Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан Бирлашма мажлислар залида Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг Вилоят Форуми ўтказилди. Унда тегишли бошқарма ва ташкилотлар, вилоят ҳокимлиги вакили, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбарлари ва ходимлари, ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур анжуманда таъкидланганидек, Ватанимиз Мустақиллигининг илк кунлариданоқ ҳар томонлама етук баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилди. Истиқлол йилларида ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу жараёнда болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари муҳим аҳамият касб этади.
Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича Вилоят Мувофиқлаштирувчи Ишчи гуруҳлари мавсумнинг намунали ва уюшқоқлик билан ўтказилишини таъминлади. Бирлашма Кенгаши қошида доимий ишловчи штаб фаолияти йўлга қўйилиб, ҳар бир болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолияти, уларда мавсумни намунали ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар мувофиқлаштириб борилди.
Барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида кутубхоналар, турли тўгараклар, спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилди, айниқса, ҳар бир мавсумда болалар учун чет тили тўгараклари ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Мавсум давомида, барча оромгоҳларда Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида мингга яқин маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари, концерт дастурлари, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилиб, уларга таниқли шоир ва ёзувчилар, эстрада санъаткорлари жалб этилди,. Шунингдек, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олаётган болалар ўртасида ўтказилган “Биз- соғлом авлодмиз” шиори остидаги “Ёш юлдузлар-2016” фестивали болажонларда катта таассурот қолдирди.
Жорий йилда Манзилли дастур доирасида 5 та (Чимён, Меҳржон, Бойчечак, Зангори олов, Йўлчи) болалар соғломлаштириш оромгоҳларида қурилиш-таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди.
Шу билан бирга, ёз мавсуми давомида Хоразм вилоятининг ҳудудларидан 1250 нафар болалар қабул қилиниб мароқли дам олдирилди. Жумладан, “Бойчечак” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 625 нафар, “Меҳржон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 625 нафар хоразм болалари соғломлаштирилди.
Жорий йил ёз мавсуми давомида Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши дислокациясидаги мавжуд 20та болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 16 минг 20 нафар (режа кўрсатгичи 108 фоизга бажарилди), Вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган 130та кундузги оромгоҳларда 17600 нафар болалар дам олдирилди. Шулардан 775 нафари меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, 641 нафари маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар болалари, 1233 нафари кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул соғломлаштирилди. Вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти даврида 10та корхона ва ташкилотлар қошида “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳлари ташкил этилиб, 710 нафар болалар соғломлаштирилди.
2016 йилги ёз мавсумига пухта тайёргарлик кўрилганлиги ва бу борада тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида чора-тадбирлар амалга оширилганлиги туфайли мавсум муваффақиятли ўтказилди.
Мавсумда оромгоҳларда жонбозлик кўрсатган оромгоҳ раҳбарлари, тарбиячилар ҳамда ташкилотчилар Бирлашма кенгашининг эсталик совғалари ва дипломлари билан тақдирландилар.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: