МЕҲНАТКАШЛАР МАНФААТИ ЙЎЛИДА

Yangiliklar

     Дунё тамаддунида алоҳида, ҳатто ҳал қилувчи ўринга эга бой тарих, жаҳон аҳлини мафтун этган гўзал обидалар, самимияти билан ўзини бир зумда суйдирадиган инсонлари билан мақтана оладиган диёрлар оламда кўп бўлмаса керак. Шу маънода сифатларнинг барчаси бизга, мустақил диёримизга ҳам тегишлилиги билан кўнглимизга фахр-ифтихор бахш этади.

Айниқса, байрам кунларида Мамлакатимиз янада чирой очган. Гулларга бурканган кўчалар, ишга кетаётгану ишдан қайтаётган одамларнинг қўнғироқдек кулгулари, ҳавони тўлдирган шодон болакайлар қийқириғи юрт манзарасини ёрқин ранглар билан бойитади. Булар ортида ҳалол меҳнат, оқилона сиёсат, бирдамлик ва ўзаро меҳр-оқибат турганини ёдга солади. Дарҳақиқат, ишидан кўнгли тўқ, жамоасида қадрланган, қилган меҳнатига яраша иззат топган кишилардан иборат жамият фаровон бўлади. Бундай самимий муҳит бардавомлигини таъминлашдек масъулиятли юмуш эса касаба уюшмалари зиммасидадир. Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг фаолияти ҳам ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қилиш, улар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқ ва саломатлиги, ҳордиқ чиқариши, иш жараёнида ноқонуний муносабатга дуч келмаслиги, ўзларини ҳуқуқий ва моддий-маънавий жиҳатдан ҳимояланганликларини ҳис қилишларини таъминлашга қаратилган. Кенгаш, шунингдек, вилоят аҳолисининг тарихий шаҳарлар, ўз ҳудудидаги қадамжоларни зиёрат қилишлари, белгиланган режа асосида концерт, театр, музейларга ташриф буюришлари учун шарт-шароит яратиб келмоқда. Меҳнаткашларнинг юртимиз бўйлаб саёҳатларини назарда тутган жамоа шартномалари ва тармоқ келишувлари орқали шу кунгача 10 мингдан ортиқ ишчи-ҳодимларнинг сайёҳатлари ташкил этилди. Бу ички туризмни тизимли ривожлантириш йўлидаги яхши қадамдир. Кенгаш; айниқса, вилоятдаги “Мурувват”, “Саҳоват” уйларида яшовчиларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб туради. Кўнгли ўксик инсонга аввало моддий ёрдам, ҳайр-саховат тадбирларидан ҳам кўра кўрсатилаётган эътибор, самимий меҳр муҳим эканлигини ходимларимиз жуда яхши англайдилар. Байрамлардагина эмас, балки бошқа кунлари ҳам меҳрталаб кишиларга инсоний меҳр ҳарорат улашиш эзгу мақсадимиздир. Ижтимоий химояга мухтож, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга маиший техника воситаларини етказиб бериш, сифатли тиббий хизмат ва бошқа ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш жадаллик билан олиб бориляпти.

Жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар, янгиликлар, қабул қилинаётган фармону қарорлар одамлар тақдирида акс этиши, уни ижобий томонга ўзгартиришини яхши англаймиз. Шу боис Давлат дастурлари, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» мазмун-моҳиятини меҳнат жамоалари, хусусан, ёшлар орасида кенг тарғиб этиб, тушунтириб боришга катта аҳамият берамиз. Пенсия ёшидаги ходимлар ҳам эътиборимиз марказида. Хусусан, 651 нафар шундай шахсларга пенсияга чиқишидан олдин моддий ёрдам берилиб, қимматбаҳо совғалар улашилди. 846 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар берилди, 861 нафар ишламайдиган пенсионерлар (корхоналарнинг собиқ ходимлари)га ва бола парвариши таътилидаги 229 нафар ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилгани фикримиз далилидир.

Жорий мавсум давомида корхона, ташкилот ва муассаса ходимларининг фарзандлари шаҳар ва шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда мароқли ҳордиқ чиқаришлари таъминланди. Вилоят бўйича бу йилги мавсумда 19 та стационар оромгоҳларда жами 17 минг 16 нафар болалар соғломлаштирилди. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, ота-она қаровисиз қолган, ногирон болалар соғломлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилди, улардан 3697 нафарига бепул ва имтиёзли ҳордиқ олиш имконияти яратилди. Шунингдек, 10 та “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳида ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчилариамалиёт ўтади. Ҳар қандай жамиятни ривожлантирувчи асосий омил илм ҳисобланади. Олий ўқув юртларида ўқиётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пуллари қисман тўлаб берилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзоларини спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли касб касалликларидан муҳофаза қилиш мақсадида спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиб келмоқдамиз. Халқимизнинг ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамлаш, қаҳрамонларни хотирлаш мақсадида мустақиллигимизни ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар ходимлари оилаларидан доимий хабар олиб турамиз.  Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаш-тириш ишларида ҳам фаол иштирок этиш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади. Шу маънода, Қуйичирчиқ, Чиноз ва Зангиота туманларида “Обод қишлоқ одамларининг қалби обод, маданияти ва маънавияти юксак бўлади!” мавзусида ўтказилган тадбирларни кўтаринки кайфиятда ўтишига кўмаклашдик.  Вилоят бўйича жорий йил бошидан шу кунга қадар 1минг 617 та корхона, ташкилотлар касаба уюшмасига жалб этилди.

    Фурсатдан фойдаланиб, юртимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрам билан қутлаймиз. Ишчи-ходимлар ва улар оила аъзолари манфаати ҳамда ҳимояси йўлида ишлашдан ҳамиша мамнунмиз.

                                                                                                      Шавкат Собиров,                                             Тошкент вилояти касаба уюшмалари  ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email