“Ёшлик” оромгоҳида “Болалар ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси – устувор вазифа” мавзусида тадбир ўтказилди

Yangiliklar

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий шериклар ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳамкорлигида мамлакатимиздаги болалар соғлормлаштириш оромгоҳларида 12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, Тошкент вилоятининг сўлим масканларидан бирида жойлашган “Ёшлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Касаба уюшмалари Федерацияси, ХМТ ва “Ўзметкомбинат” АЖ ҳамкорлигида турли ёшдаги ўғил-қизлар иштирокида болажонларга мазкур сананинг моҳиятини тушунтиришга йўналтирилган байрам тадбири ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил мазкур кун қашшоқлик ва зиддиятлар туфайли вужудга келадиган болалар меҳнатига барҳам бериш мавзусига бағишланди. ХМТнинг сўнгги маълумотларига кўра дунёда 1.5 миллиарддан ортиқроқ инсон зиддиятлар, зўровонлик, беқарор вазиятлар ҳукм сураётган давлатларда истиқомат қилмоқда. Шу билан бирга ҳар йили 200 миллиондан ортиқ инсон табиий офатлардан жабр кўрмоқда. Уларнинг учдан бир қисми болалардир. Бола меҳнатига жалб қилинган 168 миллиони боланинг асосий қисми зиддиятлар ва фалокатлардан жабр кўрганлардир.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида зиддиятлар ва ҳалокатлар инсонлар ҳаётига вайронкор таъсир ўтказиб келмоқда. Улар инсонлар ҳалокати, майиблиги, жароҳатланишига, ўз уйларини ташлаб кетишларига сабаб бўлмоқда. Инсонларнинг тириклик манбаларини йўқ қилиб, одамларни қашшоқлик, очлик гирдобига ташламоқда ҳамда асосий ҳуқуқлари поймол этилишига олиб келувчи ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Бундай холатларда энг аввало болалар жабр кўрмоқдалар: ҳуқуқсиз, химоясиз қолган болаларнинг кўпчилиги ўз мамлакатлари ичида кўчиб юришга мажбур бўлса, қолганлари қочоқлар ва одам савдоси қурбонларига айланиб, болалар меҳнати хавфи остида қолмоқда. Охир оқибат миллионлаб болалар зиддиятлар ва фалокатлар натижасида оғир меҳнат билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.

Алоҳида фахр билан таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши, бунинг учун зарур барча шарт-шароитларни яратиш масалаларига юксак эътибор қаратилиб, бу борадаги ишлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича Давлат сиёсати доирасида Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини ривожлантиришга, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик шароитида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир. “Соғлом она – соғлом бола” миллий модели аёллар ва келажак авлодни алоҳида ғамхўрлик билан қамраб олиш имконини берди. Мазкур моделни ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ўзбекистонда 2014-2018 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустахкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича Давлат дастури қабул қилинган. Бунинг натижасида фертил ёшдаги барча аёлар, болалар ва ўсмирларни тўлиқ тиббий кўриклар билан қамраб олиш, туғма нуқсонли гўдаклар туғилишининг олдини олишга эришилмоқда.

Мамлакатимизда таълим соҳасига йўналтирилаётган ҳаражатлар дунё тажрибасида тенгсиз кўламга эга бўлиб, Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик ҳаражатлар ЯИМнинг 10-12 фоизини ташкил қилмоқда. Уларнинг давлат бюджетидаги улуши эса 35 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда.

Сирасини айтганда, мустақиллик йилларида 10 мингдан ортиқ мактаб, 1,5 мингдан ортиқ коллеж ва лицейлар янгидан қурилиб, модернизация қилинди ва барча зарур жиҳозлар ҳамда дарсликлар билан таъминланди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳанинг муҳим устувор йўналишлари сифатида жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш масалалари белгиланганлиги алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда мазкур устувор йўналишлар бўйича белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Болалар меҳнатига қарши курашнинг яна бир муҳим профилактик усулларидан бири – болаларни  ёзги соғломлаштириш тадбирлари ҳисобланади. Мазкур жараён Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида мамлакат миқёсида 1290 та болалар оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 214 таси стоционар, 936 таси кундузги оромгоҳлардир. Уларда 294 минг 351 нафар бола дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлайди.

“Ёшлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган байрам тадбири доирасида болалар учун махсус тайёрланган тематик фильмлар намойиш этилди. Болалар ўртасида “Дунё болаларига бахт ва умид” мавзусида ташкил этилган расмлар танлови иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мазкур танлов давомида болажонлар ўз маҳоратларини намоён этиб, дунёнинг турли минтақаларида яшаёган ва урушлар ҳамда бошқа зиддиятлар сабабли таълим олишдан махрум бўлган, оғир шароитларда меҳнат қилишга мажбур болаларга ўз ҳамдардликлари билдирилган суратларни, шунингдек, барча болажонларнинг тўлақонли бахтиёр яшашлари ва билим олишлари учун мамлакатимизда яратиб берилган шарт-шароитлардан мамнун  яшаётган Ўзбекистон болажонларининг табассумга бурканган чеҳралари акс этган суратларни тақдим этдилар.

Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир якунида болажонлар “Ҳар доим бўлсин қуёш” қўшиғини ижро этиб, бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тиладилар ҳамда дунё болаларининг урушсиз ва зиддиятларсиз ҳаётга бўлган умидлари тимсоли сифатида самога юзлаб ранг-баранг пуфаклар учирдилар.

Print Friendly, PDF & Email