“ЭНГ НАМУНАЛИ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Yangiliklar

Маълумки, 2011 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўртасида «Энг намунали бошланғич ташкилот» республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Ушбу кўрик-танловда иштирок этиш учун барча бошланғич ташкилотларни кенг жалб этиш, намунали фаолият олиб бораётган бошланғич ташкилотлар фаолиятини оммалаштириш, кўрик-танловнинг барча босқичлари юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлаш мақсадида 2015 йилнинг 31 март куни Федерация Кенгаши Раёсатининг 21-53с-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор билан тасдиқланган «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич ташкилотлар ўртасида ўтказиладиган «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови тўғрисида Низом»га кўра, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ўртасида танловнинг 1-босқичи бўлиб ўтди. 

Жорий йилнинг апрель-май ойларида барча тармоқ касаба уюшмалари тизимидаги бошланғич ташкилотлар мазкур танловда қатнашиш учун тегишли ҳужжатларини танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тармоқ касаба уюшмалари туман, шаҳар комиссияларга тақдим этдилар.

Тегишли комиссиялар эса, касаба уюшмаси аъзолари сони 100 нафаргача бўлган ва аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган  бошланғич ташкилотлар ҳужжатларини алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқиб, белгиланган баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳолаб борди.

Жорий йилнинг май ойи якунига қадар давом этган биринчи босқичда имкон қадар кўпроқ бошланғич ташкилотларни қамраб олиниб, келгусида уларнинг энг намуналилари фаолиятини оммалаштириш ва ўзаро тажриба алмашишлари режалаштириб олинди.

Бугунги кунда мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичлари якунига етиб бормоқда.

Жумладан, 2017 йилнинг 5 июль куни Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан “Энг намунали бошланғич ташкилот” республика танловининг вилоят босқичи ғолибларини тиқдирлаш тадбири ўтказилди. Унда қатор бошқарма ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар ва ижтимоий шериклар, иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

4 босқичда ташкил этилган мазкур танловнинг биринчи туман, шаҳар босқичларида жорий йилда 2 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари қатнашди. Улар орасидан саралаб олинган 209 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти иккинчи-вилоят босқичида иштирок этди.

Мазкур кўрик-танловда иштирок этган бошланғич ташкилотлар фаолияти Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тармоқ касаба уюшмалари вилоят раислар кенгашлари томонидан тузилган комиссиялар томонидан чуқур таҳлил этилди. Хусусан,  меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, ташкилий масалалар, тарғибот-ташвиқот соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бунда айниқса, бошланғич ташкилотларнинг меҳнат жамоаларининг ижтимоий масалаларини ҳал этишда эришган аниқ натижалари, ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, касаба уюшма ташкилотининг янги иш ўринларини ташкил этишдаги иштироки, жамоа шартномасини тузиш қоидаларига риоя этилганлиги ва унинг мазмуни қонун ҳужжатларига мослиги, амалдаги ижроси каби масалалар танлов иштирокчилари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари бўлди. Шунингдек, бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг ходимлар ҳуқуқий маданиятини ошириш, меҳнаткашлар маънавиятини юксалтириш борасида амалга ошираётган ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур кўрик-танловнинг туман, шаҳар босқичларида сараланган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вилоят босқичида иштирок этдилар ва тармоқлар хусусиятларини инобатга олган ҳолда ходимлар сони 100 нафаргача бўлган ва 100 нафардан ортиқ бошланғич ташкилотлар ўртасида ғолиблар аниқланди.

Тадбирда “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг якуний натижаларига кўра, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, бандликка кўмаклашиш, меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандлари саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат жамоаларида маданий-маърифий ва спорт ишларини ташкил этиш борасида самарали натижаларга эришаётган, корхона ижтимоий ҳаётида муносиб ўрин эгаллаб, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга эришаётган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари аниқланиб, муносиб тақдирланди.

Жумладан, кўрик-танловда тармоқлар бўйича ғолиб бўлган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан I-, II- ва III- даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Ғолиблар танловнинг республика-тармоқ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

 

 

 

Print Friendly, PDF & Email