Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати

Yangiliklar

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган тизимли тадбирлар ҳам ана шундай ишлар сирасига киради. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мазкур йўналишлардаги ишлар янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши алоҳида ўрин эгаллаган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мазкур устувор йўналишлиши жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда ҳар томонлама баркамол ривожланган авлод тарбияси борасидаги Ўзбекистон тажрибаси нафақат мамлакатимизда, балки халқаро экспертлар ва нуфузли ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида уйғун  йўналтириш амалиёти бошқа мамлакатларда учрамайди.

Мазкур йўналишдаги ишлар касаба уюшмалари томонидан мувофиқлаштирилгани ҳолда вилоятда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва сифатли соғломлаштирилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши қошида махсус штаб фаолияти йўлга қўйилди. Тузилган ишчи гуруҳлари томонидан ҳар бир оромгоҳ мавсумда ўрганилиб, жойида муҳокама этилди. Натижада маҳаллий ҳокимликлар ва хўжалик органлари ҳамкорлигида тизимли тадбирлар амалга оширилди.

Бирлашма Кенгаши томонидан болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, ўғил-қизлар ҳордиғини ташкил этиш йўналишидаги ишларни такомиллаштириш ва кўламини кенгайтиришга йўналтирилган янгича ёндошувлар амалга татбиқ этилди.

Шунингдек, оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда замонавий шарт-шароитларни яратишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам диққатга сазовор.

Жорий йилги мавсум давомида Тошкент вилоятда жорий йилда 181 та шаҳар ташқарисидаги ва кундузги оромгоҳ фаолият юритиб, уларда 32 минг 614 нафар болалар соғломлаштирилади. Шундан 21 та стационар оромгоҳда 15 минг 14 нафар, 160 та кундузги оромгоҳда 17 минг 600 нафар болаларни дам олдириш режалаштирилган.

Халқ таълими бошқармасига қарашли 160 та кундузги оромгоҳларда  17 минг 600 нафар болалар тўлиқ  дам олдирилди.

Шунингдек, вилоятдаги корхона, ташкилотларда ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун 10 та «Меҳнат ва дам олиш» оромгоҳлари ташкил этилди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилди. Хусусан, давлатимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 1250 нафар болалар Тошкент вилоятининг сўлим ва баҳаво “Бойчечак”, “Меҳржон” оромгоҳларда соғломлаштирилди.

Таъкидлаш зарурки, бугун соғломлаштириш оромгоҳлари нафақат болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича ҳордиқ масканлари, балки уларни жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш марказларига айланди.

Таъкидлаш лозимки, мавсум давомида ўтказилиши режалаштирлган тадбир ва акциялар ўғил-қизлар маънавиятини юксалтиришга, улар дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган. Ушбу тадбирлар тубдан янгиланган дастурлар асосида ўтказилди.  “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари — болаларга” каби акциялар,  ёзувчилар, санъаткорлар, спорт усталари, ёши улуғ инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, машҳур кишилар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари, маданий тадбирлар шулар жумласидандир.

 Ҳозирги кунда Тошкент вилоятида 4-5 навбатлар давом этмоқда.

Сирасини айтганда, мамлакатимизда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига пухта ва уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилди. Бу юртимизнинг эртанги куни бўлган ўғил-қизларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлаб олишлари, пировардида таътилни мазмунли ўтказишларига замин яратилди. Зеро, шу азиз Ватан ардоғида камолга етган ёш авлод ғамхўрликдан руҳланиб, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар салмоғини янада оширишга, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини бундан-да юксалтиришга интилиши, шубҳасиз.

Print Friendly, PDF & Email