Меҳнат қонунчилиги — жамоат назоратида.

Yangiliklar

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Оҳангарон тумани кенгаши (раис Г. Салимова) ҳамда Олмалиқ шаҳар кенгаши (раис Б. Мусаев) томонидан Оҳангарон шаҳридаги Б. Зокиров номли 6-сонли мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган семинар шундай номланди. Барча таълим муассасаларининг 92 нафар иш берувчилари иштирок этган семинарни туман Халқ таълими муассасалар фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Бахтиёр Қаршибоев очиб берди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши вакиллари — раис ўринбосари Ш. Деҳқонов, бош ҳуқуқий маслаҳатчи Д. Муҳамадалиева, бош мутахассис Л. Турикова, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг катта ўқитувчиси О. Таджиев «Меҳнат қонунчилиги — жамоатчилик назоратида» ва «Миллий ва халқаро меҳнат стандартлари. Ижтимоий шериклик механизмлари» мавзуларидаги маърузаларини слайдлар орқали кенгроқ тушунтириб беришди. Меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий мутахассислар билан иш берувчилар ўртасидаги эркин савол-жавоблар эса давра суҳбатини янада жонли ва самарали ўтишини таъминлади. Тадбир якунида фаол иштирокчилар туман ва шаҳар кенгашларининг совғалари билан тақдирланишди.

Бу ўқув — семинари биз иш берувчилари ҳамда касаба уюшма аъзолари учун жуда ҳам фойдали бўлди, — дейди тадбир иштирокчиси, 14-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори М. Қаюмова. Меҳнат шартномаси тузилаётганда йўл қўйилаётган хатоликлар, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатда юзага келаётган муаммолар юзасидан кўплаб саволларимизга жавоб олдик. Келгуси фаолиятимизда семинардан ўзлаштирган ҳуқуқий билимларимиз дастуриламал бўлиб хизмат қилади, — десам янглишмайман. Тадбир ташкилотчилари — туман Халқ таълими муассасалар фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Б. Қаршибоев ва Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг серғайрат раиси Г. Салимовага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Сўнг сўз ўрнида: бундай семинарлар нафақат Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси, балки бошқа тармоқ касаба уюшмалари Кенгашлари ташаббуси билан ҳам ташкил этилса, жамиятимизда меҳнат қонунчилигини яхши билмаслигимиз натижасида вужудга келиши мумкин бўлган баъзи бир муаммоларни бартараф этиш, мавжудларининг эса ўз ечимини топишида фойдадан холи бўлмасди.

Print Friendly, PDF & Email