Мен енгил саноат корхонасида тикувчи-мотористка бўлиб ишлайман. Йил бошида турмушга чиқдим, ҳозир ҳомиладорман. Ҳомиладорлигимнинг кечиши оғир ўтяпти, корхонадаги иш эса сменали. Бўлажак она тунги сменада ишлаши шартми?
— Ҳомиладорлик аёлдан ўз соғлиғига жуда ҳам эътиборли бўлишни талаб қилади. Аёллар ва туғиладиган болаларни ҳимоя қилиш, ҳомиладорлик нормал кечиши ва соғлом болалар туғилишини таъминлаш учун амалдаги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ходимлар учун муайян кафолатлар ва иш берувчилар учун тақиқ белгиланган. Меҳнат кодексининг 228-моддасига кўра ҳомиладор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.
Соат 22.00 дан то соат 6.00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади (МКнинг 122-моддаси). Ҳомиладор аёлнинг тунги вақтда ишлашдан бош тортиши, ҳатто тунги вақт фақат иш сменасининг бир қисмига тўғри келган ҳолда ҳам, меҳнат интизомини бузиш деб қаралиши мумкин эмас.
Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.
Уни бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим (МКнинг 226-моддаси).
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: