МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ СОТИЛАДИМИ…
Иккита фирма битта бинодаги хоналарни ижарага олади. «А» фирмаси йил бошида меҳнат дафтарчаларини сотиб олди. Уларнинг бир қисмини ишлатмади, янги ходимларни қабул қилиш нияти ҳам йўқ.
«В» фирмаси ишлатилмаётган меҳнат дафтарчаларини «А» фирмасидан сотиб олиши мумкинми?
У.Умирова.
— Хўжалик юритувчи субъектларнинг меҳнат дафтарчалари бланкаларини сотишига ёки бошқача тартибда бегоналаштиришига қонун ҳужжатлари билан йўл қўйилмайди.
Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1.3-бандига мувофиқ, меҳнат дафтарчалари ва уларга қўшимча варақлар мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар томонидан маҳаллий меҳнат органларидан олди-сотди шартномаси асосида сотиб олинади.
Уни тузиш учун корхоналар ёзма мурожаатда штат жадвали бўйича ходимлар сони, вакант лавозимлар (жойлар) сони, шунингдек меҳнат дафтарчаси берилиши лозим бўлган ходимлар тўғрисида маълумотларни кўрсатадилар. Ҳар бир корхона ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, лекин штат жадвалида назарда тутилган ходимлар сонидан ошмаган ҳолда, меҳнат дафтарчалари сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Меҳнат дафтарчаларини бошқача тартибда сотиш, шунингдек фуқаролар томонидан уларни сотиб олиш тақиқланади.
Шу тариқа, тадбиркорлик субъектлари ўртасида меҳнат дафтарчаларининг олди-сотди қилиниши қонунчиликка зиддир.
Суд бундай битимни у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиши ва тарафларга у бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериш мажбуриятини юклаши мумкин (ФКнинг 114, 116-моддалари).
ДАМ ОЛИШ КУНИ ИШДАН БЎШАДИНГИЗМИ ?
Таътиллар жадвалига кўра ходим таътилга чиқиши керак. Бунда у кейин ишдан бўшатган ҳолда таътил беришни сўраб ариза ёзди.
Иш берувчи имзо қўйганидан кейин мен таътил кунларини ҳисоблаб, ходимнинг таътили шанба куни, яъни дам олиш куни тугашини аниқладим.
Таътилдан кейин меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда қайси санани кўрсатиш зарур?
С.Сабурова.
Янгийўл ш.
— Одатда, охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун, деб ҳисобланади (МКнинг 107-моддаси 2-қисми).
Бироқ кейин ишдан бўшатган ҳолда таътил берилаётган бўлса, таътил тугаган кун меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади (МКнинг 152-моддаси 1-қисми).
Шу тариқа, буйруқда ва ходимнинг меҳнат дафтарчасида таътил тугаган кун — шанбани меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб кўрсатиш лозим.
МЕҲНАТДАФТАРЧАСИ… ОЛМАЙСИЗМИ ?
Ишдан бўшаган ходим меҳнат дафтарчасини олиш учун қайтиб келмади. Корхона қандай қилиб қонунни бузмаган ҳолда меҳнат дафтарчасини эгасига қайттариши мумкин? Агар олувчини меҳнат дафтарчасини олиши зарурлиги ҳақида хабардор қилса, кейинчалик уни почта орқали жўнатиши ёки ишончномага кўра қариндошидан бериб юбориши ва ҳ.к. мумкинми?
У.Латипова.
— Аввало бу вазиятни уч ёки беш киши иштирокида далолатнома билан қайд этиб қўйилиши лозим.
Иккинчидан, ишдан бўшатилган ходимга меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёки уни почта орқали жўнатишга розилиги зарурлиги ҳақида ёзма билдиришнома жўнатиш лозим. Билдиришнома жўнатилган кундан бошлаб иш берувчи меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик учун жавобгарликдан озод этилади (МКнинг 275-моддаси).
Билдиришнома ёзма шаклда ва келгусида у жўнатилганлигини тасдиқлаш имконини берувчи усулда (жойланма рўйхати ва олинганлиги ҳақида билдиришнома билан) юборилган бўлиши шарт. Билдиришномани ходим яшайдиган (рўйхатдан ўтган), ташкилотга маълум бўлган барча манзилларга юбориш зарур. Бундай таомил иш берувчи хатти-ҳаракатида ҳамма жиҳатларни инобатга олганлигидан ва меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бериш учун керакли барча чораларни кўрганлигидан далолат беради. Ҳатто бу билдиришномалар амалда ходимга етказиб берилмаса (масалан, «Адресат жойида йўқ» почта белгиси билан жўнатувчига қайтарилса) ҳам.
Билдиришноманинг муайян андозадаги шакли йўқ, шу сабабли ҳар бир ташкилот уни эркин шаклда тузишга ҳақли.
ИШ ЖОЙИНИ ЎЗГАРТИРИШ — БОШҚА ИШГА ЎТКАЗИШ ЭМАС
Бизнинг МЧЖ сартарошлик ва бошқа маиший хизматларни кўрсатади. Асосий салондан ташқари, шаҳар доирасида жойлашган яна 4 салон бор, улар жамиятнинг таркибий бўлинмаларини ташкил этади.
Биз И.Муҳамедовани 3 ой синов муддати билан сартарошлик ишига қабул қилдик. Унинг иш жойи буйруқ билан синов муддати даврида 2-салон деб белгиланди. Буйруқ билан у таништирилди.
Синов муддати тугагач, 2-салон мудири И.Муҳамедовага иш берувчи уни ишлаш учун 5-салонга юбораётганини маълум қилди, бунда унинг меҳнат вазифалари ва иш ҳақи сақланиши тўғрисида огоҳлантирди. И.Муҳамедова мазкур қарорга рози бўлмади.
Мен МЧЖда кадрлар ишини юритаман. Мазкур ҳолда иш берувчининг ҳаракатлари тўғрилиги хусусида фикрингизни билмоқчи эдим.
Луиза,
КБ инспектори.
— Иш берувчининг ҳаракатларида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолати йўқ. И.Муҳамедова учун иш жойи 2-салонда синов муддати даврига мувофиқ буйруқ билан белгиланган. У билан меҳнат шартномаси тузилаётганда иш жойи (МКнинг 73-моддаси 2-қисми) кўрсатилмаган.
Одатда бошқа доимий ишга ўтказишга барча ҳолларда фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади (МКнинг 92-моддаси). Бироқ ундан ўзгартиришни (иш жойини ўзгартиришни) фарқлаш лозим, у бошқа доимий ишга ўтказиш деб ҳисобланмайди ва ходим билан келишиш талаб қилинмайди (МКнинг 91-моддаси).
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, қонунчилик ходимни унинг соғлиғига тўғри келмайдиган ишга ўтказиш ва жойлаштиришни тақиқлайди (МКнинг 95-моддаси). Шу сабабли агар И.Муҳамедова иш берувчи томонидан унинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, у меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўғри қўлланганлигини текшириш мақсадида давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёки иш берувчи жойлашган жойдаги прокуратурага мурожаат қилишга ҳақлидир.
ЎҚИГАН ЙИЛЛАРИМНИ МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИГА ЁЗИШСИН
Институтни битиргандан кейин ташкилотда ишлай бошладим, бу ерда менга меҳнат дафтарчасини расмийлаштиришди. Биринчи ёзув билан бунгача меҳнат стажим йўқлиги кўрсатилди. Олий ўқув юртидаги ўқиш йилларим унда қайд этилмаган. Ҳозирда вақтинча ишсизман ва иш қидиряпман.
Агар меҳнат дафтарчасида олий ўқув юртида ўқиган йилларим ҳақида ёзув бўлмаса, у стажга киритиладими? Агар киритилмаса, уни қандай қилиб қўшишим ёки меҳнат стажига эга эмаслигим тўғрисидаги ёзувни тузатишим мумкин? Буни ким қилиши керак — биринчи иш берувчими, кейингисими ёки бошқа бирортасими?
— «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон) 37-моддаси «е» кичик бандига кўра олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, докторантурада, катта илмий ходим-изланувчилар институтида ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш иш стажига киради.
Бироқ ходимнинг меҳнат дафтарчасида қайд этилмаган ёзувларни киритиш тартиби қонун билан белгилаб қўйилмаган. На Меҳнат кодексида, на Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқномада (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган) иш тўғрисидаги ёки олий ўқув юртидаги ўқиш тўғрисидаги маълумотларни хронологик тартибда киритиш талаби келтирилмаган. Шу сабабли киритилмай қолган ёзувни киритиш учун асослар мавжуд бўлганда, фикримизча, уни кейинги иш берувчи хронологик тартибни бузган ҳолда киритиши мумкин.
Шу сабабли, кейинги иш берувчи, дафтарчага ишга қабул қилиш тўғрисидаги маълумотларни киритгунга қадар, меҳнат дафтарчасидаги охирги ёзувнинг тартиб рақами ортидан келувчи тартиб рақами остида олий ўқув юртидаги ўқув тўғрисидаги ёзувни киритиши мумкин.
ПЕНСИЯГА ЧИҚҚАНДА ЎРНИМДА ФАРЗАНДИМ ИШЛАСА ДЕЙМАН…
Пенсия ёшига тўлиб, ишдан бўшаётган ходимлар ўз ўринларига ёки бошқа ўринга уларнинг фарзандларини ишга олиш тўғрисидаги бандни жамоа шартномасига киритиш мумкинми? Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида бу ҳолатга қандай баҳо берилади?
Корхонамизда янги жамоа шартномаси тузилмоқда. Касаба уюшмаси аъзолари нафақа ёшига тўлиб, ишдан бўшаётган ходимларнинг фарзандларини ўз ўринлари ёки бошқа ўринларга (касбий маҳоратига, диплом ёки бошқа ҳужжатларига қараб) жойлаштириш тўғрисидаги бандни қўшиш таклифи билан чиқишмоқда.
— Меҳнат кодексининг 79-моддасида ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонасида бирга хизмат қилишлари тақиқланиши белгиланган.
Лекин Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон Қарорига 3-иловада бу қоидани истисно қилувчи меъёр назарда тутилган бўлиб, унда қариндош-уруғларнинг бирга ишлашларига йўл қўйиладиган ишлар ва вазифалар рўйхати келтирилган.
Бундан ташқари, ушбу тақиқлар нодавлат (хусусий, шу жумладан давлат тасарруфидан чиқарилган) корхона ва ташкилотлар учун тааллуқли эмас.
Сизнинг мурожаатингиздаги — пенсия ёшига тўлиб, ишдан бўшаётган ходимлар ўз ўринларига фарзандларини ишга олиш масаласида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида чекловлар белгиланмаган.
ФАМИЛИЯМ ЎЗГАРДИ. БУНИ КОРХОНАМ БИЛИШИ ШАРТМИ?
Турмушга чиқиб, эримнинг фамилиясига ўтдим. Мен ишлаётган корхонани бундан хабардор қилишим керакми?
Галина Ким
ҚК микросхемалар йиғувчиси.
— Ҳа, керак.
Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 2.1-бандига кўра меҳнат дафтарчасига ходим тўғрисида маълумотлар: фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси, маълумоти, касби, мутахассислиги киритилади.
Йўриқноманинг 2.11-бандига мувофиқ меҳнат дафтарчасидаги исми-шарифи ва туғилган куни тўғрисидаги ёзувларга ўзгартиришлар тегишли ҳужжатлар (паспорти, туғилганлик, никоҳ ва никоҳнинг бекор қилиниши хақидаги гувоҳномага қараб фамилиясини, исмини ўзгартириш ва ҳоказолар) асосида ва ушбу ҳужжатларнинг сони ва берилган саналарига ҳавола қилинган тарзда охирги иш жойидаги иш берувчи томонидан киритилади.
Ўзгартирилган ёзувлар меҳнат дафтарчасининг биринчи бетига киритилади. Илгариги фамилияси, исми, отасининг исми ёки туғилган куни тўғрисидаги ёзув устидан бир чизиқ чизилиб, янги маълумотлар ёзиб қўйилади. Ёзувлар муқованинг ичкари бетига ёзилиб, корхона раҳбарининг ёки унинг томонидан махсус ваколат берилган шахс имзоси ҳамда корхона ёки ходимлар бўлими муҳри билан тасдиқланади.
Шу сабабли корхона раҳбари номига меҳнат дафтарчангиз ва кадрлар ҳисоб ҳужжатларида никоҳгача бўлган фамилиянгиз янги фамилияга ўзгартирилгани тўғрисида ариза бериш керак. Аризага никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини илова қилиш лозим, у ходимнинг шахсий йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Эътиборингизни шунга қаратамизки, ходим никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси билан бир вақтда унинг асл нусхасини ҳам тақдим этиши шарт, асл нусхани кадр хизмати ходими текшириб, эгасига қайтариши керак.
«ҚАНД КАСАЛИ»ГА ҚАНЧА НАФАҚА ТЎЛАНАДИ?
Қанд касаллиги билан оғриган беморларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси қандай миқдорларда тўланади?
А.Нурмухамедова,
бўлим бошлиғи.
— Қанд касаллиги билан оғриган беморларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 28-бандига мувофиқ қуйидаги миқдорларда тўланади:
а) умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга — иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
б) умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга — иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.
Низомнинг 27-бандида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар (сил касаллиги, онкология касалликлари, янгидан пайдо бўладиган хатарли ўсимталар, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар, ОИТС, мохов (лепра) касаллиги, руҳий касалликлар) бўйича ҳисобда турган ходимларга тўловнинг анча юқори миқдорлари назарда тутилган. Қанд касаллиги (диабет) уларга кирмайди.
Шуни таъкидлаш лозимки, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси барча ҳолларда белгиланган энг кам иш ҳақидан кам бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақидан юқори бўлмаслиги лозим (Низомнинг 30-банди).
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: