Тошкент вилояти ИИБ бошлиғининг ҳисоботи тингланди

Viloyat yangiliklari

Тошкент вилоят Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги XXVI сессиясида Тошкент вилоят ИИБ бошлиғи С.А.Нишанбаев “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида секторлар ишларини янада самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ҳисобот берди.
Қайд этилишича, “Жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 8 минг 810 маротаба маҳаллаларда, 1 минг 700 маротаба корхона ва ташкилотларда, 4 мингдан зиёд таълим муассасаларида учрашувлар ўтказилиб, ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган шахслар билан 23 минг 400 маротаба тушунтириш ишлари олиб борилди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида 360 маротаба оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди.
Вилоятда ўтказилган 70 та сиёсий, 336 та маданий, 99 та спорт ва бошқа 200 та тадбирларда иштирок этган 805 мингдан зиёд фуқароларнинг хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида 2 минг 902 нафар ходимлар жалб этилди.
Фуқаролар томонидан содир этилган 308 минг 490 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, тегишли таъсир чоралари кўрилди.
Узоқ муддатга хорижга чиқиб кетган шахслардан қайтиб келганларнинг барчаси билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Вилоят бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, ташкилот, корхона ва муассасалар билан хамкорликда олиб борилган самарали ишлар натижасида 107 минг 49 нафар шахслар ишга жойлаштирилди.
Маҳалла посбонлари томонидан 4 минг 602 та турли ҳуқуқбузарликлар аниқланди, уларнинг берган хабарларига асосан 176 та жиноят фош этилди.
249 та жиноий гуруҳлар таркибида иштирок этган 628 нафар шахсларнинг содир этган 387 та жиноятлари фош этилди.
Шу билан бирга, вилоятда айрим тоифадаги жиноятларни олдини олиш борасида профилактик ишларимизни кучайтиришимиз лозим. Жумладан, ўғирлик, фирибгарлик, автотранспорт воситасини олиб қочиш, йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятлар ошган.
Таҳлиллар натижасида шу нарага аниқлик киритилдики, аёллар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг асосий қисми оиладаги низолар туфайли содир этилмоқда. Хусусан, аёллар томонидан содир этилган қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятлари турмуш ва бирга ҳаёт кечириш масалаларидан, яқин қариндошлари ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида юзага келиб чиққан.
Бу борада жамоатчиликнинг ролини ошириш, маҳалла раислари, посбонлар, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар Иттифоқи вакиллари, Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар томонидан ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда, хусусан, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, диний экстремизмнинг олдини олишда фуқаролар фаоллигини ошириш зарур.
“Оила-маҳалла-мактаб” концепцияси асосида ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасига асосан таълим муассасаси томонидан ҳулқи ўзгарган вояга етмаганлар ҳақида ички ишлар органига ўз вақтида хабар берилмаганлиги натижасида, улар билан профилактик ишлар ўз вақтида олиб борилмасдан қолмоқда.
Тошкент вилояти ҳудудида ҳар бир содир этилган қотиллик, босқинчилик, ўғрилик, фирибгарлик, тан жарохатлари билан боғлиқ, айниқса оила-турмуш доирасида, вояга етмаган, аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг сабаблари шаҳар-туман хокимликлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоатчилик вакиллари, ҳудудий профилактика инспекторлари ва терговчилар иштирокида чуқур таҳлил ва таъсирчан муҳокама қилиниб, уларни содир этилишига имкон яратган шарт-шароитларни бартараф этиш борасида манзилли тадбирлар белгиланмоқда.
Ушбу муҳокамаларда жамоанинг қайси ходими, таълим муассасасининг қайси ўқувчи ёки талабаси, маҳаллада истиқомат қилувчи қайси фуқаро қандай ҳуқукбузарлик ёки жиноят содир этди, бунинг учун ким айбдор ёҳуд қандай омил сабаб бўлди — бу саволларнинг барчасига тадбир давомида жавоб топилмоқда ва бу борада юклатилган вазифаларига виждонан ёндашмаган масъулларга нисбатан қаътий таъсир чоралари кўрилмоқда.
Фуқароларда “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш мақсадида, жамоатчиликка аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.

Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email