Жорий йилнинг 4 март куни Тошкент давлат аграр университетида “Соғлом оила” мусобақасининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг энг кучли 40 оилавий жамоаси ўзаро куч синашди. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур анъанавий мусобақа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштиришда муҳим омил бўлмоқда.
Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи Аҳмат Нурматов оиласи соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилади. Оила бекаси Гулнора Раҳимхўжаева ва қизи Фарангиз Абдуваҳобова ҳар куни тонгда югуриб, гимнастика машқларини бажаради.
– Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом бўлиб вояга етишини истайди, – дейди А.Нурматов. – Биз ҳам қизимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида уни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этганмиз. Спорт унинг соғлом улғайишига хизмат қилиши билан бирга, хулқ-атвори, руҳияти, дунёқараши ва ўқишига ижобий таъсир кўрсатаётганидан хурсандмиз.
Оилавий жамоалар югуриш, сакраш, акробатика, тўпни нишонга отиш, эстафета, арқон тортиш бўйича куч синашди. Ўғил фарзандли оилалар ўртасида Бекобод шаҳридан Садиевлар оиласи, қизли оилалар ўртасида Паркент туманидан Нурматовлар оиласи ғолиб бўлиб, мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: