Мавсум давомида вилоят бўйича жами 179 та оромгоҳда 35 минг нафардан ортиқ болани соғломлаштирилишига эришилди. Шундан 16716 нафар болалар 19 та шаҳар ташқарисидаги оромгоҳда, 18120 нафари 160 та кундузги оромгоҳларда дам олдирилди.
Тошкент вилоятидаги корхона ва ташкилотлардаги 10 та “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳларида ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг 700 нафари учун амалиёт билан биргаликда дам олиши ташкил этилди.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан оромгоҳларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини, ота-она қаровисиз қолган, ногирон болаларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг 3697 нафари бепул ва имтиёзли равишда дам олдирилди (622 нафари кам таъминланган оила фарзандлари жамоа шартномалари, келишувлари орқали, 1040 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, 275 нафар ногирон болалар ҳомийлар, 1760 нафари Оролбўйи минтақаси болалари давлат бюджети ҳисобидан).
Болаларнинг қизиқишларини инобатга олиб, мавсум давомида 22 та ихтисослашган (интеллектуал ривожлантириш, меҳнат ва дам олиш, ҳарбий-спорт, экологик-биологик, ўлкашунослик, техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ижтимоий мослашув) оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилги мавсумда вилоятдаги оромгоҳларда 5 минг нафардан ортиқ педагог ходимлар ва спорт йўриқчилари, 390 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари, 320 нафардан ортиқ ички ишлар идоралари ходимлари фаолият олиб бордилар.
Мавсум давомида оромгоҳларда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигини кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида оромгоҳларда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий кечалар, учрашувлар, концерт дастурлари, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилиб, уларга таниқли шоир ва ёзувчилар, эстрада санъаткорлари жалб этилди.
Барча оромгоҳларда кутубхоналар, турли тўгараклар, спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилди, айниқса, ҳар бир мавсумда болалар учун чет тили тўгараклари ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда оромгоҳларнинг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилиб, 2018 йилги оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастурга мувофиқ “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ га қарашли “Гулзор” оромгоҳи янгидан қурилиб, “Нефт-газ, кимё ва машинасозлик заводи” ОАЖ га қарашли “Хумо”, “Максам-Чирчиқ” АЖ га қарашли “Кимёгар” ҳамда “Меҳржон” МЧЖ га қарашли “Меҳржон” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди.
Мавсум давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирлари учун касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, хўжалик органлари ва ҳомийлар ҳисобидан жами 6 млрд.сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Болаларни соғломлаштириш оромгоҳларида болаларга хизмат сифатини ошириш мақсадида, 2012 йилдан буён вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан эълон қилинган танловлар асосида энг намунали болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ходимлари ва ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчилари аниқланиб, анъанавий тарзда ташкил этилаётган Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг Анжуманида вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан рағбатлантирилиб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам фарзандларимизни хар томонлама баркамол этиб тарбиялашда болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг ролини ошириш, оромгоҳларда фаолият юритган энг фаол, ташаббускор ходимларни, оромгоҳларни мавсумга тайёрлашда жонбозлик қилган хўжалик органлари, бошқармалар ва идораларни рағбатлантириш мақсадида Қибрай тумани “Дўрмон” маданият саройида Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг Тошкент вилояти Анжумани ўтказилди.
Анжуманда ёзги мавсум якунларини сарҳисоб қилиниши билан бирга 2018 йилги болаларни соғломлаштириш мавсумида энг яхши иштирок этган оромгоҳлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишда энг фаол иштирок этган ҳомий ташкилотлар, хўжалик органлари, идоралар тақдирланди.
Жумладан, “Энг намунали болалар оромгоҳлари” кўрик-танлови натижасига кўра 6 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи ғолиб деб эълон қилиниб, уларга Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши, вилоят Халқ таълими бошқармаси, Касб-хунар таълими маркази томонидан эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди.
Шунингдек, 15 та номинация бўйича оромгоҳларда самарали меҳнат қилган 3 нафар «Энг яхши оромгоҳ бошлиғи», 5 нафар «Энг ғамхўр тарбиячи», 3 нафар «Энг яхши тиббиёт ходими», 3 нафар «Энг фаол ички ишлар идоралари ходими», 2 нафар «Энг фаол етакчи», 3 нафар «Энг мохир тўгарак раҳбари», 2 нафар «Энг яхши спорт йўриқчиси», 3 нафар «Энг яхши пазанда», 4 нафар «Энг яхши хамкор», 2 нафар «Энг масъулиятли ташкилотчи» ва 1 нафар «Энг фаол журналист» номинациялари бўйича жами 39 нафар масъуллар рағбатлантирилди.
Барча тақдирланганларга вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг Дипломи, “Бахтиёр болалар мамлакати” статуэткаси ва Тошкент вилояти касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: