Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

Yangiliklar

Барчамизга маълумки, мустақиллик шарофати билан кўп минг йиллик асл илдизларимизга қайтиб, миллий давлатчилигимизни, миллий ўзлигимиз ва маънавиятимизни, ҳуқуқ-эркинликларимизни ва қадр-қимматимизни тиклашдек мислсиз имконларга эга бўлдик. Шу билан бирга, истиқлол шарофати билан урф-одат ва анъаналаримизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш ва уларнинг бой меросини ўрганиш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш бўйича улкан шароитлар юзага келганини эътироф этиш лозимдир.

Энг асосийси, истиқлол бизни — ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда — авлодларга ибрат ва намуна бўладиган буюк ишларни амалга оширишга, хусусан, суверен, демократик ва адолатли ҳуқуқий давлат ҳамда эркин фуқаролик жамияти барпо этишдек устувор мақсадимизни рўёбга чиқаришга имкон берди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган туб демократик ўзгаришларнинг ҳуқуқий кафолатлари Конституция ва миллий қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган. Бунда амалдаги конун ҳужжатларига халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принциплари муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда кисқа тарихий муддат ичида миллий давлатчиликни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Халқ фаровонлиги йўлида “кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” илдам қадам қўйиш мақсадида эркин бозор муносабатларига асосланган кучли миллий иқтисодиёт барпо этилди.

Буларнинг барчаси, аввало, мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб «Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган принципни ҳаётга татбик этганимизнинг амалий самараси эканини ҳар бир юртдошимиз бугун юракдан англайди.

Дарҳақиқат, буюк ва бебаҳо неъмат — мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Шу муносабат билан, Тошкент вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари  бирлашмаси Кенгаши ҳамда  Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўгрисида”ги ПҚ-3095-сонли Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июлдаги 126-сонли мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари Давлат қўмитасига қарашли, Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган ҳарбий қисмда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти Анвар Содиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали драма театри актёри Отабек Хақбердиев,  Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши бўлим мудири  Шаҳноза Одилхонова ва “Ўзбекконцерт” бирлашмасининг таниқли хонандалари  иштирок этдилар.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ўтган 26 йил мобайнида эришилган  ютуқлар, ҳукуматимиз томонидан барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли улкан ўзгаришлар, шунингдек, энг катта ва бебаҳо бойлигимиз тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳалқ қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур очиб бериш орқали бу борадаги асосий вазифаларни муҳокама этишдан иборатдир.

 

Print Friendly, PDF & Email