Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллигини ва Ватан ҳимоячилари куни байрамини нишонлашда Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ҳам ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Жумладан касаба уюшма ташкилотлари томонидан жойларда “Ўзбекистон – мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз – фахру ғуруримиз!” шиори остида туркум тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар меҳнаткашлар ва ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, Ватан ҳимоясини таъминлашдек муқаддас бурч, мамлакатимиздаги тинч ва осуда ҳаёт қадрининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишда касаба уюшмалари фаоллигини оширишга қаратилган.
Жумладан, Қибрай туманида жорий йил 12 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ватанимиз тинчлиги, сарҳадлари дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбийлар оила аъзолари моддий-маънавий қўллаб-қувватланди.
“Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда миллий армиямизнинг мудофаа қудрати ва жанговар салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимизнинг тинч ҳаётини кўз қорачиғидек асрашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Тадбир меҳмонлари – нуронийлар, ота-оналар, маҳалла фаоллари миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг ҳамиша ҳушёр ва сергак экани, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ўғлонларни халқимиз доимо фахр билан эслашини қайд этди.
Тадбир сўнгида ҳарбийлар оила аъзолари бундай эътибордан миннатдорлигини, хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига ўз ташаккурларини билдирдилар.
Акция доирасидаги бундай тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда. Тадбирда санъаткорларнинг Ватан, тинчлик, жасорат ва онани улуғловчи куй-қўшиқлари янгради.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: