Мамлакатимизда 2016 йилнинг «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилингани муносабати билан қабул қилинган давлат дастурида белгиланган вазифа ва йўналишларни амалга оширишда касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Буни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Аввало, жойларда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, бола тарбиясида уларнинг ролини ошириш, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга йўналтирилган қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда халқаро конвенцияларга амал қилинишига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлигини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш ҳам касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан олиб борилаётган йўналишнинг энг муҳим бўғинларидан биридир. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Масалан, жорий йилда 133 нафар аёл касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштирилди. Ёш оилаларнинг 19 нафар аъзоларига «Умид гулшани» санаторийсига йўлланмалар ажратилди.
Кенгаш дастуридан олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса, аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитлар яратиш алоҳида ўрин олган. Шулар эътиборга олинган ҳолда, жорий йилда чекка қишлоқларда яшовчи кам таъминланган оилаларнинг 322 нафар аёлларига уй-рўзғор ишларини юритишда зарур бўладиган электр-маиший техника ва бошқа товарлар бепул берилди.
Соғлом авлодни шакллантиришда катта аҳамиятга эга бўлган хотин-қизларнинг турли касалликка чалинишининг олдини олиш юзасидан ҳам комплекс профилактика чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Шу йилнинг ўзида қуйи касаба уюшмалари ташкилотлари ташаббуси билан корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 217 минг 919 нафар хотин-қизнинг чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани бунга мисол. Уларнинг салкам 57 минг нафарини касб-ҳунар коллежи битирувчилари ташкил этади. Кўрик натижалари бўйича кўмак ва муолажага муҳтож ишчи-хизматчиларга зарур тиббий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан «Соғлом она ва бола йили» давлат Дастури асосида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Ш.Собиров. – Хусусан, хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш, корхона ва ташкилотларда улар учун зарур шароитлар яратиш, янги иш ўринлари барпо этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, оилада соғлом маънавий муҳитни яратиш, ёшларни миллий анъаналаримизга эҳтиром руҳида тарбиялаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, спортга кенг жалб қилиш сингари муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айтишим керакки, бу борада давлат ва нодавлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва ёшлар бирлашмалари, фахрийлар ташкилотлари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилганлиги, айниқса, ўзининг катта самараларини бермоқда.
Йўлга қўйилган ҳамкорлик касаба уюшмаларига келиб тушаётган мурожаатларни ечимини топишда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Жумладан, ўтган даврда ишловчи аёллардан келиб тушган жами 144 мурожаатларнинг барчаси ўз вақтида кўриб чиқилди ва уларнинг асосий қисми тегишли идора ва ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилди. Ҳозирда касаба уюшмалари кенгашлари ва унинг ҳудудий бўлимлари қошида фаолият кўрсатиб келаётган «Ишонч телефон»лари орқали ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатиб келинаётганлиги хотин-қизларга катта қулайлик яратди.
Бундан ташқари, Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш доирасида, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали корхоналардаги 71 та ёш оилага зарур товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. 5404 нафар ёш оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Республикамиз Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Кенгаш томонидан вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида коллеж битирувчилари учун қўшимча 25 тадан янги иш ўринлари яратиш ташаббуси кўплаб ёшларни доимий иш билан таъминлаш имконини берди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳоли учун 450 иш ўрни яратилди.
Ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, ҳудудларда янги спорт объектларини қуриш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлаш йўналишидаги ишларга ҳам муносиб ҳисса қўшилмоқда.
Болаларни ёзги мавсумда дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари бирлашма Кенгашининг энг катта вазифаларидан бири саналади. Шу мақсадда жорий йил ёз мавсуми давомида бирлашма Кенгаши тасарруфидаги 20 та болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 16 минг 20 нафар, вилоят умумтаълим мактабларида ташкил этилган 130 та кундузги оромгоҳларда эса 17 минг 600 нафар бола имтиёзли асосда дам олдирилди. 775 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1874 нафар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул соғломлаштирилди.
«Соғлом она ва бола йили» муносабати билан турли йўналишда ташкил этилаётган тадбирлар ва спорт мусобақалари эътиборга молик. Хусусан, бу йил «Соғлом оила» шиори остида ташкил этилган оилавий спорт мусобақасида вилоятнинг барча корхона, ташкилот ва муассасаларида ишловчи мингдан ортиқ оила қамраб олинди. Ушбу мусобақаларнинг ғолиб ва иштирокчилари бирлашма Кенгаши томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида корхона, ташкилот ва муассасаларда, санаторийларда мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар, маданий кечалар, давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этилмоқда. Масалан, «Соғлом она – соғлом бола» шиори остида «Соғлом она ва бола – бахтли оила асоси, бахтли оила – фаровон жамият асоси», «Аёли қадрланган диёр», «Аёл борки олам мунаввар», «Аёл оила қўрғони ва чароғбони» каби мавзуларда тадбирлар ўтказилиб, уларда аҳолининг 15 мингдан ортиқ вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Бундай кенг миқёсда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг муваффақиятли амалга оширилиши келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом вояга етишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: