Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ҳам Янги йил байрами тадбирлари тинч-осойишта, кўтаринки кайфиятда ўтмоқда.
Байрам тадбирлари доирасида турфа ўйинчоқлар, совғалар, китоблар, ўқув қуроллари кўргазма-ярмаркаси ташкил этилган. – Жойларда болажонлар учун театрлаштирилган томошалар, цирк, ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилмоқда, – дейди Бекобод тумани ҳокими Р.Холматов. – Байрам муносабати билан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандларига байрам совғалари улашилди. Юздан ортиқ эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тарқатилди. Ёлғиз кексалар, имконияти чекланган инсонлар, тинчлигимизни асраш йўлида хизмат чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар идоралари ходимларининг хонадонларида бўлиб, совғалар берилди.
Туманда янги йилни муносиб кутиб олиш, тинч-осойишта ўтказиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлигида жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг оғир оқибатларини тушунтиришга бағишланган тадбирлар ўтказилди. “Байрамни кўтаринки руҳда ўтказамиз”, “Маҳалланг тинч – сен тинч”, “Ўз уйингни ўзинг асра!”, “Огоҳлик – давр талаби”, “Биз пиротехника воситаларидан фойдаланилишига йўл қўймаймиз” мавзуларидаги давра суҳбатлари шулар жумласидандир.
Туман марказидаги деҳқон бозорида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ҳар қачонгидан гавжум. Қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўз махсулотларини арзон нархларда харидорларга тақдим этмоқда.
Манба: toshvil.uz
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: