Ходим ҳуқуқи ҳимояланди

Yangiliklar

 

   Ў.Турсунбоева 20 йилдирки Оҳангарон тумани тиббиёт бирлашмасининг  шошилинч тиббий ёрдам бўлимида  катта ҳамшира бўлиб ишлаб келаётган эди. Аммо 2019 йил 9 январ куни маъмурият пенсия ёшига тўлгани туфайли у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Ў.Турсунбоеванинг Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари  Бирлашмаси Кенгашига меҳнат  муносабатларига  чек қўйилганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилганда, баъзи холатларга ойдинлик киритилди.

   Аниқланишича, тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти  томонидан 2018 йилнинг  8 ноябр куни Ў.Турсунбоевага пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини  бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш хати  тақдим қилинган.  Шундан сўнг  меҳнат қонунчилигига  зид равишда  тиббиёт бирлашмасининг  2018 йил 1 декабрдаги буйруғи билан Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини  бир марта  қўпол равишда  бузгани рўкач қилиниб, у билан меҳнат шартномаси  бекор қилинган.

   Ўз навбатида  Ў.Турсунбоева  меҳнат шартномасини  бекор қилиш тўғрисида  буйруқ ноқонуний  тарзда чиқарилганидан норози бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига мурожаат қилган. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари  Республика Кенгашининг 2018 йил 17 декабрдаги “Меҳнат қонунчилигида йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш тўғрисида” киритган тақдимномасига кўра, 25 декабрда катта ҳамшира ўз иш жойига қайта тикланган. Меҳнат  Кодексининг 102-моддасида иш берувчи ходимни пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини  бекор қилиш  нияти ҳақида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириш шартлиги кўрсатиб  ўтилган бўлса-да, Оҳангарон тумани тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 9 январдаги буйруғига асосан огоҳлантириш муддатига амал қилмасдан меҳнат шартномаси яна бекор қилинган.

   Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси Кенгаши юридик бўлими томонидан ушбу буйруқ қонунни нотўғри қўллаш оқибатида чиқарилгани сабабли Ў.Турсунбоеванинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида  Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Оҳангарон туманлараро судида иштирок этилиб, судга хулоса тақдим этилди.

   Суднинг ҳал қилув қарори  ва тиббиёт бирлашмасининг буйруғига асосан Ў.Турсунбоева ўз лавозимига тикланиб, унинг фойдасига мажбурий бекор юрган вақти учун иш ҳақи ҳамда  маънавий зарар ундирилди.

Print Friendly, PDF & Email