ОТГУЛ ОЛИШГА МАЖБУР ҚИЛИШ
Корхонамизда битта дам олиш куни бўлган 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Яқинда иш берувчи ходимларнинг меҳнат шартномаларига қўшимча битимларни тайёрлади, уларда дам олиш кунида ишлашда икки баравар ҳақ ўрнига дам олиш куни (отгул) берилиши ёзилган. Ходимлар бундай битимни имзолашдан бош тортишяпти. Бироқ иш берувчи уларни имзолашга мажбур қилмоқда. Унинг ҳаракатлари устидан шикоят қилса бўладими?
Г.Самарбекова.
Тошкент вилояти.
— Ҳа, албатта. Битимни имзолашга мажбур этганларида сиз Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига ёки туманингиз прокуратурасига мурожаат қилишга ҳақлисиз.
Дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади (Меҳнат кодексининг 130-моддаси, кейинги ўринларда — МК).
Дам олиш кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Дам олиш кунидаги иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади (МКнинг 157-моддаси).
Шу тариқа, келтирилган меъёрларнинг маъносига қараганда ҳақ турини танлаш ҳуқуқи айни ходимга тегишлидир. Агар у унга компенсация сифатида бошқа дам олиш куни берилиши тўғрисида ариза ёзмаган бўлса, дам олиш кунидаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўланиши лозим. Агар ходим бунга ўз розилигини бермаса, иш берувчи ҳақ тўлашни отгул билан алмаштиришга ҳақли эмас.
ТАЛАБА ТЎЛИҚ СТАВКАДА
ИШЛАШИ МУМКИНМИ?
Ходимимиз ишни олий ўқув юртида ўқиш билан бирга олиб бориб, соат 14.00 дан 18.00 гача ишлайди. У ўқишдан кейин соат 14.00 дан 22.00 гача саккиз соатлик иш кунида ишлаш хоҳишини билдирди.
Ташкилотимиз раҳбарияти унинг илтимосини қондириши мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай меъёрий ҳужжатлар бунга асос бўлади?
— Ҳа, иш берувчи талабанинг ўқиш давридан бўш вақтда унга 8 соатлик иш кунини белгилаш тўғрисидаги аризасини қондириши мумкин. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида талабаларнинг ишни кундузги ўқиш билан қўшиб олиб бориши тақиқланмаган.
Бунда бир шартга риоя этилиши керак — иш ўқишдан бўш вақтда бажарилади. Ушбу талабни меҳнат шартномасида мустаҳкамлаш лозим.
Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин (Меҳнат кодексининг (МК) 119-моддаси биринчи қисми). Бироқ унга, агар бу ўқув жараёнига халал бермаса, иш вақтининг мослашувчан режими ҳам белгиланиши мумкин. Кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти тарафларнинг келишувига биноан белгиланади (МКнинг 120-моддаси биринчи қисми). Иш берувчи иш соатларининг нормал миқдоридан ошиб кетмаслиги шарти билан тегишли ҳисоб даврлари (иш куни, ҳафта, ой, йил) мобайнида ходимнинг иш соатлари жамлама сонини ишлаб беришини таъминлайди (МКнинг 123-моддаси биринчи қисми).
Агар талабанинг иш режими бошқа ходимлар иш режимидан фарқ қилса, бу албатта меҳнат шартномасида акс эттирилиши керак (МК 73-моддасининг иккинчи қисми). Унинг асосида иш вақтининг жамлама ҳисоби ётади (МКнинг 123-моддаси) (ундан оддий режимларда ҳам фойдаланиш мумкин), унинг моҳияти ходимнинг олдиндан белгиланган иш вақтида иш жойида бўлиши мажбурийлигига асосланади, ишни у ўзининг хоҳишига кўра, бироқ иш берувчи билан келишган ҳолда бошлаш ва тугаллашга ҳақлидир. Бироқ бу ҳисоб даврига киритиладиган, қонун ҳужжатлари билан белгиланган иш соатларининг жамлама сонини ишлаб беришни истисно этмайди (Давлат меҳнат қўмитаси ва ВЦСПС Котибиятининг 30.05.1985 йилдаги 162/12-55-сон қарори билан тасдиқланган Халқ хўжалиги тармоқлари корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида мослашувчан иш вақти режимини қўллаш бўйича тавсиялар)*.
Мослашувчан иш вақти 5 ва 6-кунлик иш ҳафталарида, шунингдек корхоналардаги бошқа иш режимларида қўлланиши мумкин (Тавсияларнинг 1.5-банди).
Унинг жорий этилиши иш берувчининг буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштирилади ва меҳнатни нормалаштириш ва унга ҳақ тўлаш, қонун ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни тақдим этиш тартибини ўзгартирмайди (МК 96-моддасининг еттинчи қисми).
Иш берувчиларга шуни эслатамизки, мослашувчан жадвалда тунги вақтда ишлаганлик учун қўшимча ҳақларни (ҳар бир соатга камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади), иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишларни (камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади) ҳам унутмаслик керак (МКнинг 157, 158-моддалари).
БЎЛИМИНГИЗ КЕРАК ЭМАС
Мен ишлайдиган бўлимни қисқартиришни режалаштиришяпти. Мен беваман, ўғлим университетнинг III курсида ўқийди. Мени қисқартиришга ҳақлари борми? Раҳбариятнинг маълум қилишича, бўлим тугатилиши сабабли мени штатлар қисқариши муносабати билан ишдан бўшатишга ҳақли эканлар. Иккинчи саволим: менга худди шундай маош билан иш таклиф қилишлари керакми ёки бундан кам ҳақ тўланадиган иш бера оладиларми?
Татьяна.
Тошкент вилояти.
— Меҳнат кодексида аёллар ва оилавий вазифаларни бажаришда банд бўлган шахслар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари назарда тутилади (Меҳнат кодексининг 224-238-моддалари, бундан кейин — МК). Хусусан, унда ҳомиладор ва 3 ёшгача боласи бор аёлларга кафолатлар белгиланган. Чунончи, улар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан корхонани батамом тугатиш (МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди) ва шартноманинг муддати тугаши (МКнинг 105-моддаси) ҳоллари мустасно. Бундай ҳолларда уларни маҳаллий меҳнат органи ишга жойлаштиради.
Ходимлар штатини қисқартиришга келсак, энг яхши, қимматли ходимларни сақлаб қолишдан манфаатдор бўлиши керак бўлган иш берувчининг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади. Штатларни қисқартириш учун юридик асос мавжуд бўлганда корхона раҳбари қисқартириш тўғрисида буйруқ чиқаради ва унга корхона мулкдори берган ваколатлар доирасида янги штатни тасдиқлайди.
Ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади (МКнинг 103-моддаси). Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:
1) қарамоғида 2 ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
2) оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
3) мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
4) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда 2 йил мобайнида;
5) мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
6) уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
7) атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.
Ушбу шахслар доираси жамоа шартномасида кенгайтирилиши мумкин.
Иккинчи саволга келсак, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни меҳнат шартномаси ходимлар сони (штати) бекор қилинганда камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт. МКнинг 92-моддасига кўра айни вақтда у ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса, — корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим ўтишга рози бўлганда у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи йўққа чиқади. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига кўра тегишли тўловлар тўлаган ҳолда бекор қилиниши мумкин.
Шуни эътиборда тутиш лозимки, ташкилотнинг филиали, ваколатхонаси ёки бошқа жойда жойлашган алоҳида таркибий бўлинмасининг фаолияти тугатилган тақдирда, уларнинг ходимлари билан меҳнат шартномалари ташкилотни тугатиш ҳоллари учун белгиланган қоидалар бўйича бекор қилинади. Сизнинг ҳолатингизда эса ходимлар сони ёки штати қисқартирилаяпти.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: