Ангренда Ёшлар куни нишонланди

Viloyat yangiliklari

«Ангреннинг 25 йиллиги» маданият ва истироҳат боғида байрамона кайфият ҳукмрон. Кун давомида шаҳарнинг турли ҳудудларида Ёшлар кунини ўзига хос тарзда нишонлаган ёшлар кечки вақтда ушбу боғга жамулжам бўлишди. Боғнинг мўъжаз саҳнаси байрамга муносиб равишда безатилган. Бир томонда ҳудуд спортчилари ўзларининг кўргазмали чиқишларини намойиш этишмоқда. Бир томонда қўли гул йигит-қизлар томонидан тайёрланган кўргазмалар…

    Саҳнада чорлов мусиқаси янгради. Шаҳар ҳокими Шукурулла Маҳмудов барча ёшларни байрам билан самимий қутлади. Ҳар соҳада фаол бўлган ёшлар шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Шаҳар маданият бўлими вакилларининг чиқишлари «Шанс» шоу балет халқ жамоаси, «Ҳаёт», «Карапузи», «Ангрен юлдузлари» болалар рақс жамоалари, «Ниҳол» болалар вокал жамоаси, «Офарин» академик қўшиқчилар жамоаси ҳамда ёш истеъдодларнинг қўшиқ ва рақсларига уланиб кетди. 42219-ҳарбий қисм аскарлари намойиш этган жангавор кўринишлар тадбирнинг том маънодаги авж нуқтаси бўлди.

    Ҳокимлик томонидан ёшларга совға қилинган байрам тортини шаҳар ҳокимининг шахсан ўзи тақсимлаб улашгани, йигит-қизлар билан биргаликда рақсга тушгани ёшларга бўлган меҳр-муҳаббатнинг, самимиятнинг асл кўринишини намоён қилди.

Print Friendly, PDF & Email