Тошкент вилояти Ангрен ЭИЗ ҳудудида жойлашган қўшма корхона Жанубий Корея компанияси билан суюлтирилган газ учун композит баллонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди

Viloyat yangiliklari

 «Ўзбекнефтгаз» Жанубий Корея компанияси билан суюлтирилган газ учун композит баллонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги нишонланаётган кунларда суюлтирилган газ учун мўлжалланган композит баллонларни ишлабчиқарадиган янги UNG ECCONN масъулияти чекланган жамияти  қўшма корхонаси ишга туширилди.

Қўшма корхона таъсисчилари ҳисобланмиш «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти таркибига кирувчи «Нефтгазинвест» масъулияти чекланган жамияти ва Кореянинг Hyundai International Co.Ltd. ушбу лойиҳада тенг улушга эга.

Лойиҳа қиймати жами 5,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, шулардан 2,2 миллиони қурилиш ва монтаж ишларига сарфланди. Ускуна ва жиҳозлар эса 3,05 миллион АҚШ долларига харид қилинди.

Биринчи босқичда йилига 60 минг дона ECONN 20 композит баллонни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Иккинчи босқичда эса ушбу кўрсаткич икки баробарга ортади.

Қўшма корхона Тошкент вилоятидаги Ангрен ЭИЗ ҳудудида жойлашган бўлиб, уч гектар майдонни эгаллаган.

Белгиланган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси  77% ва харажатларни тўла қоплаш муддати икки йил.

Суюлтирилган газ учун мўлжалланган композит баллонларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш бозор талабига бўлган жавобдир. Мазкур баллонлар нафақат Ўзбекистон аҳолисининг маиший газ баллонларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун, балки мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ривожлантиришда муҳимдир.

Таҳлилчилар тасдиқлаганидек, МДҲ бозорининг ушбу маҳсулотга бўлган талаби 30 миллион баллондан ортиқ. Шу билан бирга, ҳозирда ишлатилаётган баллонларнинг 60% эскирган эканлигини инобатга олиш зарур.

ECONN 20 композит баллонлар замонавий юқори технологик маҳсулот бўлиб, интеграциялашган ҳимоя тизими эвазига янги даражадаги хавфсизлик билан таъминланган. Баллонлар ушбу турдаги маҳсулотларга хос бўлган «инсон омили» деган муаммоли жойларни бартараф этиш инобати билан ишлаб чиқарилган.

ECONN 20 баллонларни қўллаш кўлами анча кенг – газ плиталари, газ горелкалари, газ иситгичлари, грил учун ва бошқалар. Шунингдек, бу каби баллонлар том ёпиш билан шуғулланадиган ишчилар учун қувват манбаи сифатида ишлатилиши мумкин.

UNG ECCONN масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси 50 литр ҳажмга эга 20 килограммлик баллонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ушбу баллонлар ишлайдиган ҳарорат оралиғи Цельсий бўйича -40 дан +80°C гача.

Хизмат қилиш муддати эса 10 йил.

Композит баллон металл баллондан 60% га енгилроқ, коррозияга учрамайди ва экологик тоза маҳсулотдир.

Металл баллонлардан фарқли ўлароқ, мазкур шиша-полимер баллонларга хавфсизлик қопқоғини ўрнатиш зарурияти йўқ, чунки, биринчидан, улар ўн баробарлик чидамлилик даражасига эга (метал баллонларда ушбу кўрсаткич 3 – 5 даражани ташкил қилади) ва, иккинчидан, композит материаллар хусусияти ва ноёб дизайни эвазига портлашдан ҳимояланган ва майда бўлакчаларга парчаланмайди.

Print Friendly, PDF & Email