юзага чиқаришда уларни тўла қийматли озиқлантириш ва мақбул асраш шароитларини яратиш жуда катта аҳамиятга эга. Чунки четдан келтирилган қорамоллар сифатли ва тўйимли озуқаларга талабчан бўлади, наслдор моллар маҳсулдорлиги 55-60% ҳолатда уларни тўла қийматли озиқлантиришга боғлиқ.
Тўла қийматли озиқлантирш даражасиати паст бўлганда сигирлар организмидаги алмашинув жараёнлари бузилади, уларнинг соғлиги ёмонлашади, пуштдорлик хусусиятлари пасаяди, улардан нимжон бузоқлар туғилади, сут маҳсулдорлиги бўйича ирсий салоҳиятини юзага чиқариш 65-75%- дан ошмайди, паст сифатли озуқалардан фойдаланиш натижасида сут ишлаб чиқаришга сарфланадиган харажатлар 20- 25% ошади.
Агарда озуқа экинларини ўрими жараёнида силос тайёрлаш технологиясига бузилиши натижасида силос сифати 1 классга тушиб кетса, сигирларнинг сут маҳсулдорлиги кунига 1,5 кг, бутун лактация давомида эса 548 кг-га камаяди. Силос сифатининг пастлиги кунлик озуқа рационида умумий тўйимлилигининг нархи юқори бўлган концентрат озуқаларнинг 60% га-ча сарф бўлишига олиб келади. Паст сифатли озуқаларда 1 озуқа бирлигида протеин миқдори 60-70 г дан ошмайди, бу эса озуқа сарфини оширади, юқори маҳсулдорликни таъминламайди, маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади ва охир оқибатда самарадорлик пасаяди. Буни фақатгина силос тайёрлаш жараёнининг бузилишинигина мисол келтирдик. Шунинг учун озуқалар сифати ва тўйимлилигини ошириш, сифатли пичан, силос, сенаж, озуқабоп лавлаги тайёрлаш моллар маҳсулдорлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳар бир мутахасис – чорвадорлар яна бир муҳим жиҳатларни эсдан чиқармасликлари керак бўлади. 450-500 кг тирик вазндаги сигир бир кунда ўртача 15 кг сут ишлаб чиқариши учун меъёр бўйича 14-15 озуқа бирлиги талаб қилинади.
Бузоқларни сут ичиш даврида парваришлаш. Маҳсулдор моллар етказиш аввало соғлом ва ривожланган 35-40 кг тирик вазнда бузоқ олишдан бошланади. Ҳомила она қорнида нормал ўсиш бўғоз сигирларни дам олиш даврида яъни буғозликнинг 8-9 ойларида тўйимли озиқлантиришга боғлиқ бўлади. Сигирлар бўғозлигининг сўнгги 60-65 кунида тирик вазнини 50-55 килограммга ўсишини таъминлаш керак, шу давр ичида хомиланинг вазни янги туғилган бузоқлар вазнининг 70%-ни ташкил қилади.
Буғоз сигирларни, туғишдан олдин тоза туғруқхоналарда сақлаш, туғдириш, бузоқларни соғлом қабул қилиб олиш ҳамда биринчи 2-3 кун давомида ўз оналари билан тоза ва қуруқ хоналарда бирга сақлаб, мумкин қадар соф ва кучли оғиз сутига тўйдириш керак. Янги туғилган бузоқлар 2-3 кун кейин ажратиб олиниб, махсус–алоҳида уйча-профилакторияларда парвариш қилинади. Уйчаларда ветеринария–санитария тозаликни таъминлаш, бузоқларни сақлаш ва озиқлантириш технологик усулларига риоя қилиниши талаб этилади. Бузоқларни озиқлантириш тартиби ва меъёри махсус тасвир асосида амалга оширилади.
Профилактория хоначаларига олинган бузоқларга биринчи ўн кунликда ўз оналарининг оғиз сути берилади. Сўнгра эса фермада ёки подада соғиб олинган умумий сутдан истеъмол қилинади. Бошқа озуқаларга (майин ем, беда пичани ва ҳакозо) ўргатиш бузоқларнинг 15 кунлигидан бошланади. Бузоқларга сут ичиш даврида 350 кг қаймоғи олинмаган сут, 400 кг қаймоғи олинган ёки сунъий сут, 45-50 кг омухта ем, 50 кг пичан, 30 кг силос ва 21 кг сенаж бериш тавсия этилади, шундагина давр охирига бориб уларнинг тирик вазни 95-105 кг-га етади. Бу даврда бузоқларга сомон ва бошқа дағал хашакларни бериш умуман мумкин эмас.
Пода тўлдирувчи ёш молларни озиқлантириш. Бузоқлар 3 ойлигидан 6 ойгача бошқа хоналарга ўтказилади ва 10 бошдан гуруҳларга бўлинади. Бу даврдв 135-140 кг-дан омухта ем, 450 кг кўк ўт, қиш пайтида шу миқдорда омухта ем, 180 кг пичан, 120 кг сенаж ва 620 кг силос берилади. Бу пайтда бузоқларнинг кундалик семириши 700- 750 граммни ташкил этиб давр охирига бориб, уларни тирик вазни 175-180 килограммга етказиш мақсадга муофиқдир. Бузоқлар 6 ойдан 12 ойгача 10-15 тадан гуруҳ қилиб боғламасдан боқилади. Бу даврда бузоқларнинг ҳар 1 бошига 4,5-5,0 озуқа бирлигида озуқалар бериб борилади. Бундай боқишда 1 ёшга тўлган бузоқларнинг тирик вазни 285-306 кг-га етади, кунлик 700 г-дан семиришига эришилади.
12-18 ойлик таналарнинг кунлик семиришини 500-550 г-га, давр охирига бориб тирик вазнини 360-385 кг-га етказиш, бунинг учун 6,5-7,5 озуқа бирлигида озиқлантириш тавсия этилади.Бу гуруҳда тирик вазни меъёр даражадаги таналар уруғлантириш учун танлаб олинади ва улар зотли буқалар уруғи билан уруғлантирилади, 2-3 ойдан кейин уруғлантирилган моллар ректаль текширилади ва бўғоз бўлганлари ғунажинлар гуруҳига ўтказилади.
Ғунажинларни туғишга тайёрлаш ва биринчи туққан сигирларни серсутлигини ошириш тадбирлари.
Хориждан келтирилган корамоллар билан ишлаш жараёнида хужалик мутахассислари хайвонлар хўжаликка келтирилган кундан бошлаб, шунингдек, уларни туғишга тўғри тайёрлаш , бунинг учун уларнинг келгуси лактациясидаги сут маҳсулдорлиги ва тирик вазнини ҳисобга олган ҳолда озиқлантиришни ташкил этиш, уларнинг 5-6 ойлик бўғозлигидан то туғишига 20-30 кун қолгунча кунига 2 марта 5 дақиқадан елинини уқалашни ташкил этиш ҳамда лактациянинг биринчи кунидан уларга жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади. Туққандан 9-10 кун ўтгач назорат молхонасига ўтказилиб, серсутликни ошириш бўйича тадбирлар қўлланилади.
Серсутликни ошириш – кунлик сут миқдорига қараб “аванс” даражасиждаги озиқлантириш, кунда 3 мартаба жадал соғиш, ҳар 10 кунда назорат соғимини ўтказиш, сигирларни соғишга тўғри тайёрлаш ва соғиш техникасига риоя этиш бу тадбирнинг асосий шартларидандир. Сигирларни серсутлигини оширишда уларга тўйимли ширали (лавлаги, маккажўхори силоси) ва дағал (беда пичани, ўт уни), беда сенажи, протеин, қанд моддаларига ва калций, фосфорларга бой бўлган озуқаларни бериш юқори самарадорликни таъминлайди. (жадвал)
Кунлик сутнинг 3-4 кг ошишига қараб “аванс” озуқалар миқдори оширилиб борилади, сигирлар сутини кўпайтириш имконияти чўққисига етгандан сўнг аста секин камайтирилади ва “аванс” озуқалар бериш тўхтатилади. Серсут қилиш даврида озуқа рационларини тузишга алоҳида эътибор берилади “аванс” озуқалар меъёри омухта емлар ва хашаки лавлаги ҳисобидан бажарилади. Масалан, кунлик сут миқдори 25 кг бўлган соғин сигирга омухта ем рациондаги озуқалар тўйимлигининг 45-50%, хашаки лавлаги эса 1 кг соғиладиган сут ҳисобига 650-700 грамдан тўғри келиши мақбул. Қишлов даврида соғин сигирлар рационида албатта лавлаги ёки хашаки сабзи бўлиши шарт агарда хўжаликда бўлмаса, унинг ўрнига тритикали, арпа, сули донидан ундирилган майсалардан фойдаланиб, кунлик cутига қараб 2,-4,0 кг бериш тавсия этилади.
Сигирлар лактациясининг дастлабки 90-100 куни мобайнида сут маҳсулдорлигини ошириш, уларнинг серсут қилиш имкониятини ва маҳсулдорлиги бўйича ирсий салоҳиятини янада яхшилашда муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.
Қорамолларни асраш
Ҳайвонлар организми доимий равишда ташқи муҳит билан, аввало ҳаво ҳарорати билан узвий равишда боғлиқдир. Шунинг учун чорвачилик биноларида қулай микроиқлим шароитларини яратишнинг муҳим шартларидан бири ҳайвонларнинг соғлигини сақлаш ва маҳсулдорлигини оширишдир.
Ҳаво ҳарорати қишлоқ хўжалик ҳайвонлар организмидаги моддалар алмашинувига катта таъсир кўрсатади. Ҳаво ҳарорати қанча паст бўлса, ҳайвонлар тана ҳароратини мўтадил сақлаб туриш учун шунча кўпроқ озуқа сарфлайди. Ҳарорат, намлик ва ҳаво ҳаракати ҳайвонларнинг иссиқлик регуляциясига, шунингдек уларнинг маҳсулдорлиги ва озуқа сарфига ҳам катта таъсир кўрсатади. Намлик ва ҳаво харакати ҳарорат таъсирини кучайтиради ёки аксинча заифлаштиради.
Юқори маҳсулдор ҳайвонлар бинодаги ҳарорат, намлик режимининг ўзгаришига кам маҳсулдор ҳайвонларга нисбатан таъсирчанроқ бўлади.
Четдан келтирилган қорамолларда ёз ойлари ҳаво ҳароратининг меъёрдан ошиши уларда иштаҳаси бўғилишига, озуқа сарфининг пасайишига, вазни камайиши ва йилига сут миқдори 200-300 кг-гача пасайишига сабаб бўлади, баъзи ҳолларда ҳарорат 40 °С дан ошганда қуёш уриб, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Қиш даврда молхонада ҳаво ҳарорати ўртача +12 — +14С, бузоқхонада +15 — +20С, ёз ойларида эса +25 — +30С бўлиши мақсадга муофиқ. Шунинг учун ёз ойлари молларни чўмилтириш, молхоналарда шамоллатиш ускуналаридан фойдаланиш, жазирама иссиқ пайтлари молларни усти очиқ майдонларда сақламаслик тавсия этилади.
Сутдор қорамолчиликда ишлаб чиқаришни тўғри ташкил этиб, қабул қилинган кун тартибига қатъий риоя қилиб, юқоридаги зоотехникавий тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, бу чорва молларидан маҳсулот ишлаб чиқаришни 20-30% га ошириш имконини беради.
Шундай қилиб, соҳани янада ривожлантириш халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда долзарб вазифа ҳисобланади. Бунинг учун мавжуд барча имкониятлардан оқилона фойдаланиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик ишини ривожлантириш,чорва молларини асраш шароитларини яхшилаш, чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш билан бирга сифатини ошириш ҳамда илмий асосланган замонавий талабларга жавоб берадиган усулларини ишлаб чиқиш, озуқабоп экинларнинг янги серҳосил нав ва дурагайларини яратиш, уларнинг ҳосилдорлигини оширишнинг илғор агротехникасини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришни илғорлар тажрибаси, фан янгиликлари ва ютуқлари билан таъминлаб бориш муҳим вазифалар бўлиб ҳисобланади.
Катта ёшли қорамолларни сўқимга боқиш
Гўштга боқишга қарилиги бўйича яроқсиз бўлган катта ёшдаги сигирлар ва наслдор буқалар гўштга топширишдан олдин сўқимга боқилади. Бу яроқсиз моллар дағал, ширали ва концентрат озуқалардан рационал фойдаланиб сўқимга боқишни ташкил қилиш керак.
Сўқимга боқиш муддати молнинг семизлик даражасига боғлиқ, бўлиб, озғин моллар 3 ой ва ўрта семизликдаги моллар учун эса 2 ойни ташкил қилади.
Бўрдоқига боқиш уч босқичда олиб борилади.
Биринчи босқич рационинг асосий қисмини ширали ва дағал озуқалар (ёз даврида кўк ўт) ташкил қилади. Бу озуқалар молнинг иштахасини яхшилайди ва организмда эса ёғ моддасининг тўпланишидан сақлайди.
Иккинчи босқичда моллар бироз семирган бўлиб дағал ва ширали озуқаларни олдингидек яхши истеъмол қилмайдилар. Юқори даражада кунлик семиртишга эришиш учун ҳажмдор озуқар миқдорини бироз камайтириб концентрат озуқалар кўпайтирилади. Сўнги босқич даврида, яъни учинчи босқичда эса анча семирган бўлиб улардаги юқори кунлик семириш даражасини сақлаб қолиш учун рациондаги озуқаларга сифатли, моллар севиб иштаха билан истеъмол қиладиган кам ҳажмга ва кўп энергияга эга бўлган озуқалардан фойланишимиз керак. Иложи бўлса хўжаликларда қорамолларни сўқимга боқишда озиқ-овқат саноати чиқиндиларидан (пиво,вино, консерва(пиво,вино, консерва, нон қолдиқларидан) кенг кўламда фойдаланиш зарур.
Катта ёшли қорамолларни сўқимга боқишда ҳам турли озиқлантириш турлари қўлланилади. Ўзбекистон шароитида силосли, силосли-концентратли, сенажли-концентратли сингари озуқлантириш турларини қўллаш мумкин.
Ёш қорамолларни ва катта ёшли қорамолларни сўқимга боқишда ҳам ёз ва қиш ойлари бир ҳил турдаги озуқалар аралашмасидан, донадор ёки брикет ҳолдаги тўла қийматли озуқа аралашмасидан фойдаланиш мумкин.
Аралашмаларни тайёрлашда уни биологик тўла қийматлилиги ошириш учун махсус ОВМҚлардан фойланилади.
Гўштдор ва жўндор қўйларни парваришлаш
Бу маҳсулдорлик йўналишидаги қўйларни урчитишга алоҳида аҳамият берилади. Пода таркиби қуйидагича бўлиши тавсия этилади: она қўйлар 65-70%, наслдор қўчқорлар 1-2%, қўзилар 29-34
Қўйчилик фермасида қуйидаги бинолар бўлиши таклиф этилади: она қўйларни сақлаш биноси, подани тўлдирувчи қўзилар биноси, наслдор қўчқорлар биноси, қўйларни сунъий қочириш пункти, қўйларни жунини қирқиш учун пункт ва хизмат кўрсатувчи ходимлар учун хона.
Қўйларни қўзилатиш мавсумига қараб уларни қуйидаги муддатларда қочириш тавсия этилади: уларни қишда (февраль ойдан) қўзилатишда 10 сентябрдан бошлаб, баҳорги қўзилатишда (март ойидан) қўзилатишда 1 октябрдан бошлаб қочириш тавсия этилади.
Қочириш мавсумида 1 бош наслдор қўчқорга 40-50 бош совлиқни қочириш режалаштирилади.
Қўйларни озиқлантириш рациони ва озуқага бўлган талаби
50 кг тирик вазнли қўйлар учун намунавий рацион,
1 кунда бир бошга
Кўрсаткичлар | Озуқа турлари,
кг |
Озуқа бирлиги |
Ҳар хил ўтлар пичани | 3,2 | 1,34 |
Омухта емлар | 0,4 | 0,40 |
Озуқа бирлиги | 1,74 |
Қўйларнинг озуқага бўлган талаби ( 750 бош)
Озуқа турлари | 1 шартли молга кунлик озуқа сарфи
(натурада, кг) |
Жами 75 шарт
ли молга, озуқа сарфи (кг) |
180 кунда жами озуқа сарфи (тонна) | Жами озуқа бирлиги
(тонна) |
Ҳар хил ўтлар пичани | 35 | 2625 | 472,5 | 198,5 |
Омухта емлар | 4 | 300 | 54,0 | 54,0 |
Жами озуқа бирлиги | 252,5 |
Қўйлар учун яйловдан фойдаланишни ташкил этиш.
Қўйлар учун яйловдан фойдаланишни ташкил этиш учун 1 гектар яйлов ери учун қанча бош сони тўғри клишини, фойдаланиш давридаги яйловнинг кўк массаси ҳосилдорлигини, қўйларнинг кўк массани ейилувчанлик даражасини, яйлов ўти миқдорини (кг), 1 кунда 1 бош қўйнинг қанча яйлов ўти ейишини билиш керак бўлади.
Қўйлар учун қанча гектар яйлов ерини аниқлаш учун масалан. Яйлов ўти кўк массаси ҳосилдорлиги 20 центнер. Бир ой давомида яйловга бўлган талабни аниқлаш керак бўлади. Яйловдан фойдаланиш даражаси 60%.
Мазкур яйловнинг 1 гектар кўк массасининг 20 центнерли ва 60%-ли ейилувчанлигидаги ҳосилдорлиги 12 ц (20х 60: 100)ташкил этади. Ҳар бир қўй кунига 6 кг дан яйлов ўти ейиши мумкин, натижада 750 бош қўйларга кунига 4500 кг ўт ва 30 кунда эса 135000 кг яйлов ўти истеъмол қилади. Шундай қилиб, 750 бошли отарларга бир ойда яйлов еридан умумий 112,5 гектар ер ажратиш керак бўлар экан. Фойдаланилган яйловлар ўз ҳолатига келиши учун 30-35 кун керак бўлшини ҳисобга олсак жами бир мавсумда 750 бошли отарлар учун 260 гектар яйлов ери керак бўлади.
Феврал-март ойларида қўйларни қўзилатишда ҳар бир бош она қўй учун 2,5-3,0 ц дағал хашак, 0,5 ц омухта ем, 1 ц силос бўлиши ҳамда қўйлар иссиқ бинолар билан таъминланиши лозим.
ЭЧКИЛАРНИ ОЗИҚЛАНТИРИШ ВА АСРАШ
Эчкилар жуни қирқилгандан кейин май ойидан сентябргача яйловларда боқилади. Сентябр ойида эса уларни тоғ этакларида ва юқори адир яйловларда боқиш тавсия этилади. Қиш фаслида, айниқса январ ойидан 20 мартгача она ва ёш эчкиларни дағал ва омухта ем билан озиқлантириш муҳим ҳисобланади. Бўғоз она эчкиларга декабр ойидан феврал ойигача кечқурун ҳар бир бошига 300 г пичан, январ-феврал ойларидан апрел ойигача ҳар куни 300 г-дан омухта ем ёки арпа ва феврал-март ойларида ҳар бир бошига 400 г-дан пичан бериш тавсия этилади.
Наслдор такаларни қочириш мавсумидан 1-2 ой аввал ва қочириш мавсумида ҳамда ундан 1 ой кейин тўла қийматли кучайтирилган рацион асосида озиқлантириш тавсия этилади. Қиш даврида наслдор такаларни алоҳида сурувларда асраш ва уларни ҳар бир бошига 1 суткада 500 г омухта ем ва 1 кг пичан бериш тавсия этилади.
Қиш даврига ҳар бир бош эчкига 20 кг-дан омухта ем, 130 кг дағал хашак тайёрлаш тавсия этилади. Қиш мавсуми ноқулай келиб яйловлар ҳосилдорлиги қониқарсиз йилларда эса бу кўрсаткичлар 2 баробар юқори бўлиши тавсия этилади.
Эчкичиликда наслчилик иши ва уларнинг маҳсулдорлик хусусиятларини яхшилашга йўналтирилган танлаш ва жуфтлашдан ташкил топиши тавсия этилади. Танлаш сурувдаги энг яхши эчкиларни мақбул типини яратиш мақсадида ўтказилади ва қониқарсиз белгиларга эга эчкилар эса улардан чиқарилади.
Насл гуруҳига танланадиган эчкилар жунининг ингичкалигига, зичлилигига ва узунлигига алоҳида аҳамият берилади ҳамда улар тирик вазни, тана тузилиши, конституцияси, маҳсулдорлиги, келиб чиқиши ва авлодларини насл сифати бўйича танланади.
Наслдор такалар гуруҳига ёки такалар онасидан ажратиш пайтида, яъни 4-5 ойлигидан бошлаб танланади ва шу пайтда улар тирик вазни, тана тузилиши ва тана қисмларининг жун билан қопланиши бўйича бонитировка қилинади.
Эчкичиликда “яккама-якка” ва гуруҳлаб танлаш амалга оширилади. Бунда наслдор такага хўжалик фойдали белгиларини ҳисобга олган ҳолда она эчки танланиб жуфтлаш амалга оширилади.
Наслчилик тоифасига эга бўлмаган хўжаликларда эса гуруҳлаб жуфтлашдан, яъни бир гуруҳ она эчкилар гуруҳида юқори насл сифатига эга наслдор такадан жуфтлашда фойдаланилади.
Йилқичилик
Чорвачиликда қиш мавсуми ўта масъулиятли давр бўлиб, қишловдан беталофат, соғлом яхши семизлик даражасида олиб чиқиш чорвадорларнинг олий мақсади ҳисобланади. Шу жумладан йилқичилкда ҳам қиш мавсуми масъулиятли даврдир.
Наслдор айғирлар. Бу даврда наслдор айғирлар алоҳида отхонага жойлаштирилади. Бунда ҳар бир айғир учун алоҳида 16 м2 дан кичик бўлмаган денниклар бўлиши керак. Айғирлар ҳар куни тозалаб турилади, туёқлари эса ҳар икки ойда тозаланади. Уларни таглиги учун бир кунда 5 кг сомон ёки 15 кг ёғоч қипиғи солинади. Денниклардан гўнг ҳар куни чиқариб турилади, отхонанинг харорати +40С дан тушиб кетмаслиги керак. Наслдор айғирлар ҳар куни яйратиш майдончаларида яйратилади. Фақат қаттиқ совуқ кунлари яйратиш майдончаларига чиқарилмайди.
Айғирларда қочириш мавсумига тайёргарлик январнинг охири феврал ойларидан бошланади ва бу даврда уларни озиқлантириш рациони кучайтирилади. Рационнинг тўйимлилиги айғирларни тирик вазни, зоти, ёши ва бошқа кўрсаткичларига қараб белгиланади. Рацион таркиби ҳар хил бўлиши отларни протеин, калций, фосфор, коротин ва бошқа тўйимли ҳамда биологик фаол моддаларга бўлган талабини тўлиқ қондириши керак. Рацион ҳар 2-3 ҳафтада ўзгартирилиб янги озуқалар киритиб борилади. Рациондаги озуқалар сифатли бўлиши талаб этилади.
Қиш мавсуми бошланишидан олдин хўжаликлардаги ҳамма озуқалар улардаги органик ва минерал моддалар бўйича тахлил қилинади. Шунга асосан отларни тўлақийматли озиқлантириш ташкил этилади.
Биялар. Отларни қочириш мавсумий бўлганлиги сабабли қиш мавсумига биялар асосан бўғоз ҳолида кириб келади. Қиш даврида бўғоз бияларни ажратиб алоҳида парваришлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Қиш даврида бияларни тўлақийматли озиқлантириш ҳар хил озуқаларни танлаб олишга асосланади. Сифатли пичан билан бирга рационга ҳар хил турдаги концентрат ва ширали озуқалар киритилади. Қиш даври биялар бўғозлигининг иккинчи ярмига тўғри келганлиги сабабли рациондаги концентрат миқдори 1-2 кг-га кўпайтирилади. Бу даврда айниқса кепакдан ва арпадан атала, кунига 2 кг-дан сабзи, ўт ва гўшт-суяк уни ҳамда минерал-витаминли қўшимчалар бериш тавсия этилади.
Қиш даврида биялар отхонага яқин бўлган яйловларга олиб чиқилади. Совуқ кунларда отхонада қолади ва яйратиш майдончаларида яйратилади.
Тойлар. Қиш мавсумига ўтиш олдидан октябр, ноябр ойларида тойлар оналаридан ажратилади ва улар тамғаланади. Тамғалаш 2 хил усулда амалга оширилади: 1 – куйдириш усули, 2 – совуқ усулда тамғалаш, совуқ усулда тамғалаш оғриқсиз бўлиши ва аниқ кўриниши билан афзал ҳисобланади.
Тойларни онасидан ажратиш аста-секинлик билан эмас дархол амалга оширилади. Онасидан ажратилгандан сўнг ўсишдан қолмаслиги учун етарли миқдорда сифатли озуқалар билан таъминланиши керак: бунда 3-4 кг майдаланган арпа, 3-5 кг пичан, 0,5 кг кепак ва 2 кг-гача сабзи берилади.
Онасидан ажратилган тойлар 2-3 кун отхонада сақланиб 2-3 отбоқар назоратида яйловга олиб чиқилади. Тойларга қари бияларни қўшиб яйловга олиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Яйловда боқиш даврида тойларга қўшимча равишда майдаланган сабзи, арпа, кепак ва озроқ пичан берилади. Совуқ тушиши билан яйловда боқиш қисқариб боради. Совуқ тушгач отхонада боқилиб кундузи яйратиш майдончасига чиқарилади ёки 1-2 соат яйловда айлатирилиб келинади. Отхонада сақлаш шароитига ўтилганда эркак тойлар ва урғочи тойлар ажратилади.
Тойлар оналаридан ажратилгандан бошлаб отларга қўлланиладиган барча қоидалар уларга ҳам қўлланилади. Бошлаб тойларни арқонлаб юришга ўргатилади. Бунинг учун яйратиш майдончасига ёки яйловга олиб чиқишда юганланади. Отхонага олиб киришда ҳам арқонлаб олиб кирилади.
Тойларни тозалашга ҳам аста-секин ўргатиб борилади. Аввал силаб кейин тойнинг ўзи етмайдиган жойлари (бўйни, кўкраги) қашланади ва сочиқ билан артиб чиқилади. Зинхор қашлағич ишлатилмайди. Бурнининг атрофлари нам сочиқ билан артилади. Шу тариқа қиш мавсуми давомида тойлар қўлга ўргатиб борилади.
Қиш даврида тойлар 4 марта озиқлантирилади. Концентрат озуқалар 3 мартада бўлиб берилса, пичан 4 мартада, сабзи, лавлаги ва бошқа ширали озуқалар 1-2 мартада берилади.
Қиш мавсумида айғирлар учун 12-15ц, биялар учун 8-10ц, тойлар учун 5-7ц-дан сифатли пичан тайёрланади.
Шундай қилиб қиш даврида отларга яхши озиқлантириш, асраш ва парваришлаш шароитлари яратилса қишлов беталофат ўтади.
Аҳоли хонадонларида товуқ боқиш бўйича тавсиялар
Мамлакатимиз тиббиёт мутахассисларининг хулосаларига кўра, киши соғлом бўлиши учун бир йилда ўртача 9,648 килограмм парранда гўшти ва 121 дона тухум истеъмол қилиши зарур. Аслида парранда гўшти ва тухуми парҳез маҳсулотлари ҳисобланиб, инсон организми учун жуда фойдалидир.
Товуқ зотлари ва кроссларини танлаш. Тармоқнинг ривожланишида табиийки, паррандалар наслининг алоҳида ўрни бор. Жаҳонда тухум йўналишидаги паррандаларнинг ҳозирги кунда замонавий кроссларидан “Ломанн” (Германия), “Декалп”, “Хайсекс” (Голландия), “Хай-Лайн” (АҚШ) ва “Родонит-3” (Россия) зотлари маълум. Юртимизда ҳам улардан унумли фойдаланилмоқда. Масалан, 1992 йилда Германиядан “Ломанн” зотлари келтирилган бўлиб, ҳозирги кунда мамлакатимиз бозорларидаги тухумларнинг 70 фоизи унинг улушига тўғри келади. Улар жигарранг, оқ ва оч кулранг бўлиб, асосан Самарқанд вилоятидаги “Оғалик – Ломанн парранда” қўшма корхонасида етиштирилган товуқлардан олиняпти. Ушбу зотли паррандалардан уй шароитида бир йилда 270 дона, саноат усулида эса 330 донагача тухум олиш мумкин.
Дунёда гўшт йўналишидаги паррандалардан товуқларнинг бир қатор наслларидан фойдаланилади. Улар сирасига Англиянинг “Росс-308”, “Росс-708”, Франциянинг “Хаббард F-115”, АҚШнинг “Арбор айкрес плюс”, “Кобб” зотли товуқлар киради. Мазкур зотли товуқлар ҳар бирининг тирик вазни 38-42 кунлигида 2,3-2,5 килограмм тош босади. Бундай пайтда сўйилган жўжаларнинг гўшти юмшоқ ва парҳезбоп бўлганлиги боис ҳам одамлар томонидан севиб харид қилинади. Тўйимлилиги жиҳатидан эса ўрдак ва ғоз гўштидан юқори туради. Боиси уларда тўйимли протеинлар миқдори кўпроқ, ёғ миқдори эса кам. Ҳозир юртимиздаги паррандачилик хўжаликларида ҳам ана шундай наслли жониворлар парвариш қилиниб, гўшти аҳолига сотилмоқда.
Бройлер — (инглизча: broiler, broil) оловда қовуриш деган маънони билдиради. Бройлер тез етиладиган гўштдор жўжа. Бройлер гўштидан асосан парҳез таомлар тайёрланади. Бройлер гўшти олиш учун жўжа қисқа муддатда етарли даражада семиртирилади.Бунинг учун оғир вазнли ва тез етиладиган Росс-308, “Кобб”, “Хабборд F-15” бройлер кросслари, “корниш”, “оқ плимутрок”, “Суссекс”,“ньюгемпшир” каби сертухум ва сергўшт зотли хўроз ва товуқларнинг чатишишидан олинган дурагай жўжалардан фойдаланилади.
Оддий уй жўжаси асосан тухум йўналишида бўлади. Бройлер жўжалари эса гўшт йўналишида боқилиб, 38-42 кунда тирик вазни 2,3-2,5 кг. бўлади. Бу вақтда оддий жўжанинг тирик вазни 1,2-1,4 кг. бўлади. Гўшт олиш учун етиштирилган бройлер жўжалар технология бўйича 1-2 кун ичида сўйилиши шарт. Акс ҳолда, бу фурсат чўзилиб кетса, улар тирик вазнини тезда йўқотади. Шу боис, бройлерларни боқиш вақти энг кўпи билан 5-6 ҳафтани ташкил этади.
Маълумотларга кўра, парранда гўшти тез ҳазм бўлиш хусусиятига кўра барча турдаги чорва моллари гўштидан устун туради. Таркиби ҳар хил кимѐвий элементларга бой. 2 ойлик жўжа гўшти таркибида 20 фоизга якин оқсил, 10-12 фоиз ѐғ бўлади. Бройлер жўжаси гўштининг ҳазм бўлиш коэффициенти 94 – 95 фоизни ташкил килади. Юртимизда бройлер жўжалар биологик, яъни ўз таркибида меъёрга асосан озуқа моддалари, 20 дан ортиқ витаминлар, макро ва микроэлементлари мавжуд бўлган витамин – минералли премикслари билан бойитилган, тўйимли ва сифатли омухта ем билан озиқлантирилади.
Паррандачиликда парранданинг зоти, ёши, вазни, маҳсулдорлигини инобатга олиниб тўйимли озуқалар билан боқиш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун озуқа таркибига витаминли – минерал премикслари, аминокислоталар, ферментлар, пробиотиклар ва бошқалар озуқа қўшимчалари талаб этилган меёрларда қўшилади.
Ҳозирги кунда озуқаларнинг сифатини ва таркибини экспресс усулда аниқлаш учун лаборатория анжомлари мавжуд. “Агалик – Ломанн парранда” қўшма корхонасида 1996 йилдан бери Германиянинг “Меллер” технологик анжомларидан фойдаланилмоқда. Ҳозирги вақтда Украинанинг “ТЕХНА”, Германиянинг “Хелманн” ва “Салмет” компанияларининг технологик анжомлари саноат паррандачилигининг замонавий талабларига тўлиқ жавоб беради. Туркия, Эрон, Хитой давлатларида ишлаб чиқилган паррандачилик технологик анжомларига ҳам паррандачилар томонидан талаблар мавжуд. Бухоро вилоятида Озарбайджон давлати билан ҳамкорликда паррандаларга озуқа тайёрлаш заводи, Қибрайда паррандаларга премикслар тайёрлаш минизаводлари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент вилоятидаги “Ишонч – Надежда” фермер хўжалиги ва Самарқанд вилоятидаги “Агалик – Ломан парранда” қўшма корхонаси Россиянинг Пятигорск шахридан яна 3 тадан комплект келтирилган замонавий инкубаторлар фаолият кўрсатиб турибди.
Касалликлар олдини олиш ва уларга қарши курашиш. Парранда юқумли касалликларини олдини олиш мақсадида вакцина ва антибиотиклар қўлланилади. Ўзбекистон шароитида хавфли хисобланган юқумли касалликлардан Псевдочума (Ньюкасл касаллиги), Инфекцион бронхит, Инфекцион ларинготрахеит, Марек ва Гамборо касалликлари, Чечак (оспа), Микоплазмоз ва Салмонеллёзларга қарши профилактик ишлар доимий равишда олиб борилади. Бу борада яна Тошкент вилоятидаги “Тошкент парранда” МЧЖ ва “Қибрай парранда” МЧЖ лар ҳамда Бухоро вилоятидаги “Бухоро паранда” ОАЖ ларда 1 тадан замонавий “Биочек”(Голландияда ишлаб чиқарилган, Европа давлатларининг 70 фоизи шу анжомлардан фойдаланишади) паррандачиликка ихтисослашган маҳсус ИФА (имунно-ферментный анализ) ташҳис этувчи ветеринария лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. 2011 йилда “Самарқанд парранда” ҚК ва “Мароқанд парранда” МЧЖ ларда 1 тадан “Биочек” ташҳис этувчи ветеринария лаборатория анжомлари ўрнатилиб ишга туширилди. Жорий йилда Тошкент вилоятидаги “Ўртачирчиқ парранда” ОАЖ ва “ЮТМ парранда” МЧЖ ларда ҳам 2 та “Биочек” анжомлари ўрнатиш режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, паррандачиликнинг ҳам аҳоли саломатлигига, ҳам иқтисодий томондан фойдаси катта. Шу боис бугун парранда гўшти етиштириш дунёда ҳам, мамлакатимизда ҳам жадаллик билан ривожланмоқда.
АСАЛАРИЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ ТАДБИРЛАР
Андижон вилояти фермер хўжаликларида асаларичилик ишларини ташкил этиш ва асалари оиласини боқишнинг илғор технологиясини қўллаш ва маҳсулдорлигини ошириш йўлларини ташкил этиш, эрта баҳорда бажариладиган технологик жараёнларни амалга ошириш муҳимдир. Шунинг учун ҳам ҳар бир асаларичи асаларизорда баҳор келиши билан асалари оиласида кечадиган барча жараёнларни тўғри ва ўз вақтида бажарса, эртанги кунда мўл ҳосил олишига замин яратади.
Асаларини етти хазинанинг бири, деб ҳисоблайдилар. Ҳақиқатдан ҳам, бу бор гап. Бу фойдали ҳашоратнинг фойдаси жуда катта. Унинг асали кўп хил касалликларга даво. Шунингдек, унинг муми саноатимизда муҳим хомашё ҳисобланади. Асалари заҳри, сути, прополиси, гулчанги кўпгина хасталикларга даво эканлиги ҳаммага маълум.
Асаларилар ўсимлик гулини четдан чанглантириши натижасида, уларнинг турларини соғломлаштириш ва юқори маҳсулдор навларни вужудга келтиришга шароит яратади ва уларнинг ҳосилини маълум даражада оширади.
Республикада асаларичиликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Уларга хизмат кўрсатиш маданияти тубдан ўзгармоқда, соҳани саноат технологияси асосида ривожлантириш йўллари изланмоқда.
Республикада тез суръатлар билан ривожланиб бораётган фермер хўжаликларида асаларичилик ишларини ташкил этиш ва асалари оиласини боқишнинг илғор технологиясини қўллаш ва маҳсулдорлигини ошириш йўлларини ташкил этиш асосан асалари оиласида эрта баҳорда бажариладиган энг майда кўзга илғамас технологик жараёнларини амалга оширишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам асаларичи фермерлар асаларизорда баҳор келиши билан асалари оиласида кечадиган барча жараёнларни тўғри ва ўз вақтида бажарса, эртанги кунда мўл ҳосил олишига замин яратади.
Асалариларнинг нормал оиласи 50-80 минг ишчи асалари, юзларча эркак асалари ва битта она асаларидан ташкил топади. Шу билан бир вақтда, оилада тухум, личинка ва ғумбаклар ҳам бўлади.
Уянинг кўп қисмини ишчи асаларилар ташкил этади. Ишчи асаларилар уя асалариларига ва учадиган дала асалариларга бўлинади. Баҳор ва кузда, яъни табиатда гулчанги ва гулшира кўпроқ бўлганда ишчи асаларилар 40-45 кунгача яшай олади. Куз ва қишловдан олдин тухумдан чиққан асаларилар эса, олти-етти ой яшайди.
Эркак асаларилар оиланинг вақтинча аъзоси ҳисобланади. Уларнинг бирдан-бир вазифаси она асаларини кўпроқ уруғлантиришдир. Эркак асаларилар баҳор ўрталарида вужудга келади. Ишчи асаларилар эркак асаларини фақат шира йиғиш пайтидагина боқадилар. Шира йиғиш иши тугаши билан, эркак асаларилар рахмсиз суратда, уядан ҳайдаб чиқарилади.
Она асалари уядаги ягона урғочи асалари бўлиб, барча асалариларнинг онасидир. Яхши она асалари кунига 2000 та гача тухум қўяди. Асалари оиласининг соғлом бўлиши, она асаларининг сифатига боғлиқ. Она асалари беш йилгача яшаши мумкин. Аммо икки ёшга киргач, унинг тухум қўйиш қобилити пасаяди ва кўпроқ эркак асалари чиқадиган тухум қўя бошлайди. Шунинг учун ҳам тажрибали асаларичилар она асаларини ҳар йили алмаштирадилар.
Асалари оиласини ташқи ҳарорат салқин жойда +140 дан паст бўлмаганда, умумий текширишга киришилади. Аммо асалари оиласининг умумий аҳволи қониқарли бўлса, у ҳолда тўлиқ текшириш ишлари ҳаво ҳарорати 16-180 даража бўлгунча қолдирилади.
Асалари оиласини текшираётган вақтда асаларичининг қўли тоза, оқ ёки қора халат ҳамда қўланса ҳид келмайдиган (атир, упа, пиёз, саримсоқпиёз, бензин, керосин, тер ҳиди) кийимларни кийган бўлиши керак, шундай қилинганда асаларилар кам безовталанади ва чақишга ҳаракат қилмайди.
Асалари оиласини текширишда тутатгич ёрдамида асалари уясига асалари кирадиган туйнукча орқали 2-3 марта тутун тутатилада, орадан 1-1,5 дақиқа ўтгач уя қопқоғи очилиб, устки ёпқичнинг бир чеккасини қайтариб, секин-аста рамкаларни асаларичи исканаси ёрдамида суғуриб олиб, текширишга киришилади.
Уяни текшириш вақтида асаларилар билан ишлаш қоидасига (уяни тақиллатмай, асалариларни безовталантирмай) амал қилиш керак. Оилани текшириш вақтида асаларичи асалари кирадиган туйнукча олдини тўсиб қўймаслиги лозим, у уянинг ён тарафида туриб ишлаши зарур, акс ҳолда асаларилар безовталаниши мумкин. Бундан ташқари, асалари уяси текширилаётган пайтда, қўшни уя асаларилари ўғирликка кираётганини сезса ҳам асаларилар безовталанади. Шунинг учун ҳам текширишни дарҳол нариги четдаги қатордан бошлаш керак.
Асаларичи иш бажаришга киришишда, аввал ишлаш учун керакли асбоблар: асаларичи кўчма қутиси, чириган тўнка, дарахт пўкаги, ва тутатгич асбобини тайёрлаб қўйиши лозим. Асаларизорда асалари оиласи билан иш бошлашда, олдин оқ халат ва бошга кийиладиган тўрли юз ниқобини кийиб ишга киришиш керак.
Уядан суғуриб олинган рамкаларни уя устида кузатиш тавсия этилади, шундай қилинганда рамкадан тўқилган ёш асаларилар уяга тушади ва нобуд бўлмайди.
Рамкаларни асаларилардан тозалаш керак бўлса, ғоз патидан тайёрланган супурги ёки бойланган бир тутам ўт ёрдамида, асаларилар супуриб туширилади. Агар ўша рамкада ёш асалари қуртчалари ва янги келтирилган гул шираси бўлмаса, у ҳолда рамканинг икки четидан маҳкам ушлаб, асалариларни силкитиб тушириш мумкин.
Оиланинг ички ҳажми кенгайтирилаётганда юзаки текширилади ва чеккадаги рамкаларни бир оз четга суриб, уларнинг ўрнига кенгайтиришга мўлжалланган рамкалар қўйилади. Агар табиатдан шира келаётган бўлса, у ҳолда асалари уясининг керакли жойларига мумпардали рамкалар берилади.
Асалари зотларини танлаш, сизга асалари оиласи қандай мақсад учун зарурлигига боғлиқ. Кимдир унинг асалига шайдо бўлса, кимдир унинг учиб юришини, унинг ишини кўриб завқланиб яшайди. Агарда асаларининг асали учун оладиган бўлсангиз, у ҳолда кўп асал берадиган асалари зотларини танланг.
Асаларичиликда шу пайтгача ҳам ҳали инсон томонидан бирорта ҳам асалари зотлари яратилмаган. Шунга қарамасдан ҳар бир худуднинг табиий иқлим шароитига мослашган асалари зотлари бор. Мана шу зотларни абориген зот деб аталади.
Кўп минг йиллар давомида табиат қонунлари бўйича, табиий саралаш оқибатида бир-биридан марфологик, биологик ва хўжалик фойдали кўрсаткичлари ҳамда ҳудудлар бўйича ўз номини олган абориген асалари зотлари мавжудлиги мутахассисларга маълум.
Бугунги кунда юртимизда кўп асал берадиган маҳаллий зотли асаларилар билан бирга “Ўрта рус”, “Кулранг Кавказ тоғ асалариси”, “Карпат” зотли асаларилар ва бошқа жойдан келтирилган “Италия” зотли асалари ҳамда Австриядан келтирилган “Краинка” асалари зотлари тарқалган.
Асалари уяларини қисқартириш, озиқлантириш ва яхши қаров билан қулай шароит яратилганда асалари оилаларида ёш асалариларни тез етилишига имкон туғилади. Кунига кўплаб ёш асаларилар дунёга келади ва март ойининг ўртаси ва охирига қадар қишловдан чиққан асаларилар тўлиқ алмашади. Бу вақт давомида асаларизорда оилаларни навбат билан кўздан кечириб туриш, зарур ҳолатларда, асаларилар сони кўпайиб туриш зарур.
Шундай пайтда кучсиз асалари оилаларига биттадан ром ва кучли оилаларга эса иккитадан бўш ва сифатли асалари роми бериш мақсадлидир. Илк бор уяни кенгайтиришда яхшиси ромларни тўсқич тахта олди ва наслли ромлар ўртасига жойлаш зарур, бундай ҳолда улар уядаги наслли ромлар қисмини бўлиб қўймайди ва ҳароратнинг тушиб кетишига сабаб бўлмайди. Кейинги бор кенгайтирганингизда эса оиланинг аниқ аҳволидан келиб чиқиб, икки ва ундан ортиқ ромлардан қўшиш мумкин. Баъзи асаларилар ўрик ва олмазорлар қийғос гуллаган паллада янги мумпардали ромлар қўядилар ва шу даврда улар бир – иккитадан янги ромлар қуриб ҳам оладилар. Бунинг учун оила кучли, ёш асаларилар сони озуқа заҳираси етарли бўлиши керак.
