МЕҲНАТКАШЛАР МАНФААТИ – ҲИМОЯДА

Yangiliklar

226610815_88841Юртимизда амал қилинаётган мавжуд кодекслар, ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар орасида айнан “Меҳнат кодекси”га фаолият туридан қатъий назар барча корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган, бунинг ортидан оила, рўзғор тебратаётган ишчи-ходимлар манфаати ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаси, масъулияти “юклатилган”. Демакки, мазкур кодексни билиш, унга амал қилган ҳолда иш юритиш энг аввало, корхона-ташкилотларимизда меҳнат унумдорлигини, самарадорлигини ошириш йўлида қилинган ижобий ишлардан деб билишимиз жоиз. Қайсики корхона-ташкилотда қонун устуворлигига эришилар экан, у ерда турли норозиликлар, хатолик ва камчиликларга йўл қўйилмайди, дея оламиз. Бироқ, бугунги кунда кўплаб корхона-ташкилотларда айнан “Меҳнат кодекси” ва ундаги моддаларнинг асл моҳиятини тушуниб етмай иш кўриш, ишчи-ходимлар билан меҳнат шартномаларини имзолаш ва бу шартномаларни бекор қилишдаги баъзи муаммолар сабаб ходим ишсиз қолиши, ёинки, бошқа лавозим ва вазифаларга ўтказилиши ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.

19 октябрь куни ўтказилган навбатдаги семинар ҳам айнан мана шу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида ташкил этилди. Унда иштирок этган Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши юридик бўлими мудири Нодир Темиров ҳамда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Оҳангарон туман Кенгаши раиси Гулбаҳор Салимова, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар Кенгаши раиси Бобомурод Мусаев, Оҳангарон тумани ҳамда Олмалиқ шаҳридаги таълим, фан, маданият тизимларида меҳнат қилаётган раҳбар ҳамда ходимларга “Меҳнат кодекси”, унинг айрим моддалари хусусида тушунча ва маълумотлар беришди. МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб айнан Ўзбекистонда “Меҳнат кодекси” қабул қилиниб, бошқа давлатлар мазкур кодексданўз кодексларини яратишда эталон сифатида фойдаланишганини таъкидлаган Нодир Темиров кодекснинг моддаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Баъзи ҳамюртларимиз касаба уюшмасининг вазифаси соғломлаштириш масканларига йўлланма беришдан иборат, деб билишади. Ваҳоланки, касаба уюшмаларига мурожаат қилиш орқали ҳуқуқлари бузилган кўплаб ишчи-ходимлар ўз корхона-ташкилотларида ишлаш имкониятига яна эга бўлишади. Баъзи ҳолларда раҳбарлар ишдан бўшаган, меҳнат шартномаси бекор бўлган ходимнинг Меҳнат дафтарчасига “Меҳнат кодекси”нинг моддалари, яъни ходим қайси моддага асосан бўшатилганини ҳам қайд этишади. Бу ҳам аслида нотўғри ҳаракат. Ходимнинг қайси модда асосида ишдан бўшатилгани, меҳнат шартномаси бекор қилингани унга нисбатан чиқарилган буйруқдагина акс этиши мумкин, — дейди Н.Темиров.

Шунингдек, семинар давомида “Меҳнат кодекси”нинг 87-, 89-, 97-, 99-, 100-, 105- ҳамда 106-моддалари мазмун-моҳияти тушунтириб берилди. Семинар иштирокчилари, таълим, фан ва маданият тизимларида фаолият юритаётган ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.226614090_87794226610348_88326

Print Friendly, PDF & Email