УСТОЗ ОТАНГДАЙ УЛУҒ

Yangiliklar

Ёшлигимиздан қўлимизни қаламни тўғри ушлатиб, ҳарф ўргатган устоз ва мураббийларимизни кўрганимизда кўнглимиздан “У менинг биринчи ўқитувчим” деган ўйлар ўтади. Жамиятда эришаётган ютуқларимиз замирида устозларимиз берган сабоқлар ётганини дилдан ҳис қиламиз. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Таълим, фан, ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар Кенгаши томонидан 8 май куни “Марҳамат” тўйхонасида таълим соҳасида фаолият юритган бир гуруҳ фахрий устозлар учун ташкил этилган байрам тадбирида юқоридаги фикрлар таъкидланди.

Кўп йиллар давомида бирга меҳнат қилиб, яхши ёмон кунларда бирга бўлган баъзи ҳамкасбларимиз бугун орамизда йўқ,-дейди фахрий ўқитувчи Қаршибой Холматов.-“Умр оқар дарё” деганлари рост экан. Ўтганларнинг охироти обод бўлсин. Олмалиқ шаҳридаги 19-умумтаълим мактабини тамомлаганимизга ҳам бугун 50 йил бўлибди. Биз ўқитувчиларга нима керак. Шогирдларимиз эришган ютуқлар бизнинг ютуғимиз. Ана ўша ютуқларни эшитганимизда “у менинг ўқувчимда” дея фахрланиб қўямиз. Бугунги байрам тадбири ҳам шогирдларимиздан байрам туҳфаси бўлди.

Тадбир давомида фахрийларга Таълим, фан, ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар Кенгаши томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди. Куй-қўшиқлар уйғунлигида давом этган тадбир барчада байрамона кайфият уйғотди.

Print Friendly, PDF & Email