Ўсиб келаётган ёшларни баркамол, кенг дунёқарашли, ҳар томонлама ривожланган, соғлом авлод сифатида шакллантириш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Давлатимиз раҳбари – муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги 3 йилда соғлом авлодни вояга етказиш, буюк келажак қурувчилари бўлмиш ёшларни тарбиялаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Хабаринглар бор, 2012 йилда ҳукумат томонидан Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси тасдиқлангандан сўнг, оромгоҳларда болаларга кўрсатилаётган хизматлар сифати оширилиб, ҳар бир бола оромгоҳда қизиқарли ва мазмунли дам олиши, жисмонан ва интеллектуал ривожланиши учун барча шароитлар яратилишига эришилмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан оромгоҳларнинг моддий-техник базасини яхшилашга, уларни замонавий дам олиш масканларига айлантиришга катта эътибор қаратилиб, оромгоҳлар йилдан-йилга янгиланиб бормоқда. Бу йилги мавсумни ҳам ҳар йилгидек 1 июндан бошлаш режалаштирилган.
Вилоятда жорий йилда 168 та шаҳар ташқарисидаги ва кундузги оромгоҳ фаолият юритиб, уларда 34 минг 810 нафар болалар соғломлаштирилади.
Мазкур оромгоҳларга 650 нафар ўқувчилар жалб этилади. Шундан 19 та стационар оромгоҳда 17 минг 236 нафар, 149 та соғломлаштириш майдончаларида 17 минг 600 нафар болаларни дам олдириш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва бир қатор корхона, ташкилотлар билан биргаликда 15-18 ёшли касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун амалиёт ўташ билан биргаликда 8 та “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мавсум давомида жами 270 нафар Мехрибонлик уйлари тарбияланувчиси ва имконияти чекланган болага касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 50 нафари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан, 3500 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларини жамоа шартномалари ва келишувлари орқали соғломлаштирилиши белгиланган.
Муҳтарам Президентимизнинг 5 та ташаббуслари йўналишида ёшларни санъатга жалб этишга қаратилган тўгараклар, спорт ўйинлари, (волейбол, стол тенниси, футбол) каби спорт турларига шарт шароит яратилади. оромгоҳларни замонавий телекоммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш, кутубхоналар ташкил этиш, китобхонлик саводхонлигини оширишга қаратилган маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишга алоҳида этибор қаратилади.
Болалар соғломлаштириш оромгоҳларини ёз мавсумига тайёргарлигини кўриш, мавсумни юқори савияда ва сермазмун ўтказиш юзасидан оромгоҳ ташкилотчилари ва масъул ходимлари учун жорий йилнинг 24 май куни Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси Кенгаши тасарруфидаги “Ниҳол”болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳудудий семинар ўтказилди. Ушбу семинарда Тошкент вилоятидаги оромгоҳларга масъул бўлган Ишчи гуруҳ вакиллари Соғлиқни сақлаш, Ишчи ишлар, Халқ таълими, Маданият, Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларининг масъул вакиллари ва ёз мавсуми даврида оромгоҳларда фаолият юритадиган 19 нафар шаҳар ташқарисидаги оромгоҳ рахбарлари, 1800 нафар педагоглар, 350 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлар, 200 нафарга яқин ички ишлар ходимлари, етакчи ва тўгарак раҳбарлари, спорт йўриқчилар, ҳамда ошпазлар иштирок этди.
Ҳудудий семинарни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган дастурга мувофиқ семинарлар 2 боскичда, ялпи йиғилиш тарзида ва ҳар бир соҳа мутахассислари учун ташкил этилган секциялар бўйича ташкил этилди.
Ялпи йиғилиш давомида, ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳи, масъул идора ва ташкилотлар вакилларининг тегишли маърузалари эшитилди.
Маърузаларда ёз мавсумига барча турдаги болалар оромгоҳларини тайёрлаш, болаларнинг сифатли, мазмунли ва қизиқарли дам олишларини ташкил этиш, оромгоҳларда болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, оромгоҳларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш, жамоат тартибини сақлаш, хавфсизлик чораларини кўриш, малакали педагог кадрларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Секция машғулотлари давомида ҳар бир соҳа вакилларига мутахассислар томонидан яна бир бор оромгоҳларда ишларни тўғри ташкил этиш, ҳар бир йўналишда алоҳида эътибор қаратишни талаб этиладиган масалалар, юритиладиган хужжатлар бўйича батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шу билан бирга семинарларда кўргазмалар ташкил этилиб, уларда Ишчи гуруҳлар томонидан 2019 йилги ёз мавсумида оромгоҳларга тарқатиладиган қўлланмалар, плакатлар, тарқатма материаллар, фаолият юритиши режалаштирилган тўгараклар, кутубхоналар фаолияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан кўргазмалар намойиши ташкил этилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: