БОЛАЛИКНИНГ БАХТЛИ ОНЛАРИ

Янгиликлар

Тошкент Марказий темир йўл вокзалида оромгоҳларга дам олиш учун келган хоразмлик 450 нафар ўғил-қиз тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан кутиб олинди. Улар сўлим масканларда жойлашган «Меҳржон» ва «Бойчечак» болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳордиқ оладилар. 

— Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган оромгоҳимизда дам олувчилар учун барча шароит муҳайё этилган. Жорий мавсумда 800 нафар ўғил-қизни соғломлаштирамиз. Мавсум тўрт навбатда ташкил этилиб, бугун биринчи навбатга уларнинг 225 нафарини қабул қилаяпмиз, — дейди «Меҳржон» болалар соғломлаштириш оромгоҳи раҳбари Олимжон Турсунбоев. —  Уларнинг мазмунли дам олиши учун барча имкониятлар яратилган. Спорт майдончалари, маънавият хонаси, кутубхона шай ҳолатга келтирилган. Турли тўгараклар фаолият кўрсатади. Оромгоҳ қошида ташкил қилинган «Меҳржон» фермер хўжалигида етиштирилган ҳўл мева, полиз маҳсулотлари дам олувчиларга доимий етказиб берилади. Таниқли шоир-ёзувчилар, спортчилар билан учрашувлар, санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ташкил этилади.

— Кела-келгунча юртимизнинг гўзал ва мафтункор  манзараларини шавқ билан томоша қилиб, зерикиш нималигини ҳам билмадик, — дейди Гурлан туманидан Каримов Қиличбек. — Олдиндаги қувончли онларни ўйлаб, янада ҳаяжонга тушяпман. Сабаби, дўстларим сафи янада ортиб, гўзал табиат қўйнида мириқиб дам оламан.

— Мен Комилов Азизбекман. Мен Хива туманидан келганман, — дея суҳбатга қўшилади яна бир болакай. — Сўлим маскандаги оромгоҳда дам олиш имконига эга бўлганимдан бениҳоя хурсандман. Ўйлайманки, «Бойчечак» оромгоҳи бағрида ўтадиган турли маданий-маърифий, спорт тадбирлари, қизиқарли ўйинлар, шоир-ёзувчилар, спортчилар, санъаткорлар билан учрашувлар менга бир олам завқ ва таассурот улашади.

Болажонлар бирин-кетин автобусларга чиқиб, оромгоҳлар томон йўл олишди.

 

Print Friendly, PDF & Email