Тошкент вилоятида “Наврўз” умумхалқ байрами кўтаринки руҳда ўтмоқда

Yangiliklar

“Наврўз” умумхалқ байрамини муносиб кутиб олиш ва уни ўтказишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ташаббуси билан Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ҳам бир қатор   ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Наврўз байрами арафасида бошланғич касаба уюшма қўмиталарида корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат жамоаларида, Саҳоват ва Мурувват уйларида, фахрийлар хонадонларида ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.

Жорий йилнинг 17 март куни Оҳангарон туманидаги “Саҳоват” уйида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Байрам туҳфаси сифатида 1000 га яқин манзарали, мевали кўчатлар ва гул кўчатлари ўтказилди. “Саҳовот” уйи ҳовлиси кўкаламзорлаштирилди.

“Наврўз” байрамларидан бири 18 март куни Ўрта Чирчиқ туманидаги Қумовул қишлоғида ҳам бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда вилоятдаги кекса фахрийларга эсдалик совғалар берилди.

Байрам арафасида бирлашма Кенгаши томонидан фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг ишлайдиган аъзоларига “Умид гулшани” санаторийсига бепул йўлланма ажратилди.

Касаба уюшма ташкилотлари томонидан 100 ёшдан ошган нуроний отахон ва онахонларни “Наврўз” байрами билан табриклаш мақсадида хонадонларига ташриф уюштирилди.

“Наврўз – қадр-қиммат, меҳр-мурувват ва анъаналар тимсоли”, “Миллий қадриятларимиз – беқиёс бойлигимиз”, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти” мавзулари орқали ишчи-ходимларга, талаба-ёшларга “Наврўз” умумхалқ байрамининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда миллий байрам урф-одатларини тарғиб қилиш мақсадида барча корхона, ташкилот ва муассасаларда “Маънавият соатлари” ўтказилди.

Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашма Кенгаши ташаббуси билан 2017 йилнинг 13 март куни кекса фахрийлар иштирокида Ўзбек Миллий академик драма театрида “Кексаларга хурмат – ёшларга зийнат” мавзусида маънавият соати ўтказилди. Тадбир сўнгида “Иймон” спектакли намойиш этилди.

Вилоятдаги 1000 га яқин меҳнат жамоаларида,шунингдек санаторийларда Наврўз байрамининг тарихи, анъана ва қадриятларимизнинг моҳиятини ва аҳамиятини кенг ёритувчи, она заминни ардоқлаб, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қилувчи “Наврўз — қадриятларимиз тимсоли” номли маънавий-маърифий тадбирларни амалга оширилди.

Наврўз байрами муносабати билан меҳнат фахрийлари,эҳтиёжманд оилалар вакилларига Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор жойларга саёҳатлар ташкил этилди. Байрам муносабати билан кекса фахрийларнинг “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган “Наврўзи олам муборак!”номли концерт дастурига ташрифи ташкил этилди.

Вилоят бирлашма Кенгашида кўп йиллар меҳнат қилган кекса фахрийларга Бирлашма Кенгашининг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Туман, шаҳарларда, меҳнат жамоаларида ўзбек халқ ўйинлари ва спортнинг миллий турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Вилоятда жойлашган Маданият ва истироҳат боғларида “Варраклар учириш”, “Сумалак сайли”, “Миллий таомлар фестивали” каби тадбирлар ташкил этилди.

Тошкент вилоятининг барча туман шаҳарларида байрам шукуҳи кезмоқда.

Print Friendly, PDF & Email