1. Савол: Вақтбай (маошли) меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида нима меҳнат нормаси ҳисобланади?
Агар ходим штат жадвалига кўра 500,0 минг сўмлик маош тайинланган лавозимни эгалласа, бироқ меҳнат шартномаси шартларига кўра ойда 3 кун ишласа, меҳнат ҳақи суммасини қандай қилиб тўғри ҳисоблаш мумкин?
Унга ушбу 3 кун учун 500,0 минг сўмдан кам сумма тўланса, бу МКни бузиш бўлмайдими?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш услубияти бошқармаси мурожаатингизни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади:
— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 155-моддасида назарда тутилганидек, муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ЯТСнинг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
— Меҳнат ҳақининг энг кам миқдорига қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар ва бошқалар қўшилмайди.
— Вақтбай меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида тегишли малакага эга ходимнинг меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдори соатларда (кунларда) ишланган вақт давомийлигига қараб белгиланади.
— Вақтбай меҳнатга тўланадиган ҳақ соатбай, кунбай ва ой учун бўлиши мумкин. Вақтбай ойлик меҳнатга ҳақ тўланганда лавозим маошининг миқдори ойдаги соатлар (кунлар) нормасига қараб ўзгармайди. Шу тариқа, вақтбай ойлик меҳнатга ҳақ тўланганда Меҳнат кодексининг 115-моддасига ҳамда корхонада, ташкилотда жорий этилган иш вақти режимига мувофиқ бир ойда ишланган иш соатлари (кунлари) нормаси меъёр ҳисобланади.
— Меҳнат кодексининг 119-моддасига мувофиқ, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, тегишинча, тўлиқсиз иш ойи белгилаб қўйилиши мумкин.
— Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаганда ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.
2. Савол: Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида тушунча беринг?
НИЗОМга кўра асосий иш жойи — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддасига мувофиқ иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритиладиган ташкилотдир.
ўриндошлик асосида ишлаш — ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши хисобланади.
— Қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади: ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
— вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
— бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари — соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;
— қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).
Демак, Сизнинг ҳолатингиздаги электромантернинг иши ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса ўриндошлик асосида ишлаш ман қилинади.
Ноқулай шарт-шароитларини аниқлаш учун Меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат шароитларига кўра иш жойларини аттестациялаш зарур.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: