Вақтбай (маошли) меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида нима меҳнат нормаси ҳисобланади?
Агар ходим штат жадвалига кўра 500,0 минг сўмлик маош тайинланган лавозимни эгалласа, бироқ меҳнат шартномаси шартларига кўра ойда 3 кун ишласа, меҳнат ҳақи суммасини қандай қилиб тўғри ҳисоблаш мумкин?
Унга ушбу 3 кун учун 500,0 минг сўмдан кам сумма тўланса, бу МКни бузиш бўлмайдими?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш услубияти бошқармаси мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади:
— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 155-моддасида назарда тутилганидек, муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ЯТСнинг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
Меҳнат ҳақининг энг кам миқдорига қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар ва бошқалар қўшилмайди.
Вақтбай меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида тегишли малакага эга ходимнинг меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдори соатларда (кунларда) ишланган вақт давомийлигига қараб белгиланади.
Вақтбай меҳнатга тўланадиган ҳақ соатбай, кунбай ва ой учун бўлиши мумкин. Вақтбай ойлик меҳнатга ҳақ тўланганда лавозим маошининг миқдори ойдаги соатлар (кунлар) нормасига қараб ўзгармайди. Шу тариқа, вақтбай ойлик меҳнатга ҳақ тўланганда Меҳнат кодексининг 115-моддасига ҳамда корхонада, ташкилотда жорий этилган иш вақти режимига мувофиқ бир ойда ишланган иш соатлари (кунлари) нормаси меъёр ҳисобланади.
Меҳнат кодексининг 119-моддасига мувофиқ, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, тегишинча, тўлиқсиз иш ойи белгилаб қўйилиши мумкин.
Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаганда ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: