Меҳнат ҳуқуқи кафолатлари янада кучаяди

Yangiliklar

Мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ҳар йили бандлик дастури доирасида юзлаб янги иш ўрни яратилиб, юртдошларимизнинг муносиб шароитларда самарали меҳнат қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2016 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, касаба уюшмалари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Қонунга киритилган ўзгартишлар ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди. – Мазкур қонунни тайёрлашда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳужжатлари, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари ҳамда 15 дан ортиқ давлат тажрибаси эътиборга олинган.
Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни 1992 йил 2 июлда қабул қилинган бўлиб, қонун йигирма икки моддадан иборат. Мазкур қонунга 2016 йилнинг 28 ноябрь куни бир қатор ўзгартишлар киритилиб, ундаги асосий нормалар касаба уюшмаларини тузиш, уларни тугатиш тартиби, фаолиятнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган.
Қонунга мувофиқ ходимлар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган шахслар ҳамда иш билан таъминланган бошқа шахслар ҳеч қандай қаршиликсиз ва олдиндан рухсат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмаларини тузиш ҳуқуқига эга. Барча корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда, якка тартибдаги тадбиркорлик ва ўзга меҳнат фаолияти амалга оширилаётган бошқа иш жойларида ишлаётган ходимлар камида уч нафар бўлганда, уларнинг ташаббуси билан касаба уюшмаларини тузишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.
Мазкур қонунда ходимни ишга қабул қилиш, хизмат поғоналарига кўтариш, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун муайян касаба уюшмасига аъзо эканлигини, унга киришни ёки ундан чиқишни шарт қилиб қўйиш тақиқланган.
Касаба уюшмаси фаолиятини тугатиш уставда белгиланган тартибда унинг ваколатли органи қарорига кўра амалга оширилиши, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши кўрсатиб ўтилган.
Қонунда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси меҳнатга ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Касаба уюшмалари федерацияси меҳнатга ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир норматив хужжатларни қабул қилиш тўғрисидаги таклифларни тегишли давлат органларига киритиш ҳуқуқига ҳам эга.
Қонунда ишчи-ходимлар манфаатларини кўзлаб, касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиши, иш билан таъминлаш борасидаги давлат сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этиши ҳамда ташкилотларда ишдан бўшатиладиган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатлари асосида жамоа шартномасида белгиланадиган чора-тадбирларини таклиф этиши белгилаб берилган.
Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг ҳолати ва аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини олиб боради. Бунда жамоа шартномасида, келишувида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розиликни олмай туриб шартномани бекор қилишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Касаба уюшмалари иш берувчи томонидан меҳнат ва касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириб, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бартараф этилишини талаб қилишга ҳақли. Иш берувчи қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномаларни кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари ҳақида касаба уюшмасига ўн беш кунлик муддат ичида хабар бериши шартлиги киритилган.
Қонунда белгиланганидек, иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари жамоа шартномалари, келишувлари шартларини бузувчи қарор қабул қилган тақдирда, касаба уюшмалари ушбу қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақли, бу тақдимнома бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади. Бунда ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда иш берувчи ва меҳнат жамоаси ёки касаба уюшмаси ўртасида келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга доир масалалар қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилади.
Қонундаги яна бир асосий нормалардан бири касаба уюшмалари миграция, иш билан таъминлаш, меҳнат, нарх белгилаш ва ижтимоий таъминот масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиши мумкин. Иш берувчилар ва мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этиши, уларнинг фаолиятига кўмаклашиши шарт. Улар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларини бузганлик ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қонунда касаба уюшмалари сайлаб қўйиладиган органларининг ишлаб чиқаришдаги ўз ишидан озод қилинмаган аъзоларига жамоа шартномасида, келишувида белгиланадиган шартларга кўра жамоа манфаатларини кўзлаб жамоатчилик вазифаларини бажариши учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан бўш вақт берилади, касаба уюшмасининг қисқа муддатли ўқуви вақтида ҳам уларнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолиниши акс эттирилган.
Бундан ташқари, касаба уюшмалари органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга уларнинг сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг аввалги иши, лавозими берилади, бундай лавозим мавжуд бўлмаган тақдирда ўша ташкилотда ёки ходимнинг розилиги билан бошқа ташкилотда аввалгисига тенг бошқа иш берилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши касаба уюшмалари эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий-меҳнат соҳасида қонунийликни таъминлаш ва жамоат назоратини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Манба: uza.uz

Print Friendly, PDF & Email