САВОЛ БЕРИНГ ЖАВОБ БЕРАМИЗ

Yangiliklar

Ходим Меҳнат кодекси 106-моддасининг 4-бандига кўра ишдан бўшатилганда уни огоҳлантириш шартми? Бу ҳолда бўшатиш нафақасини тўлаш ёки моддий қўллаб-қувлатлаш мумкинми?

Б.Орзиқулов.

— Йўқ, қонунда ходим билан меҳнат шартномаси МКнинг 106-моддаси 4-бандига кўра бекор қилинганда иш берувчи уни бу ҳақда огоҳлантириши кераклиги назарда тутилмаган.

МКнинг мазкур моддасида меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиш тартиботи белгиланган бўлиб, ходим, хусусан, ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинлиги белгиланган.

Бундан кўриниб турибдики, юқорида қайд этилган асос бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тарафлардан бирининг, хусусан, иш берувчининг ташаббуси билан эмас, балки қонунга кўра амалга оширилади.

Агар ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ходимнинг айби билан (суднинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва ҳоказо) бузилмаган бўлса, меҳнат шартномаси МКнинг 106-моддаси 4-бандига биноан бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Бунда нафақанинг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 109-моддаси 1-қисми 3-хатбоши ва 2-қисми).

Ходим кўрсатилган асос бўйича ишдан бўшатилганда иш берувчи уни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши кераклиги қонунда назарда тутилмаган. Бироқ, қонун ҳужжатларининг мазмунидан келиб чиқадики, бюджет ташкилотлари ҳисобланмаган иш берувчилар ўз хоҳишига кўра ва жорий молиявий имкониятлари доирасида бундай шахсга моддий ёрдам кўрсатиши тақиқланмайди. Бундай ҳолатда вужудга келиши мумкин бўлган солиқ мажбуриятлари (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, фуқароларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ва ягона ижтимоий тўловнинг тўланиши) ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда бажарилиши керак.

ИШ ҲАҚИНИ САҚЛАГАН

ҲОЛДА ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

Турмуш ўртоғим коллежда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Уни асосий ишидан бўшаган ҳолда кадрларни қайта тайёрлашга юбордилар. Бунда директор унга иш ҳақини тўламоқчи эмас.

Кадрларни қайта тайёрлаш даврида ходимнинг иш ҳақи сақланадими?

Д.Назиров.

— Ҳа, ишлаб чиқаришдан бўшаган ҳолда малака оширишда иш берувчи кафолатли тўловларни тўлайди. Уларнинг миқдори жамоа шартномасида белгилаб қўйилади, лекин ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак (МКнинг 166-моддаси).

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими муассасалари ўқитувчиларини педагогик қайта тайёрлаш ўқитишнинг қуйидаги шаклларида амалга оширилади:

 асосий ишдан бўшаган ҳолда ўқиш;

 асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда ўқиш (уйғунлаштирилган услуб);

 асосий ишдан бўшамасдан масофавий шаклда ўқиш (Низомнинг 20-банди, ВМнинг 10.08.2012 йилдаги 242-сон қарорига 1-илова).

Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) педагогик қайта тайёрлашнинг давомийлиги камида 16 ҳафта (576 соат) этиб белгиланади. Ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 (54 академик) соатни, аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 (36 академик) соатни ташкил қилади (Низомнинг 25-банди).

Иш ҳақини тўламоқчи бўлмаган иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун МЖТКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ўз ҳуқуқингизни амалга ошириш учун туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази давлат ҳуқуқ меҳнат инспекторига ёки прокуратура органларига ариза билан мурожаат қилишингиз зарур.

РАҒБАТЛАНТИРИШ ТАРЗИДАГИ ТЎЛОВЛАР —

ИШ БЕРУВЧИНИНГ ХОС ҲУҚУҚИ

Мени пенсионер сифатида ёзнинг 2 ойига ишдан бўшатдилар. Ижодий олий ўқув юрти ходими сифатида кўп йил ишлаганим учун устама оламан. Сентябрдан мени яна ишга таклиф этдилар.

Агар ишдан бўшаганимдан ишга қабул қилинган пайтимгача 2 ойу 3 кун ўтган бўлса, кўп йил ишлаганлик учун устама олишга ҳақли бўламанми?

Т.Гапирова.

Кўп йил ишлаганлик учун мукофот тўлаш шартлари (шу жумладан узлуксиз иш стажини ҳисоблаб чиқариш тартиби, унга танаффусларни киритиш ёки киритмаслик) иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган локал ҳужжатда белгиланади (МКнинг 153-моддаси 2-қисми).

Устама миқдори иш берувчининг буйруғига асосан ташкилот ҳузурида тузилган доимий амал қилувчи комиссия томонидан белгиланади. Иш стажини белгилаш ҳақидаги комиссия қарори йиғилиш баённомасига киритилади. Шу тариқа, ҳаммаси ташкилотнинг локал ҳужжати ва комиссия қарорига боғлиқ.

Бироқ кўп йил ишлаганликни белгилаш ҳақидаги комиссия қарорига қўшилмаган тақдирда унинг устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақлисиз.

ТАЪТИЛДА ҲАМ БАЙРАМ ҲИСОБГА ОЛИНАДИ

Бу йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни (1 октябрь) шанба кунига тўғри келади, у календарда дам олиш куни деб белгиланган. Бу кун менинг таътил давримга тўғри келар экан. Ташкилотимизда 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган.

Бу кун йиллик меҳнат таътилимга қўшимча сифатида қўшиладими? Агар қўшилмаса, қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида?

С.Маҳмудова

— Ҳа, ушбу байрам куни меҳнат таътилингизга қўшилади.

Одатда таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь бўйича иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади (бу 2 дам олиш куни бўлган 5 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган корхона ва ташкилотларга ҳам тегишли).

Бироқ таътил даврига тўғри келиб қолган ва МКнинг 131-моддасига мувофиқ ишланмайдиган кунлар деб ҳисобланадиган байрам кунлари таътил муддатини белгилашда ҳисобга олинмайди (МКнинг 139-моддаси).

Print Friendly, PDF & Email