Жорий йилнинг 28 октябрь куни Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг мажлислар залида Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш раёсатида, “Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан 2016 йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида” Бирлашма Кенгаши раиси Ш. Собиров маъруза қилди.
Унда, устувор йўналишлар доирасида тизимда аниқ мақсадга йўналтирилган қатор ишлар олиб борилганлиги қайд этилди. Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари изчил ҳимоя қилинди.
Ҳисобот даврида меҳнаткашлардан жами 144 та мурожаат бўлган, шундан 16 таси оғзаки ва 62 таси ёзма мурожаатлар. Бирлашма Кенгашига келиб тушган фуқароларнинг мурожаатлари барчаси таҳлил қилинганда, 51таси ишдан ноқонуний бўшатилганлиги холати, 58 таси раҳбарларниниг ноқонуний хати-харакатлари, 25 таси меҳнат муҳофазасига оид масалалари бўйича, 10 таси моддий ёрдам ажратиш тўғрисида бўлган. Иш берувчилар номига қонун бузилиш холатлари бўйича 10 та тақдимнома киритилган барча тақдимномлар қаноатлантирилган. Судда бирлашма Кенгашининг ишончли вакили бўлиб қатнашиб, 8 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, улар ўз лавозимларига тикландилар ҳамда мажбурий прогул учун 13 млн. 740 минг сўм ундирилишига эришилди.
Ижтимоий шерикликнинг шакл ва услубларини такомиллаштириш асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигини ошириш, меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
“Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2015-2017 йиллар учун Минтақавий келишув” асосида бир қатор ижтимоий-иқтисодий ҳимоя тадбирлари амалга оширилди.
Ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича тармоқ касаба уюшмаларига амалий ёрдам кўрсатилди, бирлашма Кенгашининг эксперт комиссияси томонидан 70 дан ортиқ жамоа шартномалари лойиҳаси экспертиза қилинди.
Жамоа шартномаларидаги ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқини таъминлашга оид имтиёз ва кафолатлар бажарилиши бўйича ойлик мониторинг олиб борилди. Мониторинг натижаларига кўра, ҳисобот даврида жамоа шартномалари орқали: олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 43 нафар талабанинг шартнома пулларининг бир қисмини қоплаш учун 95 млн. сўм сарфланди, 227 та корхонада 205 ёш ходимни бошқа касбга ўргатиш ва малакасини ошириш учун 209,4 млн. сўм йўналтирилди; 128 та корхона ва ташкилотда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини шогирдликка олиб, уларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатаётган 132 нафар устоз-ходимларни рағбатлантириш учун қарийб 270 млн. сўм маблағ сарф этилди; 7 нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 7,5 млн. сўм миқдоридаги фоизсиз ссудалар берилишига эришилди; олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатиб 13 та корхонада биринчи йил меҳнат қилаётган 15 нафар ёш мутахассисларга қўшимча 2,8 млн. сўмдан ортиқ ҳақ тўланди; Шунингдек, 1 минг 531 нафар кексаларга ҳар томонлама кўмак бериш учун 87 млн. 751 минг сўм йўналтирилди, пенсия ёшига етган 436 нафар ходимга пенсияга чиқишдан олдин 61 млн. 165 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини ташкил қилиш ишлари давом эттирилди.
Жумладан, Жойларда мутасадди идоралар билан ҳамкорлиқда аҳолини иш билан таъминлаш дастурининг бажарилишини, яратилган янги иш ўринларининг ҳаққонийлигини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳларни шакллантириш, ушбу гуруҳларга депутатлар гуруҳларини жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Тошкент вилоятида янги иш ўринлари ташкил этилиши ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 2016 йилда 87 минг 778 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган бўлиб, 1 октябрь ҳолатига 67 минг 103 та иш ўринлари яратилиб, режа 102, 2 фоизга бажарилди.
Мақсадли дастурларга асосан Тошкент вилояти бўйича 2016 йилда ташкил қилинадиган иш ўринлари сони 20 минг 378 та бўлиб, Федерация Кенгаши томонидан 18 минг 300 та иш ўринларини ўрганиб чиқиш ва 2016 йилда фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш натижасида ташкил этиладиган иш ўринлари 8 минг 746 та бўлиб, Федерация Кенгаши томонидан 6 минг 100 та иш ўринларини ўрганиб чиқиш, жами 24400 та иш ўринларини ўрганиб чиқиш режа қилиб берилган.
Касаба уюшмалари фаоллари томонидан ушбу белгилаб берилган режага асосан 2016 йилнинг 9 ойи давомида жами 5021 та корхонада 19 минг 432 та янги иш ўринлари яратилганлиги ҳаққонийлиги ўрганилиб, белгиланган режа 80 фоизга бажарилган.
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун банд қилиб қўйилган иш ўринларига фуқароларнинг талабига кўра 8634 нафари ишга жойлаштирилди.
Вилоятда «Бўш иш ўринлари ярмаркалари»ни ўтказиш режа-жадвали асосида касаба уюшмалари иштирокида 73 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда қарийб 3721 та корхона 35244 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. 13186 нафарга яқин аҳоли вакиллари иштирок этган мазкур ярмаркаларда 3781 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилган.
Ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни меъёрлаштиришнинг ижтимоий адолатли тизимини жорий этишга кўмаклашиш, нодавлат секторида меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасидаги ишлар янада кучайтирилди.
Жумладан, Жамоатчилик мониторинги доирасида биринчи навбатда ўрганилиши тавсия этилган энг кам меҳнат ҳақи 280 минг сўмдан кам бўлган 74 та ташкилотнинг дастлабки рўйхати шакллантирилиб, март ойида ўрганиб чиқилди. Қолган ойлар давомида 400 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя қилиш ҳолати ўрганиб чиқилди.
Шунингдек, вилоят бўйича иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик юзасидан касаба уюшмалари ва Давлат статистика қўмитасининг маълумотлари таққосланиб, таҳлил этиб борилмоқда.
2016 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Тошкент вилоятидаги касаба уюшмаси хизматига олинган корхона, ташкилотлар бўйича иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик миқдори 4 млрд. 817,2 млн. сўмни ташкил этди ва ушбу кўрсаткич 1 июль ҳолатига нисбатан 27 млрд. 319,3 млн. сўмга камайди.
Федерация Кенгашининг ташаббуси билан Мустақилликнинг 25 йиллигига ҳар бир туман, шаҳарда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида ёшлар учун 25 тадан иш ўринларини яратиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Раёсат қарори билан “Туман ва шаҳарларда коллеж битирувчилари учун 25 тадан иш ўринлари яратиш манзилли дастурини ишлаб чиқиш ҳамда ижросини таъминлаш бўйича Тошкент вилояти ҳудудий комиссияси таркиби”, “Туман ва шаҳарларда коллеж битирувчилари учун 25 тадан иш ўринлари яратишга кўмаклашувчи, ҳудудларга бириктирилган масъуллар рўйхати”, “Туман ва шаҳарларда коллеж битирувчилари учун 25 тадан иш ўринлари ташкил этиш режа-тақсимоти” тасдиқлаб олинди.
Кейинги босқичда жойлардан олинган таклифлар умумлаштирилиб ва таҳлил қилиниб, “Тошкент вилоятининг туман, шаҳарларида МФЙлар кесимида 2016 йилда янги иш ўринлари яратиш бўйича манзилли дастур” ишлаб чиқилиб, ушбу дастурга асосан 450 та иш ўрни яратилиши режалаштирилди ва 1 октябрь ҳолатига 450 иш ўринлари яратилиб, режанинг бажарилиши 100 фоизга таъминланди.
Ушбу иш ўринларини яратишда касаба уюшмалари маблағидан 286,62 млн., ўз маблағидан ёки банк кредити ҳисобидан 1 млрд. 813,3 млн., хомийлар маблағидан 586,6 млн. сўм маблағ сарфланди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган вакилларнинг малакасини ошириш соҳасида тизим яратилиб, улар учун ўқувлар ташкил қилиб келинмоқда, бунда асосий эътибор ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратиляпти.
Ходимлар учун қулай, бехатар меҳнат шароитларини таъминлашда ваколатли давлат идоралари, бошқармалар, иш берувчилар билан яқиндан ҳамкорлик тизимли равишда давом эттирилди.
Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари томонидан 320 дан ортиқ касаба уюшма ташкилотларининг фаолияти ўрганилиб, 237 га яқин қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга 35 та тақдимномалар киритилди ва аниқланган камчиликларнинг деярли ярми касаба уюшмаларининг аралашуви билан жойида бартараф қилинди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Ер майдонларининг оптималлаштирилиши натижасида янги ташкил этилган 3257 та фермер хўжаликларининг рўйхатлари шакллантирилиб, уларда касаба уюшма ташкилотларини тузиш ҳамда жамоа шартномаларини имзолаш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш мавзуларида ўқув-семинарлар ўтказилиб, уларда 3 минг нафардан зиёд фермер хўжаликлари раҳбарларининг иштироки таъминланди.
Кичик бизнес субъектлари раҳбарлари ўртасида касаба уюшмаларининг афзалликларини тарғибот қилиш мақсадида ҳар бир туманда улар билан учрашувлар ташкил этиш жадваллари ишлаб чиқилиб, бугунги кунгача ҳар бир туман, шаҳарда учрашувлар ўтказилди ва уларда 3124 нафар кичик бизнес субъектлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Шунингдек, корхона ва ташкилотлардаги меҳнат жамоаларида касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари бўйича олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1912 та хўжалик субъектида меҳнат қилаётган 17 минг нафардан зиёд ходимлар касаба уюшмалари ҳимоясига олинди.
2016 йил – “Соғлом она ва бола йили” дастури асосида ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилди.
“Соғлом она ва бола йили” дастури доирасида имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 12 минг 936 нафар (режага нисбатан 214,1%) фуқароларга 1 млрд. 502 млн. 407 минг сўмлик ижтимоий кўмак берилди.
Чекка ва бориш қийин бўлган қишлоқлардаги кўмакка муҳтож ишлаётган 45 нафар аёлларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.
Раёсатда “Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан “Соғлом она ва бола йили” вилоят ва бирлашма Кенгаши дастурлари ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”, “2016 йил биринчи ярим йили якуни бўйича Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши касаба уюшмаси бюджетининг ижроси тўғрисида”, “2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига мувофиқ яратилган иш ўринлари, жумладан касаначилик иш ўринларининг сифат ва натижадорлигини ўрганиш ва унинг натижалари тўғрисида”, “Оққурғон туман кенгашлари ҳамда унга аъзо ташкилотларда Устав талаблари асосида олиб борилаётган ишларни комплекс ўрганиш ҳамда амалий ёрдам бериш тўғрисида” ги масалалар бўйича ўрганиш натижалари батафсил муҳокама этилди.
Раёсат йиғилиши кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: