Даромадга ҳам, саломатликка ҳам кони фойда

Kengash yangiliklari

IMG_2210 - копия

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонликни ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини оширишга катта эътибор берилиб, бу борада кенг имкониятлар, шароитлар яратилмоқда. Бу эзгу ишлар самараси туманимиз аҳли ҳаётида ҳам ўзининг яққол аксини топмоқда. Жумладан, «Қорасув» қишлоқ фуқаролар йиғини «Қорасув» маҳалласида яшовчи Абдусаттор Хидиров оиласи ҳам ўз тадбиркорлиги билан маҳалладошлари орасида катта ҳурмат ва эътиборга, самарали меҳнати эвазига эса баракали даромадга эга бўлмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу ибратли оила соҳиби ҳовлининг 1,8 сотих майдонида тансиқ неъмат етиштириб келмоқда. Тадбиркор деҳқон мана икки йилдирки, бу ерда мўътадил иқлимда ўсувчи шампиньонлар оиласига мансуб «Вешенка» навли қўзиқорин парваришлаш бўйича катта тажриба тўплаб, мўл ҳосил олмоқда.

Бу навли қўзиқорин бир ойда тайёр маҳсулот сифатида етишиб, истеъмолга яроқли ҳисобланади. Ундан қовурилган қўзиқорин, қўзиқорин шўрва, маринатлар, тузламалар ва турли салатлар ҳамда бошқа истеъмол маҳсулотлари тайёрланади.

– Энг муҳими, ушбу ўсимлик даромадга ҳам, саломатликка ҳам кони фойдалилиги билан ажралиб туради. Бу неъмат инсон организми учун, унинг саломатлиги борасида жуда ҳам фойдали, — дейди Абдусаттор ака ўз меҳнатидан мамнун бўлиб.

Дарҳақиқат, инсон қўллари мўъжизакордир. Фақат хоҳиш бўлса бас, меҳнаткаш қўллар ана шу мўъжизаларни яратади.

— Ҳозирги кунда Абдусаттор Хидиров нафақада бўлишига қарамасдан тиниб-тинчимайди. Оила бекаси Шаҳло опа билан 4 фарзандни тарбиялаб, ҳалол меҳнатлари эвазига олий ўқув юртларида ўқитдилар. Маҳалла раисаси Гулнора Абдураҳимова маҳалладоши фаолиятидан фахрланиб, уларнинг фарзандлари ҳам, албатта, келажакда халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлаб, Ватанимиз равнақига ўзларининг ҳиссаларини қўшишади, — дейди.

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Ўртачирчиқ тумани кенгаши раиси О.Муродов

Print Friendly, PDF & Email