Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган турли маънавий-маърифий тадбирлар Тошкент вилоятида ҳам юксак савияда ташкил этилмоқда.
Жорий йилнгинг 24 август куни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан Қибрай туманидаги “Дўрмон” маданият саройида ўтказилган тадбирда меҳнат фахрийлари, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган касаба уюшмалари ташкилотлари аъзолари, фаол ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Нарбаева иштирок этиб, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар барқарор иқтисодий тараққиётга эришиш ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
– Байрамолди тадбирларида халқимизнинг дунёқараши, ҳаётга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгариб, ижтимоий фаоллиги ва ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси юксалгани намоён бўлмоқда, – дейди Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Ш.Собиров. – “Ватан остонадан бошланади”,“Мамлакат эртаси ва барқарор тараққиётига ҳар биримиз масъулмиз” мавзуларидаги давра суҳбатларида иштирокчиларнинг фаоллиги тадбирнинг янада қизиқарли бўлишини таъминлади.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга!” хайрли акцияси доирасида Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, мустақиллигини ҳимоя қилишда қаҳрамонларча ўз жонларини фидо қилган 28 нафар Ватан ўғлонларининг оила аъзоларига эътибор қаратилиб, уларга пул мукофотлари берилди.
– Шарафли бурчни болаларимиз қон-қонига сингдириш ҳар бир онанинг вазифаси. Келажакда ўғилларим Бобур ҳамда Умиджон ҳам отаси каби ҳарбий бўлишни ният қилган, – дейди марҳум аскар Баҳром Умаровнинг турмуш ўртоғи Саодат Умарова. – Давлатимиз томонидан доимо меҳр-эътибордамиз. Бунинг учун ҳукуматимизга каттадан катта раҳмат.
“Касаба уюшмалари – ёшларга!” акцияси доирасида Тошкент вилоятининг иқтидорли, ўзининг билим савияси, намунали хулқи билан тенгдошларига ўрнак бўла оладиган, фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаб келаётган касб-ҳунар коллежлари ҳамда Тошкент давлат аграр университети ўқувчи-талаба қизларнинг 24 нафарига касаба уюшмалари стипендияси сертификати топширилди. Иқтидорли ва жамоат ишларида кўплаб ютуқларга эришиб келаётган Зангиота ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Мафтуна Муродова ҳам тенгдошлари қатори тантанали равишда рағбатлантирилди.
– Истиқлол йилларида мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз томонидан биз ёшларга яратиб берилаётган бундай имкониятлардан биз ёшлар мамнунмиз, – дейди Мафтуна Муродова.
Шунингдек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси ҳамда “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга!” акцияси доирасида вилоятнинг чекка ва бориш қийин бўлган қишлоқ туманларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг 322 нафар аёлига замонавий маиший техника жиҳозлари ҳамда 8 нафар аёлга касаба уюшмалари тизимидаги санаторияларда саломатлигини тиклаш учун бепул йўлланма берилди.
– Мустақиллик йилларида кексалар, ижтимоий ҳимоятлаб оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг меҳнатини енгиллаштириш ҳамда уларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш масалаларига ҳукумат миқёсида алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан хурсандмиз, – дейди Юқоричирчиқ туманининг Суранкент қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Гулойим Ибрагимова.
Тадбирда санъаткорлар ижросидаги Ватан, тинчлик ва дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: