Хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллеж битирувчилари бандлигини ошириш самарадорлиги.

Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 январдаги1-сонли йиғилиш баёнининг 70-банди ижросини таъминлаш бўйича “Хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ташкил этилаётган иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш, аёлларнинг иш билан бандлигини ошириш ҳамда улар учун меҳнат шароитлари яратиш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш” масалаларида идоралараро ҳамкорликни таъминлаш бўйича қўшма ҳаракатлар режасида тегишли бандлар ижросини таъминлаш борасида Касаба уюшмалари Федерациясининг тадбирлар режаси асосидаТошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ишлаб чиқилган режа хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан бандлиги, уларга меҳнат шароитларини яратилиши, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда уларнинг меҳнат кўникмаларини оширишга қаратилган. Чора тадбирлар режаси асосида Тошкент вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида «Маҳалла» жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ, «Нуроний» жамғармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Маънавият тарғибот маркази, Савдо-саноат палатаси ва бошқа тегишли ташкилотлардан иборат вилоят ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади.

Ҳар бир хонадонга ташриф буюрган ҳолда хотин-қизлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизлари учун янги яратилаётган ва мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш юзасидан суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг меҳнат кўникмаларини ошириш борасида мониторинг ўтказилмоқда.
Бундан ташқари битирувчилар бандлигини таъминлашда оддий тилда ва қулай шаклда битирувчиларга тушунтирувчи (аниқ мисоллар билан) мавжуд ўқув жараёнига жорий этилган икки турдаги ўқув-амалий курслар ташкил этилди. Бу курсларда битирувчиларга янги тадбиркор сифатида ўз ишини бошламоқчи бўлганлар учун асосий жараёнлар, жумладан коллеж ва лицей битирувчилари учун жорий этилган имтиёз ва преференциялар, бизнес-режа ва ТИА (ТЭО)ларни тайёрлаш масалалари, кредит олиш тартиби, лизинга жиҳозларни сотиб олиш, ер участкаларини ажратиш, корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун барча босқичлардан ўтиш, ҳисобот, солиққа тортиш ҳақида тушунчалар бериш; ёлланиб ишлаш истагида бўлган битирувчилар учун мўлжалланган–ишга қабул қилишда расмийлаштириладиган ҳужжатлар, иш ҳақи ҳисобланиши, солиқ мажбуриятлари, ИНН бериш ва ИНПС рақамларини очиш, меҳнат таътиллари, битирувчилар учун синов муддатларининг белгиланмаслиги, умумий меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси ва манфаатлари масалаларини қамраб олиш тўғрисида тушунчалар бериб борилмоқда. Ўқув курси битирувчиларга эслатма буклетлар тарқатилади.

Корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун яратилган муносиб меҳнат шароитларини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилди. Мониторинг жарёнида ойлик иш ҳақлари, компенсация тўловлари, қўшимча таътиллар, қисқартирилган иш соатлари, иш шароитлари, санитария-гигиена хоналарининг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташкилот ва муассасаларда коллеж битирувчилари учун ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида иш ўринлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида меҳнат муҳофазаси ишлари ташкил этилмоқда. Асбоб ускуналардан фойдаланиш, технологик жараёнларни амалга ошириш чоғида, автоуловлардан фойдаланиш, механизмлар ёрдамида тозалаш ишларини бажариш чоғида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги кўрсатмаларига оид машғулотлари ўтказилмоқда. Амалиёт ўташ даврида коллеж битирувчиларни махсус кийим, махсус пойафзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалар билан таъминланмоқда.
Худудлардаги ташкилотлар ва муассасаларда янги ишга қабул қилинган ходимлар билан меҳнат шартномасини тузиш, меҳнат дафтарчаларини белгиланган муддатда юритиш бўйича иш берувчилар билан семинарлар ташкил этилди.

Хотин-қизлар ўртасида норасмий бандликнинг олдини олиш, унинг салбий оқибатлари бўйича тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш борасида бир қатор ишлар амалга оширмоқда. Касаба уюшмалари фаоллари томонидан норасмий тарзда банд бўлиш ишчиларнинг иш жойида ишлаши, вақтинча меҳнат лаёқатсизлик нафақалари, ҳақ тўланадиган таътил ҳамда келгусида пенсия олиш ҳуқуқларидан маҳрум этилиши тўғрисида тушунчалар берилди. “Расмий бандлик афзаликлари” тўғрисида постер ва буклетлар тарқатилди.

Print Friendly, PDF & Email