Янгийўл қурилиш материаллари учта вилоятга етказиб берилмоқда

Viloyat yangiliklari

Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 23 минг 900 дан, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 57 фоиздан ошди. Янгийўл туманидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Инсоф” масъулияти чекланган жамияти тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришаётган субъектлардан бири.

Замонавий турар-жой бинолари, ижтимоий, ишлаб чиқариш иншоотлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши кўламининг йилдан-йилга кенгайиши билан қурилиш материалларига эҳтиёж ҳам ортаётир. Буни ҳисобга олган тадбиркорлар юқори самарали замонавий технологияларга асосланган янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Биринчи Президентимизнинг 2009 йил 19 июндаги “Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга йўналтирилган янги лойиҳалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди “Инсоф” масъулияти чекланган жамияти директори А.Нурматов. – Ўтган йили 10 минг дона бетон плита ишлаб чиқарилган корхонамизда бу кўрсаткич 10 йил аввал атиги 2 минг дона эди. Тижорат банкларининг кредитлари ва ўз маблағимиз ҳисобидан корхона замонавий қайта жиҳозланди, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва тури ортиб, сифати янада яхшиланди. Айни пайтда асосан Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида барпо этилаётган уй-жойларга қурилиш материаллари, йўл қурилиши ва бошқа иншоотлар учун зарур бўладиган таянч устунлар, асос блоклар, йўл тўсиқ бетонлари ҳамда ярим тайёр бетон маҳсулотлари етказиб бермоқдамиз. Маҳсулотларимиз сифати ва нисбатан арзонлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Корхонада замонавий технология асосида темир дарвоза, алюмин ва пластикдан эшик-ром ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда меҳнат қилаётган 80 дан ортиқ ишчининг қарийб ярми касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислар экани, уларнинг замонавий ускуналардан фойдаланишни тез ўзлаштириб олаётгани иш унумдорлигини янада ошираётир. Туманда қурилиш материаллари бозорининг ривожланиши ҳудудда кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётган бунёдкорлик лойиҳалари, жумладан, замонавий уй-жойлар барпо этаётган пудрат ташкилотлари эҳтиёжини қондириш имконини бермоқда.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Print Friendly, PDF & Email