Қулай об-ҳаво шароитида ўрик ва олмадан асал олиш бир килограмм ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Асалариларни гул ширасини жойлаш учун зарурий ромлар билан таъминлаш даркор. Айнан шу боис уядаги тўсқич тахта ортига 1-2 та бўш ром ёки оз асалли рамкалар қўйиш тавсия этилади. Бундай рамкалар асаларилар томонидан тез тозаланади ва гулчанг, шира жойлаштириш учун фойдаланади. Шу даврда асаларичи уяни кенгайтиришга улгурмай қолган тақдирда ҳам, она асалари тўсқич тахта ортига ўтиб тухум қўйишни давом эттираверади.
Айнан шу даврда асаларизорда она асалариларни мустақил равишда сунъий усулда чиқариш режалаштирилаётган бўлса, бўлғуси ёш асалари оилалари ва тарбияловчи оилалар тўғрисида қайғуриш керак.
Сунъий усулда она асалари етиштиришда шошилмасдан асалари личинкалари олинадиган оилаларни кузатинг ва об-ҳаво қандай келишини ўрганинг. Фақат эркак асаларилар сони етарли миқдорда бўлгандагина бу ишга киришинг. Бу эркак асаларилар дунёга келганининг иккинчи ҳафтасида унинг жинсий етилишига боғлиқдир.
Одатда она асалари ўз ҳаётида бир маротаба ва бирваракайига бир нечта (7-10) эркак асаларилар билан урчийди ва уруғ унинг сперматекасида йиғилади. Асаларизордаги эркак асалариларнинг фаровонлиги ва етарлилиги она асалариларнинг сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Асаларизорда уруғланган она асалари олишнинг оптимал даври эркак асалариларнинг миқдорига боғлиқ. Ўзбекистон ҳудудларида бу жараён асосан апрелнинг иккинчи – учинчи ўн кунликларига тўғри келади.
Асаларизорда ёш она асалариларни эркак асалари билан бирга чатиштириш учун ишлаб чиқаришда қўлланилмайдиган ва ҳатто уларни назорат қилиб бўлмайдиган даражада очиқ соф ҳавода бир неча километр баландликда содир бўлади, ёки бўлмаса урчитиш мақсадида сунъий уруғлантириш усулларини қўллаш мумкин. Бунинг учун энг кичик оилачаларни нуклеус ва микронуклеусларни шаккллантириш мумкин.
Асалари оиласини озиқлантириш
Баҳорги давр учун асосийси – оилани озуқа билан таъминлашдир. Хомаки ҳисоб шундай бўлиши керак, битта рамкадаги асалари наслини ўстириш учун битта асал озуқали ром бўлиши лозим. Шунда ҳам об-ҳаво яхши бўлиб, асаларилар ўзларига керакли бўлган озуқани илк гулчанг ва шира берувчи ўсимликлардан йиғиб олишса мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда асалариларга кўмаклашиб юборишга тўғри келади. Асаларилар учишга имкон тополмайдиган совуқ кунларда уларга рамка устидан асал озуқаси бериб турилади. Мабода об-ҳаво қулай келиб, асалариларнинг фаол учишларига имкон бериб турса, дарахтлар гуллагунга қадар суюқ шакар шарбати бериш мумкин. Кундалик шакар шарбати (ҳар куни ёки кун ора) бир меъёрдаги озуқа таъминоти (илюзиясини) таасуротини вужудга келтириб, она асаларини тухум қўйишга фаолроқ кириштиради. Оилада озуқа етарли бўлган тақдирда 100-150 грамм миқдорида шарбат берилади, озуқа захираси оз бўлганда унинг миқдори кўпайтирилади. Шакар шарбати оз-моз нордонроқ бўлгани маъқул. ( 10 килограмм шакарга 3 грамм сирка). Аммо шуни эсда тутиш лозимки, шакар шарбатини ишлашда асаларилар кўп куч сарфлайди ва унинг умри қисқаради.
Асалари оиласида ёш асалари наслининг миқдори кўп бўлганда, асаларилар сувга кўпроқ эҳтиёж сезади. Шунда асаларизордаги сувдонга қайнатилган илиқ сув солиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун оддий самоварлардан фойдаланиш мумкин. Бундай самоварларни кунига бир маротаба сув солиб, озгина олов билан сувни иситиш мумкин. Бундай илиқ сув кун бўйи асалариларни таъминлаши мумкин. Ҳатто совуқ ҳароратда ҳам асаларилар сувдонга қўниб, илиқ, шўрланган сувдан сувланиб олгач, исинади ва уясига бемалол етиб олади. Бундай сувдонда илиқ сув бўлмаган тақдирда, айниқса, такрорий совуқларда асаларилар бошқа манбаалар: ариқ, кўлмак ва ҳакозалардан сув олишга мажбур бўлади. Совуқ сув таъсирида асалари совуқ қотиб нобуд бўлиши мумкин.
Асалари оиласини парвариш қилаётганингизда, даладан яхшигина шира келаётган бўлса, янги берилган мумпардали рамкаларни бир кунда тўқийди. Уядаги рамкаларни устки қисми оқариб кетади, ҳатто уядаги рамкалар устидаги сурп-матони ҳам мум билан ёпиштириб ташлайди, шунда уларни рамкалар устидан зўрға кўтариб олиш мумкин. Бу белгилар, асал тортиш даври бошланишини билдиради.
Уядан асалли рамкаларни олишдан олдин, тутатгич асбоби билан асалари уясига бир оз тутун киритилади. Сўнгра асалли рамкалар олинади. Бунда очиқ наслли рамкалар олинмайди ва она асалари оҳисталик билан бошқа рамкага олиб қўйилади.
Асалли рамкалар устидаги мум қопқоқчалар, ўткир ва иссиқ пичоқ ёрдамида кесиб олинади. Бундай рамкалардаги асал махсус асбоб асалторткич ёрдамида ажратиб олинади. Асали олинган рамкаларга бир оз сув сепиб, асалари оиласига берилса, уни асаларилар тез ва осон тозалаб қўяди.
Асал тортиш мавсуми йил давомида 2-3 маротаба, айрим йилларда эса ундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Асал тортиш мавсуми тугагач, асалари оиласини қишловга тайёрланади. Бунинг учун қишловга кетадиган асалари оилаларига кўп миқдорда ёш асаларилар бўлиши таъминланади ва ҳар бир асалари оиласига қишлов учун, унинг кучига қараб 10-15 кг гача сифатли озуқа асал қолдириш лозим.
Қишловга кетадиган асалари уясидаги рамкаларнинг устига ва ён томонида иситиш ёстуқчалари билан ўраб қўйилади. Асалари қутисидаги устки ва остки учиш туйнуклари ҳажми битта асалари қириб чиқадиган даражада, торайтириб қўйилади. Қишлов даврида онда-сонда қелиб, қишлов қандай ўтишини текшириб турилади.
Асалари оиласининг асал бериш миқдори ва сифати турли омилларга боғлиқ. Умуман олганда битта асалари оиласи ўртача 15-20 кг гача асал бера олади. Агар асалари оиласи тўғри парваришанса ва қаралса, ундан ҳам кўп асал олиш мумкин. Айрим асаларичилар эса бундай асалариларни кўз қорачиғидай асраб вақти-вақти билан озиқлантириб, мўл-кўл асал олишга эришаяптилар ҳам. Аммо қанча асал бериш, ҳар бир асалари оиласида турлича бўлади. Булар албатта, уларни яхши серасал ўсимликлар жойлашган жойга кўчириб туришга ва асалари зотига ҳам боқлиқдир.
Асалари касалликлари ва уларни олдини олиш
Асалари оиласини ривожланишига асосан варроатоз, акарапидоз, америка ва европа чириш, нозематоз, аскосфероз, пестицидлар билан заҳарланиш ва бошқа бир неча инфекцион ва инвозион касалликлар тўсқинлик қилади. Варроатоз касаллиги бугунги кунда асалариларнинг энг хавфли касаллиги бўлиб, каналар ишчи, эркак ва ёш асалари насли танасида паразитлик қилиб яшайди. Агар йил давомида варроатозга қарши курашилмаса асалари оиласи нобуд бўлиши мумкин.
Асаларининг касалликлари ҳар хил бўлади. Уларни икки гуруҳга; юқумли ва юқумсиз касалликларга бўлиш мумкин.
Асалари касалликларининг олдини олишнинг энг асосий йўлларидан бири – бақувват оилаларнинг яхши, зооветеринария қоидаларига асосан ҳар йили барча асалари оилаларини ветеринария врачи кўригидан ўтказиш ва асалариларга баҳорда антибиотик дорилар қўшилган қўшимча озиқалар беришдир. Асалариларни нормал боқиш тадбирлари кўрилган жойларда асаларилар жуда кам касалланади.
Асаларилардаги кўпгина касалликлар деярли бир хил белгига эга бўлади. Шунинг учун ҳам фақат мутахассисларгина касалликни аниқлай олишлари ва унга қарши муваффақиятли даволаш тадбирларини қўллашлари мумкин. Касалликни аниқлаш, кўпинча турли ташхислар қўйиш ёрдамида амалга оширилади. Шунинг учун ҳам касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлиши биланоқ, касалланган асаларилардан ва унинг наслидан намуна олиб, яқин орадаги ветеринария лабораторияларига мурожаат қилиш керак.
Республикамиз шароитида асаларичиликда баҳор ойларида қўлланиладиган бундай тартиб қоидалар турли вилоятларда турлича бўлиши мумкин, лекин бу ишлар негизида эрта баҳордан бошлаб асалари оиласини тўлақонли қилиб ривожлантириш ва асосий асал йиғими давригача кучли асалари оилаларини шакллантиришдан иборат бўлади.
Оилани кўздан кечиришда ромларнинг ифлосланишига эьтибор қаратиш керак. Агар уя жуда ифлосланган бўлса, оилани янги ёки дезинфекцияланган уяга кўчирилади.
Баҳор ҳавоси паст ва жуда ўзгарувчанлиги сабабли, уянинг асосий насл жойлашган қисмида доимий юқори хароратни сақлаб туриш учун асаларилар кўп куч ва озуқа сарфлайди. Шунинг учун баҳорда оиладаги асаларилар тўлиқ, эгаллаган ромларни қолдириш ва тўсқич ортига заҳира сифатида 1-2 ром асал қўйиш тавсия этилади. Иситиш ёстиқчалари ромлар устини тўлиқ қоплаб, уя деворларига зич тегиб туриши керак. Оилаларни тўлиқ кўздан кечириш ва уяни тафтишдан ўтказишни соядаги ҳарорат 12°С дан кам бўлмаганда амалга ошириш лозим. Совуқ ва шабада эсган пайтда кўздан кечириш уянинг совуб қолишига олиб келиши мумкин.
Назорат асаларилар парвозга яхши чиқмаган оилалардан бошланади. Назоратда асаларилар тўлиқ эгаллаган ромлар сонига кўра, оила кучига, уянинг умумий аҳволига, асалариларнинг озуқа билан таъминланганлигига баҳо берилади.
Бўш ёки асалари билан қопланмаган ромлар олиб ташланади, уя туби нобуд бўлган асаларилардан тозаланади. Асаларилар парвози якунлангандан сўнг, барча уядаги туйнуклар торайтирилади – кучли оилаларда 5-6 см-гача, ўртача оилаларда – 3-4 см-гача. Жуда кучсиз, хасталанган оилаларда туйнук кенглиги 1 см-дан (1-2 асалари ўта олиши учун) ортмаслиги керак.
Она асаларининг мавжудлигини марказдаги 1-2 та ромни кўздан кечириб билиш мумкин. Агар оилада етарли асалари тухуми ва ёш личинка мавжуд бўлса, бу она асалари мавжудлигидан далолатдир. Агар асалари насли кўринмаса, бироз вақтдан сўнг такроран кўздан кечирилади – она асалари ҳали тухум қўйишга киришмаган бўлиши мумкин. Она асалари йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун тухум ва личинкали назорат ромлари бериш керак.
Она асаларисиз оилани тиклаш учун баҳорда одатда нуклеусли – 1-2 ромли кичик оилачалар ташкил этилади. Бундай оилачалар она асаларисиз оилага қўшилиб, она асалари бир кунга сим тўрли қафасча остига олинади. Агар нуклеус ёки урчиган сифатли заҳира она асалари бўлмаса, оила бошқа асаларили оилага қўшиб, уя бирлаштириб юборилади.
Кам асалли оилаларга заҳирадан 1-2 асалли ва пергали ром бериш керак. Агар уяда асал кам, заҳирада асал бўлмаса, асалариларга 1 кг шакарга 1 л сув ҳисобида тайёрланган қиём берилади. Қиём янги соғилган сут илиқлиги даражасида, оқшомда охурига ёки бўш ромларга ҳар оилага 0,5 л миқдорида қўйиб, ажратувчи тўсқич ортига жойлаштирилади. Кейинги назоратга қадар ҳар куни озиқлантириб турилади.
Асаларилар авлодининг алмашинуви она асаларининг илк тухум қўйишидан бошланади. Аввалига она асалари кунига 20-30 донадан тухум қўя бошлайди, у ортиб уяда 1000 тадан зиёд тухум пайдо бўла бошлайди. Она асаларининг тухум қўйиши фаоллашуви ва ёш асаларилар парвариши билан қишловдан чиққан асаларилар иши кўпаяди. Бунинг оқибатида уларнинг қувватсизланиши ва умри қисқариши тезлашади.
Одатда феврал охири – март ойи бошларига келиб қишловдан чиққан барча ишчи асаларилар нобуд бўлиб, ўрнини янги, ёш асаларилар эгаллайди. Бу пайтга келиб асаларилар сони ортмайди, балки камайиб кетади. Бироқ асалари оиласи таркибида мухим сифат ўзгариши юз беради – оила доим ёшариб боради.
Баҳорнинг ўзгарувчан ҳавосида асалари оиласиниг муваффақиятли ривожи учун оилада юқоридан пастгача тўлиқ асаларилар билан қопланган ромлар бўлиши талаб этилади. Шунинг учун илк назоратда ромлар миқдорини асаларилар тўлиқ эгаллай оладиган даражада камайтириш керак.
Оилада асалари насли бўлмаган хар қандай ромни олиб ташлаш лозим. Биринчи навбатда ифлосланган, моғор босган, кемирувчилар тешиб қўйган, нотўғри қурилишли ва бошқа яроқсиз ромлар уядан олиб ташланади.
Асалари оиласини серасал ўсимликлар майдонларига ва қишлоқ хўжалик экинларини чанглантириш мақсадида уларни 5-7 кун олдин кўчириш лозим. Одатда Ўзбекистон шароитида асал тўплаш мақсадида асалари оиласини 5-6 маротаба кўчириб туриш мақсадга мувофиқдир.
Шу даврда қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши кимёвий препаратларни қўллашда белгиланган хавфсизлик чораларига риоя қилиш лозим, акс холда барча асалари оиласи заҳарланиб ўлиши мумкин.
Асаларичиликда куз фаслини бошланиши балан асаларининг юқумли касалликлари ва зараркунандаларига доимий қарши курашиб бориш ва ветеринария дори-дармонларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Куз фаслида асаларизорда хар қандай касалликлар пайдо бўлишдан сақлаш чораларини кўриш лозим.
Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: