Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг 2018 йил 17 майдаги 10-сонли кенгайтирилган селектор мажлиси Баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2018 йилнинг 26 май куни Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида мавсум ташкилотчилари ва оромгоҳларга жалб этиладиган ходимлар учун ҳудудий семинарлар ташкил этилди.
Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва ўтказиш ишлари сифати ҳамда самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу семинарларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар раислари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари, тегишли вазирлик, идора ва бошқармалар мутасаддилари, стационар турдаги оромгоҳлар бошлиқлари ҳамда ёз мавсуми давомида оромгоҳларда фаолият кўрсатувчи ходимлар иштирок этдилар.Ҳудудий семинарлар 2 боскичда, яъни ялпи йиғилиш ва ҳар бир соҳа мутахассислари учун ташкил этилган секциялар тарзида ўтказилди.Ана шундай ҳудудий семинарлардан бири Тошкент вилоятида ҳам ташкил этилди. “Ўзметкомбинат”АЖ га қарашли “Ёшлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилган ҳудудий семинарнинг ялпи йиғилиши давомида Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари томонидан иштирокчиларга мавсум давомида барча турдаги болалар оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш, болаларнинг сифатли, мазмунли ва қизиқарли дам олишларини таъминлаш йўналишларида устувор бўлган масалалар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Айниқса, оромгоҳларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз равишда етказиб бериш билан бирга уларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб беришини назорат қилиб бориш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, оромгоҳларда фаолият кўрсатиш учун ҳар бир соҳадан малакали ходимларни жалб этиш йўналишларида тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди. Бугунги оромгоҳлар фақатгина соғломлаштириш масканлари эмас, балки ўғил-қизларни интеллектуал ривожлантириш марказлари сифатида фаолият кўрсатиши зарур эканлиги таъкидланди.
Семинарда қайд этилганидек, Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси талаблари асосида жорий йилда оромгоҳлар фаолиятини янада такомиллиштириш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, соғломлаштириш ишларининг сифати ва дам олдириладиган болалар сони оширилишига эришилди. Тошкент вилоятида мавсум давомида 19 та шаҳар ташқарисидаги оромгоҳда 15722 нафар ва 160 та кундузги оромгоҳда 17770 жами 33492 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Шунингдек, Тошкент вилоят корхона ва ташкилотларда ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун 10 та «Меҳнат ва дам олиш» оромгоҳларида 700 нафар ўсмир ёшдаги болаларни дам олишлари ташкил этилади.Давлатимиз томонидан болалар оромгоҳларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларни замонавий дам олиш масканларига айлантиришга катта эътибор қаратилиб, оромгоҳлар йилдан-йилга янгиланиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, қабул қилинаётган Манзилли дастур асосида вилоятда жорий йилда 3 та оромгоҳ реконструкция ва жорий таъмирдан чиқарилди.Ихтисослаштирилган оромгоҳлар фаолияти сифати ва самарадорлигини янада ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, бу йил ёз мавсуми вилоятда 1 та ихтисослаштирилган, 2 та ҳарбий-спорт, 3 та экологик-биологик, ўлкашунослик, 2 та техник ижодкорлик, 4 та бадиий ижодкорлик, 5 та ижтимоий мослашув оромгоҳлари ташкил этилади.Семинарда Тошкент вилояти миқёсида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари сифатини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Семинар давомида энг аввало вилоятдаги оромгоҳларнинг мавсумга тайёргарлиги, болаларни соғломлаштиришни кўнгилдагидек ташкил этиш, мазкур йўналишлардаги ишларга мавсумни намунали ташкил этиш ва самарали ўтказиш ишларига алоқадор бўлган барча идора, ташкилот ва муассасаларнинг саъй-ҳаракатларини уйғун ҳолда йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бугун Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ҳар бир соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, жадал ривожланиш жараёнларидан келиб чиққан ҳолда оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш масаласида янгича ёндашув жорий этилмоқда. Яъни, оромгоҳлар, хоҳ стационар, хоҳ кундузги оромгоҳ бўлсин, болажонларнинг нафақат жисмоний чиниқиши ва ҳордиқ чиқаришига, балки уларнинг маънавий кучга тўлиши, тафаккури кенгайишига хизмат қилувчи маскан сифатида фаолият кўрсатишини таъминлаш асосий мақсадлардан биридир. Шу боис жорий йилда оромгоҳларда фаолият кўрсатувчи кадрларнинг юқори малакага эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Семинар давомида шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар, масъул идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокчилар учун соғломлаштириш мавсумига тааллуқли бўлган ҳар бир масала юзасидан батафсил маълумотлар бердилар.Секция машғулотлари давомида ҳар бир соҳа вакиллари, хусусан, педагог кадрлар, етакчилар ва тўгарак раҳбарлари, спорт йўриқчилари, тиббиёт ходимлари, техник ва хўжалик ходимларининг тарбиявий ишларни кучайтириш, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни қизиқишларига мувофиқ тўгаракларга жалб этиш, тегишли ҳужжатларни юритиш каби соҳалардаги билим ва кўникмалари оширилди. Ҳар бир соҳа вакилларига мутахассислар томонидан яна бир бор болалар оромгоҳларида ишларни тўғри ташкил этиш, ҳар бир йўналишда алоҳида эътибор қаратишни талаб этувчи масалалар, юритиладиган ҳужжатлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди. Ҳудудий семинарлар доирасида ташкил этилган кўргазмаларда болажонларни соғломлаштириш бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи таркибидаги Ишчи гуруҳлари томонидан тегишли йўналишларда ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар, тарқатма материаллар, плакатлар, оромгоҳларда фаолият юритиши режалаштирилган тўгарак ва кутубхоналар фаолияти, ўтган йилги соғломлаштириш мавсуми якунларига кўра энг намунали деб топилган оромгоҳлар фаолиятига оид стендлар намойиш этилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: