2016 йил 25 февраль куни Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги 26-сонли мусиқа мактабида Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Хотин-қизлар комиссияси томонидан бирлашма Кенгаши ҳамда вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
“Аёл оиланинг, жамиятнинг ишончи ва таянчидир” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Унда ҳамкор ташкилотларнинг хотин-қизлар қўмитаси раислари, тармоқ касаба уюшмалари туман, шаҳар кенгашларининг хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари раислари, иш берувчилар вакиллари ва кўплаб касаба уюшмаси фаоллари иштирок этдилар.
Мазкур семинардан кўзланган мақсад “Соғлом она ва бола йили” Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши дастурининг 11-банди вазифаларини бажариш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида фаолият юритаётган аёллар учун енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш, аёллар меҳнати қўлланиши таъқиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишларнинг рўйхати ҳамда улар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегараси ҳақида маълумот бериш, аёлларнинг меҳнат шароитини яхшилаш ва уларнинг мазкур соҳадаги ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда жамоа шартномалари доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан тажриба алмашишдан иборат.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик улкан ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент Фармонлари, Ҳукумат қарорлари шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг тегишли қарорларида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият қурилишида фаол қатнашишлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувда ҳамда корхона, ташкилотларда тузилган жамоа шартномаларида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси, уларнинг меҳнат ва дам олиши, соғломлаштирилиши, меҳнат муносабатларини янада тартибга солиш, меҳнат қонунчилиги бузилишини олдини олиш ва уларга яратилган шарт-шароит ҳамда меҳнат муҳофазасига қаратилган меҳнат меъёрлари ўз аксини топган.
Комиссиянинг асосий мақсади – корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, қулай меҳнат шароитларини яратишга қаратилган вазифаларни жамоа шартномалари орқали амалга оширишдан иборат.
Қабул қилинган жамоа шартномаларининг деярли барчасига “Аёллар меҳнатини тартибга солиш. Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими киритилган. Жамоа шартномалари лойиҳасини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш комиссиялари томонидан лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш вақтида ушбу бўлим киритилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Семинарни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Ш.Собиров очиб берди. У анжуманга йиғилган аёлларни “Халқаро хотин-қизлар куни” байрами билан табриклаб семинар ишига муваффақият тилади.
Сўнг бирлашма Хотин-қизлар комиссияси раиси Р.Газиева сўзга чиқиб семинар иштирокчиларини жамоа шартномалари доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилган ишлар ҳамда ХМТ Конвенциялари ҳамда “Соғлом она ва бола йили” дастури асосида бажарилиши зарур бўлган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Семинар-тренингда вилоят бирлашмаси Кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Б.Мирзаев ҳам сўзга чиқиб аввал хавфли ишлаб чиқариш объектларида фаолият юритаётган аёллар учун енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилиши бўйича, Аёллар меҳнати қўлланиши таъқиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишларнинг рўйхати ҳамда улар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегараси тўғрисида семинар иштирокчиларига батафсил маълумот берди.
Сўнг “SWOT” таҳлили бўйича семинар-тренинг қисми бошланди. SWOT” таҳлили бу – янги ғоялар ва ташаббуслар бўйича стратегик режалаштириш ва қарор қабул қилишда ёрдам берадиган усул ҳисобланади. “SWOT” сўзи қуйидаги инглизча сўзларнинг қисқартмасидан олинган:
S – Strengths (Кучли томонлар);
W – Weaknesses (Заиф томонлар);
O — Opportunities (Имкониятлар) ва
T — Threats (Хавфлар).
Семинар қатнашчилари 4 та “Лола”, “Атиргул”, “Мойчечак” ва “Кунгабоқар” гуруҳларига бўлиниб, уларга қуйидагича топшириқлар берилди:
- “Аёл оиланинг, жамиятнинг ишончи ва таянчидир” деб таърифлаганда
- “Бир қизга етти қўшни ота-она” мақолининг
- Иш берувчи билан ходимлар ўртасида тузилган жамоа шартномасида меҳнат муҳофазаси бўлимининг
- Жамоа шартномасида аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёлларга берилган қўшимча имтиёзлар бўлимининг
а) Кучи нимада?
б) Имкониятлари?
в) Заиф томони нимада?
г) Нима тўсқинлик қилиши мумкин?
Гуруҳларда қизғин тортишувлар билан иш олиб борилди ва муҳокамалар натижаси бўйича ҳар бир гуруҳ ўз тақдимотини ўтказди. Гуруҳлар ўз тақтимотида юқоридаги саволларга жаоб бериш билан бирга юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш ҳақида тажриба алмашишди.
Семинарнинг кейинги босқичи аёлларнинг меҳнат қонунчилиги ҳақидаги билимини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган эди. Яна гуруҳларга қуйидагича саволлар берилди:
- Ходим Умарова 15 январь куни кадрлар бўлимига 1 февралдан ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза қолдирди. Аммо у 25 январ куни келиб, фикри ўзгаргани ва аризасини қайтариб олмоқчилигини билдирди. Умаровага аризасини қайтариб беришнинг иложи йўқлиги ва 1 февралдан ўз ихтиёрига кўра ишдан озод этилгани ҳақида буйруқ чиқарилгани тўғрисида маълум қилишади.
Айтингчи, маъмуриятнинг Умаровага нисбатан харакати қонунийми? Жавобларингизни асослаб беринг.
- Корхонада ишлайдиган Норова Ҳакима турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб ўзини-ўзи ўлдирди. Норованинг онаси корхона раҳабаридан бахтсиз ҳодиса туфайли зарарни тўлашни талаб қилди.
Айтингчи, иш берувчи бу зарарни қандай қоплайди ва қанча миқдорда тўлаб бериши зарур бўлади?
- Корхонада кир ювувчи Назирова Хабиба иш жараёнида меҳнатни мухофаза қилиш инспекциясига кир ювиш машиналари хавфли ишлаётганлиги ҳамда оёқ остидаги бетондан саломатлигига хавф борлиги тўғрисида бир неча бор огоҳлантирди. Маъмурият унга ҳеч қандай жавоб бермади, сўнг у ўз ишини бир ҳафтагача бажармади. Маъмурият Назировага ишни тўхтатганлиги учун интизомий жазо қўллади.
Айтингчи, иш берувчининг ҳаракати тўғрими? Жавобларингизни асослаб беринг.
- Х.Абдиева ички меҳнат тартиби қоидаларини бир марта қўпол бузганлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномаси 2014 йил 5 август куни иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинди, лекин иш берувчи бу ҳақда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилмади.
Айтингчи, иш берувчининг харакатлари тўғрими? Жавобларингизни асослаб беринг.
Семинар-тренингда аёллар бу саволларга тўлиқ асосли ҳолда меъёрий ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда жавоб бериш учун ўзаро ўртоқлашишди ҳамда тажриба алмашишди.
Семинар якунида Ҳакамлар ҳайъати (бирлашма Кенгаши раиси Ш.Собиров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши хотин-қизлар кенгаши вакили М.Мурзаева, “Ишонч” газетаси муҳбири А.Қодирова, Шайҳонтохур туман кенгаши раиси Д.Ўлмасова, бирлашма Кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш ибўлим мудири Б.Мирзаев ва бирлашма Хотин-қизлар комиссияси раиси Р.Газиева) семинар тренингда “Энг фаол иштирок этган”, “Энг яхши ҳуқуқ билимдони”, “Энг аҳил жамоа”, “Ўз касбининг устаси” ва “Энг маҳоратли” номинациялари бўйича ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, бирлашма Кенгаши раиси Ш.Собиров Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши дастури асосида берилган йўлланмаларни корхоналарда узоқ йиллар ишлаган кам таъминланган 8 нафар аёлга топширди.
Семинар иштирокчилари ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш учун қуйидаги вазифаларни белгилаб олишди:
- аҳолининг, айниқса, хотин-қизлар самарали бандлигини таъминлашга, янги иш ўринларини яратишга кўмаклашиш;
- корхона ва ташкилотларда аёллар учун меҳнат шароитлари яратиш ва жамоа шартномалари асосида меҳнат муҳофазаси бўйича бандлар ва битимнинг бажарилишини доимий назорат этиш;
- ҳудудларда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, қонунчиликда мавжуд имтиёзлар тўғрисида ёшларни доимий хабардор қилиб бориш мақсадида ўқув-семинарлар ташкил этиш;
- талаба (ўқувчи-кизлар) турар жойларини туман ва шаҳар кенгашлари томонидан доимий мониторинг қилиш ҳамда ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича корхона маъмуриятига тақдимнома киритиш;
- хотин-қизлар меҳнат шароитларнинг яхшиланиши, иш берувчиларнинг уларга адолатли муносабатда бўлишининг таъминланишига эришиш;
- хотин-қизларнинг жамиятдаги, меҳнат жамоасидаги ўрнини мустаҳкамлаш, жамиятда рўй бераётган муҳим янгиланиш ва ўзгаришларга фаол иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- хотин-қизлар қонуний ҳақ-ҳуқуқларининг ва эркаклар билан тенг ҳуқуқлигининг таъминланишига эришиш йўналишларида амалий натижаларни қўлга киритиш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларнинг, ҳусусан, кам таъминланган, кўп болали, боқувчисини йўқотган, ногирон аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоясини кучайтириш;
- хотин-қизларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этишда касаба уюшмаларининг фаолиятини такомиллаштириш;
- хотин-қизларнинг дам олиш ва соғломлаштириш масалаларига эътиборини кучайтириш;
- комиссия номига келган хат, ариза ва шикоятларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва таҳлил этиб бориш зарур.
Семинар бошида ва сўнггида семинар иштирокчилари учун мусиқа мактабининг ўқувчилари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: