Янги кун, яшариш, янгиланиш, табиатнинг уйғониш фасли, азалий ва ардоқли байрам – “Наврўз” тантаналари юртимизда ҳақиқий халқ сайли сифатида кенг нишонланмоқда. Қумовулдаги вилоят маънавият ва маърифат марказида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган корхона, ташкилот, муассасалар вакиллари иштирокида ташкил этилган халқ сайли халқ амалий санъати усталари, бадиий жамоаларининг кўргазмалари, бадиий чиқишлари билан янада файзли бўлди.
Вилоят Наврўз сайлида оҳангаронликлар қадимий байрам билан боғлиқ умрбоқий удумлар ва анъаналар, миллий қадриятларимиз уйғунлашган бадиий кўргазмали чиқишлари билан муносиб иштирок этишди.
Баҳорий тенгкунлик, кун ҳамалга кирган чоғ — Наврўз (янги кун) борлиқ, табиатдаги уйғониш, янгиланиш айёми сифатида байрам қилинади. Кўкламнинг шоҳ таоми — сумалак Наврўз дастурхонини безайди. “Наврўз” байрами муносабати билан туман маданият ва истироҳат боғига туташ сайлгоҳда дошқозонга сумалак солинди. Бу йилги халқ сумалагига “Нўғойқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари бош-қош бўлишди. Сумалак сайлига туман ҳокими Рустамжон Убайдуллаев, туман прокурори Ғайрат Муҳамедов, ҳокимлик мутасаддилари, корхона, ташкилот, муассасалар вакиллари, депутатлар ташриф буюришди. Дошқозонда қайнаётган сумалак — тўкинчилик, маъмурчилик нишонаси. Сумалак атрофида йиғилганлар нуронийлар даъвати билан дуога қўл очиб, юртга тинчлик, осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилашди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: