“ТЕМП-2019 Тошкент” Халқаро Форуми

Yangiliklar

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган касаба уюшма ёшларининг “ТЕМП-2019” Тошкент Халқаро форуми 22-27 июнь кунлари Тошкент вилоятининг Бустонлиқ туманидаги “Чарос” меҳмонхонасида  тантанали очилди. Форумда 20 та давлатлардан  120 нафарга яқин ёшлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари ёш фаоллари билан бир қаторда Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси Кенгаши хам иштирок этди.

 “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми ўз ишида “Мамлакат ижтимоий ривожланишида касаба уюшмалари ёшларининг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилди. Халқаро конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков — Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши, уларнинг бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида, ижтимоий-иқтисодий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этаётгани, энг замонавий рақамли технологиялар асосида илмий-техникавий ривожлантириш жараёнида ўзига хос ютуқларни қўлга киритаётганларини, бунинг учун мамлакатимизда давлатимиз томонидан ёшларга барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлигини алоҳида таъкидлади. Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ёшлар интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳамда уларнинг амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, ватан тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатларга дахлдорлигини оширишга қаратилганлиги эътироф этилди. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар халқаро ташкилотлар экспертлари ва ҳорижлик иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.

Касаба уюшмалари ёшларининг “ТЕМП – 2019” Тошкент халқаро форуми ишини “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар” мавзуидаги Давра суҳбати давом эттирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ёшлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатида Ёшлар иттифоқининг мақсад ва вазифаларини мисоллар билан тушунтирган бўлса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев иқтисодиёт тармоқлари истиқболли талаблари асосида ёшларни профессионал тайёрлаш бўйича меҳнат бозорида амалга оширилаётган фаол чоралар ҳақида маълумот берди. Конференция доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси бош котиби Владимир Шербаковнинг форум иштирокчиларига йўллаган Мурожаатини ўқиб эшиттирди. Анжуманда Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Александр Шершуков ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Канае Тада сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларни ривожлантиришда пешқадам бўлаётгани, бунда касаба уюшмаларининг ўзига хос ўрни борлигини эътироф этишди.
Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси миллий котиби Чжан Маохуа Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси ёшлар сиёсати доирасида «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга оширишда касаба уюшмаларининг роли ва ўрни мавзусида маъруза қилди. Конференция давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлди.

 Касаба уюшма ёшларининг роли ҳақида Латвия, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон ва бошқа иштирокчи давлатлар вакилларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Шундан сўнг конференция иши учта секцияга бўлинган ҳолда давом этди. Ёшларни тарбиялаш, уларга таълим бериш, ёшлар ва аёллар бандлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси, Ёшлар ва касаба уюшмалари, Ёшларни иш билан таъминлаш муаммолари мавзуларидаги семинар-тренинглар қизғин руҳда ўтди. Халқаро экспертлар ва хорижлик иштирокчилар Президентимизнинг ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган тизимли ишларни юқори баҳолашди.

Print Friendly, PDF & Email