Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Viloyat yangiliklari

ace1418a-83da-68f2-c38b-b12e7b914123Депутатлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирининг «2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахборотини эшитдилар.

Эшитув давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг минтақалар ва муайян корхоналар кесимида Бандлик дастури амалга оширилишининг тизимли мониторинги ва таҳлилини ўтказишга доир фаолияти, меҳнат бозорида талаб ва таклифни ўрганиш натижалари ҳамда 2016 йил учун тасдиқланган кўрсаткичларни бажариш юзасидан унинг асосида қабул қилинган зарур қўшимча чора-тадбирлар, янги ташкил этилаётган иш ўринлари хусусидаги кўрсаткичларнинг тўғрилиги устидан назоратни кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликдаги ишлари тўғрисидаги ахборот тақдим этилди.

Таъкидлаб ўтилдики, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилганлиги, шунингдек, асосан саноатда, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида, уй-жой қурилишида янги объектларнинг ишга туширилганлиги, кичик бизнес, фермер ва деҳқон хўжаликларининг жадал ривожланганлиги жорий йилнинг январь-июнь ойларида 462,5 минг кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди. Иш ўринларининг 59,8 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилди.

Иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларига ишга жойлашиш борасида меҳнат органлари томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш орқали кўмак кўрсатилди. Натижада бандликка кўмаклашиш туман ва шаҳар марказлари томонидан ишга жойлаштириш юзасидан мурожаат қилган 124,6 минг фуқаро доимий ва вақтинчалик иш билан таъминланди, 52,6 минг фуқарога меҳнатга оид қонун ҳужжатлари бўйича ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари хусусида ахборот ва маслаҳатлар берилди.

Шу билан бирга, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг «2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахборотини ижобий баҳолаган ҳолда, Дастурда назарда тутилган барча чора-тадбирлар комплексини амалга оширишда фойдаланилмаган имкониятлар ҳамда камчиликлар борлигини, хусусан, Дастурнинг бажарилиши юзасидан мониторинг ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг бошқа тегишли давлат органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигини яхшилаш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

Иноят Ҳожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

– Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотнинг парламентда эшитилиши ўта долзарб бўлиб, дастурнинг самарали амалга оширилиши борасида ижро этувчи ҳокимият органлари билан бир қаторда депутатлар корпуси зиммасига ҳам масъулият юклайди.

Шунинг учун мазкур масала доимо парламент диққат марказидадир. Чунончи, ушбу эшитувдан олдин депутатлар томонидан бир қатор вилоятларда дастурнинг амалга оширилиши ҳолати ўрганиб чиқилди. Янги корхоналарни ишга тушириш ва ишлаб турган корхоналарни кенгайтириш, кичик корхоналарни ривожлантириш ва бошқа тадбирлар ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш борасида қолоқлик аниқланди.

Шу сабабли айрим минтақаларда иш ўринлари ташкил этиш юзасидан маҳаллий ҳокимият органларининг ишини фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Жамол Носиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

– Дастур бажарилишининг самарадорлигини оширишда барча давлат органлари ва муассасаларининг, депутатлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг яқиндан ҳамкорлик қилиши муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли мониторинг тизимини такомиллаштириш, дастур кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши устидан назоратни кучайтириш зарур.

Мамлакатимизнинг айрим минтақаларида Бандлик дастури бажарилишининг боришини ўрганиш аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат бозорида талаб этиладиган муайян мутахассисликлар бўйича касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларига бўлган эҳтиёжни режалаштириш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида ҳанузгача камчиликлар мавжуд эканлигини кўрсатмоқда.

Бугунги очиқ-ойдин ва танқидий муҳокама биз, депутатларнинг парламент назорати имкониятларидан кўпроқ фойдаланишимиз зарурлигини кўрсатади.

Эркин Авезов, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг бошқарма бошлиғи: 

– Бугунги эшитув ўтган йиллардагидан фарқли равишда амалий ва танқидий руҳда ўтди. Сайловчилар билан бўлган учрашувлар ва назорат-таҳлил тадбирлари давомида олинган маълумотлар асосида депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазаларни ўринли деб ҳисоблаймиз. Хусусан, янги ташкил этилаётган иш ўринлари ҳақидаги кўрсаткичларнинг тўғрилиги устидан назоратни кучайтиришга доир давсиялар берилди. Буларнинг барчаси фаолиятимизда янгича ёндашувларни, шунингдек, ишимиз сифатини янада яхшилашни талаб этади.

Эшитув якунларига кўра, муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тегишли қарор қабул қилди.

Print Friendly, PDF & Email