АНГРЕНДА ТЕМИР ЙЎЛ БЕКАТИ ҚУРИЛИШИ ЖАДАЛ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Вилоят янгиликлари

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан қуриб ишга туширилган Ангрен Поп электрлаштирилган темир йўли орқали 27 август куни йўловчи поезди Тошкентдан Андижонга йўл олган эди. 5 сентябрдан бошлаб эса Тошкент – Андижон − Тошкент йўналиши бўйлаб “Ўзбекистон” йўловчи поездининг мунтазам қатнови йўлга қўйилди.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ матбуот хизмати хабарига қараганда, поезд Тошкент марказий вокзалидан соат 08:05да жўнаб кетиб, Андижон вокзалига соат 14-05да етиб боради ҳамда Андижон вокзалидан соат 15:25да йўлга чиқиб, Тошкент марказий вокзалига 21:25да етиб келади. Поезд йўл давомида Поп, Қўқон, Марғилон шаҳарларидаги вокзалларда тўхтайди.
Айни кунларда Ангрен аҳолиси ва шаҳримиз меҳмонларининг ҳам ушбу поезд хизматидан фойдаланиши учун темир йўл бекати қурилмоқда.
Биз куни кеча шаҳримизнинг Истиқлол шох кўчаси этагида олиб борилаётган қурилиш объектида бўлиб, иш жараёни билан яқиндан танишдик. Ушбу янги иншоот “Ўзбекистон темир йўллари” АК капитал қурилиш бошқармаси буюрмаси бўйича “Guber global coonctructions” масъулияти чекланган жамияти бош пудратчи сифатида амалга ошираётир.
− Қурилиш ишларини май ойидан бошлаганмиз, фойдаланишга топшириш муддати шу йилнинг 31 декабри этиб белгиланган. Аммо биз бекатни, насиб этса, муддатидан аввал топшириш ниятидамиз, −дейди мазкур жамиятнинг қурилиш участкаси бошлиғи Ислом Аманов.
Жамият қурувчилари пойтахтимиз ва республикамизнинг қатор шаҳар ва туманларида замонавий ана шундай иншоотлар бунёд этиб, тажриба орттиришган. Ислом Амановнинг таъкидлашича, замонавий тарҳ асосида бунёд этилаётган Ангрен темирйўл бекати вокзали ҳам улар орасида ички ва ташқи кўриниши, йўловчиларга яратиб берилаётган қулайлиги билан ажралиб туради. Бу ерда 75 йўловчига мўлжалланган кутиш зали, навбатчи маълумотхона, вибзал, тиббий пункт, она ва бола хонаси, юк сақлаш хонаси, тамаддихона ишлайди. Бекатнинг атрофи ҳам обод масканга айлантирилади, Қиш мавсумида иситиш учун қозонхона, шунингдек, автомайдонча ҳам бўлади.
Айни кунларда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Ҳозиргача мустаҳкам пойдевор устида асосий бино қуриб битказилган ва том ёпиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳадемай суваш, пардозлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилади.

Манба: Неъмат Душаев, “Улуғ йўл” газетасининг 25(148)-сони.

Print Friendly, PDF & Email